Ўзбекистон | 19:24 / 25.12.2020
15712
3 дақиқада ўқилади

IELTS ва бошқа халқаро баҳолаш дастурларида юқори балл тўплаганларга имтиҳон харажатлари қоплаб берилади

ELTS, TOEFL, GMAT ва SAT имтиҳонларида максимал баллнинг камида 75 фоизини тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Бу ҳақда Тошкентдаги ёшлар форумида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

«Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Сизлар мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар. Юксак мақсадлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак. Мен сизларнинг зиммангизга юкланган ана шундай улкан масъулиятни, том маънодаги тарихий вазифани шараф билан адо этишингизга қатъий ишонаман», деган президент.

Давлат раҳбари ёшлар замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши зарурлиги, бунинг учун барча куч ва имкониятлар ишга солинишини айтиб ўтди.

«Шу мақсадда таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Соҳада мутлақо янги тизим – Президент ва ижод мактаблари, математика, химия, биология фанлари бўйича махсус мактабларни ташкил этяпмиз. Ёшларимизга IT технологияларни чуқур ўргатадиган таълим масканларининг сони тобора кўпайиб бормоқда.

Бу ишларимизнинг илк меваларини кўра бошладик. Сўнгги уч йилда мамлакатимиз ёшлари нуфузли халқаро танлов ва мусобақаларда беш ярим мингтага яқин совринли ўринларни қўлга киритди.

Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Фирдавс Абдуқаюмов IELTS дастури бўйича юқори балл тўплаб, АҚШнинг Жон Карролл университетида таҳсил олиш учун 96 минг долларлик грант соҳибига айланди. Фирдавс ўғлимни, унинг ота-онаси ва ўқитувчиларини чин дилдан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар тилайман», деган президент.

Шу сабабли ёшларнинг нуфузли хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилиши, жумладан, халқаро таълим дастурлари бўйича энг юқори балларни тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид