Жамият | 16:00 / 06.02.2020
15184
7 дақиқада ўқилади

Ҳазораспдаги савдо комплекси қачон ишга туширилади? Тадбиркорлар буни 7 йилдан бери кутмоқда

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманидаги янги савдо комплекси қурилиши 2013 йилда бошланганди. Минглаб тадбиркорлар жуда катта маблағ эвазига дўкон сотиб олишди. Аммо бозор ҳануз ишга туширилмаган.

Фото: KUN.UZ

Ҳазорасп нафақат Хоразмда, балки бутун Ўзбекистонда донғи кетган шаҳарча ҳисобланади. Бу ерда республикадаги энг катта улгуржи ва чакана буюм бозорларидан бири жойлашган. Ҳар куни минглаб одамлар шу ерга мамлакатнинг турли бурчакларидан келиб савдо қилишади. Бу бозор 1992 йилдан шакллана бошлаган. Вақт ўтгач анча эскириб, замон талабларига жавоб бермай қўйгани туфайли 2013 йилда янги замонавий савдо комплексининг қурилиши бошланган. Минглаб тадбиркорлар 40-50 млн. сўм эвазига бозор ҳудудидан дўкон сотиб олишган. Бу ўша вақтнинг ҳисобида 15-18 минг АҚШ долларига тўғри келган.

Тадбиркорлар янги бозорнинг пудратчиси «Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси» дирекцияси билан шартнома имзолаб, унда кўрсатилган маблағни ўтказиб беришган. Режага кўра, 8,6 гектар ҳудудда барча шароитларга эга замонавий савдо комплекси қад ростлаши, мингдан ортиқ дўконлар қурилиши, улар тайёр ҳолга келтирилиб, калити эгаларига топширилиши лозим эди. Бироқ, орадан 7 йил ўтган бўлишига қарамай, режадаги ишлар якунига етказилмади, шартнома шартлари бажарилмади ва янги савдо комплекси ишга туширилмади.

Айни пайтда қурилиши чала қолган бозорнинг аҳволи ачинарли бўлиб турибди. Жуда катта маблағ эвазига қад ростлаган дўконларнинг деворлари нураб, сувоғи тўкилиб бормоқда. Томнинг қопламаси бузилиб, яроқсиз ҳолатга келяпти. Баъзи дўконлар қаровсиз тургани сабабли чиқиндихонага айланган.

Ҳазораспнинг эски буюм бозорида аҳвол бундан ҳам ачинарли экани, савдо–сотиқ қилиш шароитлари деярли йўқлигини кўриш мумкин. Бу ҳудуд ёғингарчилик оқибатида ботқоққа айланяпти, иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шароитида чанг-тўзон билан қопланяпти. Бозорнинг санитария ҳолатини гапирмаса ҳам бўлади. Тадбиркорлар жуда қийин вазиятда қийналиб қолишаётгани, ҳар хил касалликларга чалинаётганидан шикоят қилишмоқда. Мана шундай муаммоларни бартараф қилиш учун ҳам янги савдо комплекси ишга туширилиши лозим эди.

Қайд этиш жоизки, 2018 йилнинг март ойида янги савдо комплексининг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилган, бу кўплаб тадбиркорларни хурсанд қилган эди. Эндиликда бу иш фақат номигагина, кўзбўямачилик учун қилингани ойдинлашди. Орадан 2 йил ўтган бўлса-да, савдо комплекси ҳали ишга туширилгани йўқ.

Эски буюм бозорини назорат қилувчи «Ҳазорасп универсал савдо комплекси» АЖ раҳбари Мадиёр Қўчқаровдан янги савдо комплекси ишга туширилишига тўсқинлик қилаётган сабаблар ҳақида сўрадик.

«Ҳазораспнинг янги савдо комплекси қурилиши расман тугалланмаган. Бу билан «Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси» дирекцияси шуғулланади. Биз бу комплексни далолатнома асосида расман қабул қилиб олмаганмиз. Унинг қачон ишга туширилишини билмаймиз. Унгача эса эски бозорни ёпа олмаймиз.

Янги савдо комплексининг қурилиш сметаси 63 миллиард сўмни ташкил қилади. Аммо фақат 43 миллиард сўм маблағ тўпланди. Сабаби иккинчи қаватда жойлашган дўконларга харидор топилмаган ва уларнинг қурилиши тугалланмай қолган. Ҳозир шу дўконларга харидор изланяпти», дейди у.

Раҳбарнинг сўзларига кўра, «танганинг иккинчи томони ҳам бор», яъни янги савдо комплексининг ишга туширилиши ўткир ижтимоий муаммоларни юзага чиқариши мумкин.

«Бу билан боғлиқ яна бир муаммо ижтимоий аҳамиятга эга. Эски бозорда кўплаб тадбиркорлар савдо қилади. Шу ерда кунини кўради, даромад олиб, оиласини боқади. Уларнинг ҳаммаси ҳам янги савдо комплексидан дўкон ололмайди. Эски бозорни ёпиб, ҳаммани янги савдо комплексига кўчирсак, бу ижтимоий муаммоларни юзага чиқариб, норозилик кайфиятини ошириши, тажангликни юзага чиқариши мумкин. Бу муаммони силлиқ ҳал қилиш учун вақтинчалик расталар ҳақидаги қарор чиқарилган. Яъни, дўкони йўқ тадбиркорларга янги савдо комплекси ҳудудида шу расталарда савдо қилишига вақтинчалик рухсат берилади», дейди Қўчқаров.

Ҳозирги кунда 1200та савдо растаси янги савдо комплекси ҳудудига келтирилган ва тадбиркорларга сотилган. Ўз навбатида бу жараён дўкони бор тадбиркорларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган. Жуда катта маблағ эвазига дўкон сотиб олган тадбиркорлар бозор ҳудудида раста қўйилишини адолатдан эмас деб ҳисоблашмоқда. Мана шу жойда муаммо ёпиқ занжир ҳалқаси кўринишига келмоқда.

Янги савдо комплекси қурилишининг пудратчиси «Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси» дирекцияси раҳбари Отабек Матяқубовдан ҳам вазият бўйича изоҳ олдик.

«Бу лавозимга яқинда тайинландим. Дирекциянинг аввалги раҳбарияти томонидан бир дўконни бир неча тадбиркорга сотиш ҳолатлари ҳам бўлган экан. Шу масалада бир неча суд жараёнлари ўтказилди. Натижада, янги савдо комплексини ишга тушириш орқага сурилди. Ҳозирги вақтда 2-қаватдаги дўконларни қуриш учун 1 миллиард сўм кредит олганмиз. Бундан ташқари, барча дўконларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш жараёнини бошладик. Ҳужжатлаштириш якунланганидан сўнг бозорни ишга туширамиз», дейди Отабек Матяқубов.

Дирекция раҳбари ҳужжатлаштириш ишлари қачон якунланиши ва бозор қачон ишга туширилиши ҳақидаги саволга аниқ жавоб бера олмади.

«Мингдан ортиқ дўконнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланиши керак. Албатта бунга оз вақт кетмайди. Балки шу йилнинг май ойи ўрталаригача якунланиши мумкин», деди у.

Ҳазорасп тумани эркин иқтисодий ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш, халқ турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида хорижий инвестиция ва технологияларни жалб этган ҳолда 50дан ортиқ турли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда хорижлик инвесторлар учун барча шароитлар яратиб берилмоқда, уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Аммо ўзимизнинг тадбиркорларчи? Қачон уларга муносиб шароитлар яратиб берилади, муаммоларига эътибор қаратилади? Қачон «олдимиздан оқаётган сувнинг қадрига» етишни ўрганамиз?

Афсуски, Ҳазораспдаги янги савдо комплекси билан боғлиқ муаммолар чуқур илдиз отиб кетган. Тадбиркорлар бозор ишга туширилишини 7 йилдан бери кутишмоқда. Бозор ишга тушишининг ортга сурилавериши эса янгидан-янги муаммоларни келтириб чиқараверади.

Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид