Ўзбекистон | 17:48 / 30.03.2026
5114
2 дақиқада ўқилади

“Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказилади

Акция доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

“Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига кўра, 2026 йил 1 майдан ҳар ойнинг 10- ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун”, “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказилади.

Бунда:

- мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;

- ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.

2026 йил 1 августдан “trade-in” дастури доирасида эскирган автотранспортларни топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт воситаларини харид қилиш учун автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади.

2026 йил якунига қадар “Экологик транспорт” тизими доирасида Тошкент шаҳрининг ҳудуди “қизил”, “сариқ” ва “яшил” зоналарига ажратиб чиқилиши таъминланади.

2026 йил 1 апрелдан чанг бўронларининг олдини олиш учун Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида “яшил девор”лар барпо этиш бошланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид