Ўзбекистон | 12:24 / 19.11.2025
2021
3 дақиқада ўқилади

Бозорларда тижорий сёмка пулли бўлгани оддий визиторларга тааллуқли эмас — ҳокимлик

Тошкент шаҳридаги бозорларда тижорий сёмка учун жорий этилган 5 млн сўмлик тўлов – оддий ташриф буюрувчиларга тааллуқли эмас, деб баёнот берди пойтахт ҳокимлиги. Бу тўлов контентдан даромад оладиган профессионаллар учун жорий этилган. Расмийларнинг изоҳлашича, “бу – кенг тарқалган халқаро амалиёт”.

Фото: Kun.uz

Бу янгилик ОАВда тарқалгач, ҳокимлик “ижтимоий тармоқларда нотўғри талқинлар пайдо бўлгани”ни айтиб баёнот берди.

“Баъзи кузатувчилар буни "оддий харидорлар учун жарима" ёки "ҳокимлик учун қўшимча даромад" деб нотўғри тушундилар. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди”, – дейилади расмий муносабатда.

Маълум қилинишича, янги қоидалар оддий ташриф буюрувчиларга тааллуқли эмас:

  • Харидларингизни телефонга суратга олиш, оила билан расмга тушиш, шахсий блог ёки сторислар юритиш – бепул ва рухсат этилган.
  • Сайёҳлар, мактаб ўқувчилари, талабалар, расмий ОАВ журналистларига ҳеч қандай чекловлар қўлланилмайди.
  • Қоидалар фақат тижорат мақсадидаги суратга олишга, яъни пул ишлаб, даромад олиш учун мўлжалланган видеотасвирларни олишга тааллуқли.

Расмий баёнотга кўра, 5 млн сўмлик тўлов “фақат контентдан даромад оладиган профессионаллар”га тааллуқли, яъни қуйидагиларга:

  • мунтазам равишда реклама, интеграция ва кўришлардан пул топадиган йирик блогерлар ва инфлюенсерлар;
  • клиплар, реклама роликлари, ҳужжатли лойиҳалар, сериаллар ёки филмлар суратга оладиган тижорат студиялари ва медиа ишлаб чиқариш гуруҳлари;
  • ўз товарлари ва хизматларини тарғиб қилиш учун бозор ҳудудидан фойдаланадиган компаниялар.

“Бу – кенг тарқалган халқаро амалиёт. Дунёнинг барча йирик шаҳарларида – Истанбулдан тортиб Парижгача – тижорат мақсадидаги суратга олиш учун пул тўланади”, – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборотида.

Ҳокимликка кўра, тижорий суратга олиш – бозор ҳудудини банд қилади; одамларнинг ҳаракатланишига халақит беради; сотувчи ва харидорларга ноқулайлик туғдиради; қўшимча назорат, кузатув ва хавфсизликни таъминлашни талаб қилади.

“Профессионал жамоалар штативлар, чироқлар, ускуналар, массовка ва актёрлар билан келганда– бу маиший тасвирга олиш эмас, балки ишлаб чиқариш жараёнидир”, – дейилади баёнотда.

Ҳокимликнинг ваъда қилишича, тижорат мақсадидаги суратга олиш учун тўловлар расмий, шаффоф тарзда йиғилади ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.

Маблағлар – ободонлаштириш, санитария ва хавфсизликни таъминлаш, пиёдалар йўлаклари ва ўтиш жойларини яхшилаш, кузатув ва ёритиш тизимларига хизмат кўрсатишга сарфланади.

Ҳокимлик юқоридаги қарор билан бозорлардаги автотураргоҳ нархлари оширилаётганига изоҳ бермаган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид