Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар учун рағбатлар эълон қилинди
Ҳар йили туман (шаҳар)даги энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар эълон қилинади ва улар “Ташаббусли бюджет”да танаффуссиз иштирок этиши, лойиҳанинг 25 фоизини ўзи молиялаштириб, қолган 75 фоиз маблағни давлатдан олиши мумкин бўлади. Республика бўйича энг юқори рейтинг тўплаган 100 та маҳаллага эса ҳар йили 2 млрд сўмдан ажратилади ва бу маблағ фақат маҳалла инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланади.
Фото: Kun.uz
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” номинацияси жорий этилади. Бу – 28 ноябрда қабул қилинган президент қарорида белгиланган.
“Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” номинацияси ғолибларини аниқлаш бўйича мезонлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони;
- ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари томонидан тўланган солиқлар миқдори;
- ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилар сони;
- ҳар 1 000 нафар аҳолига тўғри келадиган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони ва улар томонидан тўланган солиқлар миқдори;
- маҳалла фуқаролари томонидан мол-мулк ва ер солиқларининг тўланганлик даражаси.
Ғолиблар учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари жорий этилади:
- “Ташаббусли бюджет” доирасида кетма-кет икки марта ғолиб деб топилган маҳаллалар учун навбатдаги иккита мавсум доирасида лойиҳа киритиш имкониятини чеклаш қоидаси қўлланмайди;
- лойиҳаларни шериклик асосида молиялаштиришда ушбу маҳаллалар аҳолиси томонидан лойиҳа қийматининг 25 фоизи молиялаштирилган тақдирда, лойиҳа ғолиб деб топилади ҳамда қолган 75 фоизи давлат бюджетидан молиялаштирилади;
- белгиланган мезонлар асосида ҳар йили биринчи 100 таликка кирган энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларнинг ҳар бирига давлат бюджетидан 2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.
2 млрд сўмлик маблағ 100 таликка маҳаллаларнинг ҳар биридаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига туширилади. Бу маблағлар фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида, фақат шу маҳалла ҳудуди инфратузилмасини (ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва электр таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини ўрнатиш ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини) яхшилаш учун йўналтирилади.
Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларни аниқлаш мезонлари ва тартиби 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши лозим.
Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар рўйхати ҳар йили 1 февралгача тузилиб, 10 февралгача эълон қилинади.
Қарорга асосан, шунингдек, 2026 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулкларни ижарага беришдан олинган даромад бўйича тўланган солиқ тўлиқ миқдорда мулк жойлашган туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига йўналтирилади.
Мавзуга оид
23:46 / 29.11.2025
Солиқларни ўз вақтида тўлашга ундовчи материаллар ОАВда бепул жойлаштирилади
23:23 / 29.11.2025
Вазирликлар ходимларининг солиқ қарзи ҳақида маълумот бериб борилади
23:06 / 29.11.2025
Мобил операторлар нархларни оширмоқда. Солиқ имтиёзи камлик қилдими?
22:53 / 29.11.2025