Жаҳон | 15:14 / 14.11.2025
2470
5 дақиқада ўқилади

Россияда хорижий компаниялар ўз брендига бўлган ҳуқуқларни йўқота бошлади

2022 йилдан кейин Россия бозорини тарк этган компаниялар бу мамлакатда ўз брендларига бўлган ҳуқуқларни оммавий равишда йўқотиш хавфига дуч келмоқда. Қонунга кўра, агар савдо белгиси уч йилдан ортиқ вақт давомида қўлланмаса, унга истаган шахс ариза бериши мумкин.

Фото: Pavel Bednyakov/SNA/Imago

Украинага қарши Россия томонидан 2022 йилда бошланган тўлиқ миқёсдаги уруш вақтида Россияни тарк этган хорижий компаниялар РФда ўз савдо белгиларига бўлган ҳуқуқларни йўқотиш хавфи билан оммавий равишда тўқнашмоқда. Уларнинг айримлари бу ҳуқуқлардан аллақачон маҳрум бўлган, деб ёзади Bloomberg агентлиги 13 ноябр куни.

Россия қонунчилигига кўра, кетма-кет уч йилдан ортиқ вақт давомида қўлланмаётган товар белгиси унга ариза берган исталган шахсга ўтказилиши мумкин. Журналистлар маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан буён шу сабабли 300 дан ортиқ хорижий компания товар белгиларига бўлган ҳуқуқларни суд орқали йўқотиш хавфига дуч келган. Шу билан бирга, бундай даъволар кўп ҳолларда рад этилади ёки қаноатлантирилмайди, дея таъкидлайди Москвадаги «Городисский и партнёры» юридик фирмаси билан ҳамкорлик қилувчи ҳуқуқшунос Владимир Бирюлин. Бу ҳолат товар белгиси эгаси уни ҳали ҳам қўллаётганини исботласа ёки даъвогар ўзининг унга қизиқишини етарлича асослаб бермаса юзага келади.

Масалан, 2025 йилда Россиядаги йирик рестораторлардан бири Антон Пинский суд орқали Американинг Starbucks қаҳвахоналар тармоғининг товар белгисини бекор қилишга уринган, бироқ унинг даъвоси рад этилган ва компанияга бренд рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтиришга рухсат берилган. 2022 йил ёзида Starbucks ўзининг Россиядаги бизнесини тахминан 500 млн рублга Пинский ва рэп ижрочиси Тимати (Тимур Юнусов)га сотган эди, улар шу асосда Stars Coffee номли шахсий қаҳвахоналар тармоғини очди.

Айрим даъвогарлар бир вақтнинг ўзида бир нечта брендга бўлган ҳуқуқларни суд орқали қўлга киритишни истамоқда. Масалан, Андрей Кожухарев 2024 йилда Stüssy, Fred Perry, Carhartt ва бошқа кийим брендлари бўйича хорижий компанияларнинг ҳуқуқларини бекор қилиш ҳақида камида 12 та даъво аризаси киритган. Уларнинг  кўпчилиги ҳали кўриб чиқилмоқда, иккитаси рад этилган. Rusprofile контрагентларни текшириш сервисидаги маълумотларга кўра, даъвогарнинг исмига эга якка тартибдаги тадбиркор Курган вилоятидаги Крепост қишлоғида рўйхатдан ўтган. Унинг микрокорхонаси, жумладан, махсус кийим ишлаб чиқариш ва интернет-савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Россия судларида ўз брендининг камида бир қисмини ҳимоя қила олган хорижий бизнеслар орасида Американинг Amazon маркетплейсининг Европа офислари, аёллар ички кийими ишлаб чиқарувчи Американинг Victoria’s Secret, телеком ускуналар ишлаб чиқарувчи Швеция ҳамда Финландиянинг Ericsson ва Nokia, шунингдек Inditex’нинг Испаниядаги бош компанияси (Bershka, Zara ва Massimo Dutti брендлари эгаси) бор. 2024 йил ўрталарига келиб, Ericsson’дан ташқари ушбу рўйхатдаги барча брендлар бўйича рўйхатдан ўтказишни бекор қилишга Ҳонгконгдаги Multigoods Production номли улгуржи компания эришган. У жами камида яна 16 та шунга ўхшаш даъво аризаси киритган.

Bloomberg маълумотларига кўра, Калининграддаги «Универсальная сигаретная мануфактура» (UCM) эса апрел ойида Британиянинг Imperial Brands компаниясининг Gitanes брендига бўлган ҳуқуқини суд орқали бекор қилдирган. Бироқ июл ойида Россия компанияси вакиллари қандайдир сабабга кўра товар белгисини ўз номига қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризани қайтариб олган.

Шу фонда 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойи мобайнида Роспатент товар белгиларининг амал қилиш муддатини узайтиришга доир аризалар сони ошиб бораётганини қайд этди. 2024 йилда 15,5 мингдан ортиқ ариза топширилган — бу сўнгги беш йилдагидан кўпроқ. Бундан ташқари, уларнинг аксарияти маъқулланган.

Хусусан, Италиянинг Giorgio Armani мода бренди ўз товар белгилар портфелини ҳимоя қилаётганини маълум қилди. Франциянинг Michelin шиналар ишлаб чиқарувчиси ҳам ўз товар белгиси репутациясидан «фойдаланишга уринишлар» ҳақида хабар берди. Шу боис компания вакиллари бренд билан боғлиқ даъволарни «яқиндан кузатишини», бироқ Россияга қайтишни режалаштирмаётганини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид