Ўзбекистон | 09:00 / 12.04.2022
8766
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда 5 босқичли оммавий спорт мусобақалари ўтказилади

Фото: Kun.uz

“Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Оилавий спорт рағбатлантирилади, оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади.

2022 йилдан ҳар йили 30 июнь – Ўзбекистон ёшлари куни ҳамда декабрда ўтказиладиган “Ёшлар форуми” доирасида футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича 5 босқичли оммавий спорт мусобақалари ўтказилади.

Бунда, 1-босқичда – кўчалараро маҳалла мусобақалари, 2-босқичда – маҳаллалараро сектор мусобақалари, 3-босқичда – сектор мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари, 4-босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиб маҳалла жамоалари ўртасида вилоят мусобақалари, 5-босқичда – вилоят мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида республика (финал) мусобақалари бўлиб ўтади.

Ушбу мусобақалар 5 босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилади. 

2023 йил 1 мартдан олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича 3 босқичли умумреспублика спорт мусобақалари ўтказилади.

Юқоридаги мусобақалар ғолибларини тайёрлаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмайди ва уларга қуйидаги малака тоифалари тўғридан тўғри берилади:

  • туман (шаҳар) босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – иккинчи малака тоифаси; 
  • вилоят босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – биринчи малака тоифаси;
  • республика (финал) босқичида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – олий малака тоифаси.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид