Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп телефон орқали мулоқот қилди
Президент америкалик ҳамкасбини Ўзбекистонга таклиф қилди. Трамп келаси йил АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий жамоасига омад тилади.
5 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбатда Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, АҚШ президенти сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юксак баҳолади ва қўллаб-қувватлади.
Мирзиёев ўз навбатида, Доналд Трампни АҚШ маъмурияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатнинг улкан натижалари билан самимий табриклади. Америка томонининг халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.
Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Устувор тармоқларда бизнес кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва савдо битимлари ҳажмини тубдан ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Шу ойда АҚШ етакчи компания ва ташкилотлари билан узоқ муддатли ва барқарор шериклик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиши таъкидланди.
Келгуси йили АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор иштирок этиши мамнуният билан қайд этилди. АҚШ етакчиси футбол терма жамоамизга чин дилдан омад тилади.
Телефон мулоқоти чоғида давлат раҳбарлари долзарб халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг “C5+1” шаклидаги минтақавий ҳамкорлигини чуқурлаштириш формати юзасидан ҳам фикр алмашди.
Давлат раҳбари Доналд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
Амалий ҳамкорлик бўйича лойиҳа ва дастурларни илгари суриш мақсадида олий даражадаги мулоқотларни давом эттиришга келишилди.
Таъкидланишича, Мирзиёев ва Трампнинг телефон орқали мулоқоти очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.