Жамият | 19:24 / 12.12.2022
17722
4 дақиқада ўқилади

ФарДУда Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов ижодига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади

Бугун Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, атоқли шоир - Ибройим Юсупов ижодига бағишланган "Кўнгилдаги кенг дунё" номли байрам тадбири ҳамда "Филологиянинг долзарб муаммолари" мавзусидаги илмий-амалий халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Фото: Фарғона давлат университети ахборот хизмати

Қардош элнинг ташрифи Фарғона давлат университетида катта байрамга айланиб кетди.

Икки қардош халқ шоири ижодига бағишланган кўргазмалар, қорақалпоқ халқининг улуғвор миллий маданияти ва турмуш тарзи акс этган кўринишлар, қорақалпоқ ўтови намойиши иштирокчилар қалбига ўзгача руҳ олиб кирди.

Тадбир доирасида икки элнинг ардоқли шоири қолдирган бой маънавий мерос, ватанпарварлик ғоялари мавж урган ижоди, ибратли ҳаёт йўлига бағишланган "Ибройим Юсупов" хонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирлар доирасида қардош меҳмонлар, халқаро вакиллар, ФарДУ раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, адабиётшунос олимлар, ижод аҳли, илмий изланувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирокида "Филологиянинг долзарб муаммолари ва инновацион ечимлар" номли халқаро илмий-амалий анжуманнинг расмий қисми ҳам ўтказилди.

Халқаро анжуманда сўз олган Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўразбой Абдураҳмонов Фарғона давлат университети жамоаси томонидан Ибройим Юсупов хотирасига кўрсатилаётган ҳурматни қорақалпоқ элига кўрсатилган эҳтиром дея билишини алоҳида эътироф этди. "Бу соҳада олийгоҳ ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадовдан ўрнак олмоқдамиз", - деди у.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи адиб Нурали Қобил ҳам юксак даражада ташкил этилган анжуман ва адабий кечада иштирок этаётганидан бахтиёр эканлигини билдирди.

Тадбир меҳмонлари - Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика университети раҳбарияти томонидан дўстлик ва ҳурмат рамзи сифатида университет ректорига миннатдорчилик туҳфаси - қорақалпоқ миллий либоси тақдим этилди.

Ушбу адабий-бадиий кечада Ибройим Юсупов асарлари асосида яратилган спектакль намойиш этилди. Адиб ижодига оид мушоира, ўзбек ва қорақалпоқ тилларида жаранглаган қўшиқ ва шеърлар, ижро этилган рақслар кечага файз бағишлади.

Тадбирлар дастури қизғин давом этар экан, куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар ФарДУ ҳаёти билан танишув доирасида “Заковат” интеллектуал клуби томон йўл олдилар. Қизиқарли тарзда кечаётган талабалар мунозаралари меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди ва бевосита ўйинда иштирок этишга бел боғладилар.

Анжуман иштирокчиларининг кейинги манзили - талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкиллашлари учун ташкил этилган “Book cafe” биноси бўлди. Бу ерда меҳмонлар икки қардош халқнинг миллий мусиқалари садоси остида байрам дастурхонига таклиф этилди.

Тадбир арафасида ФарДУ томонидан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов маънавий ва адабий меросини абадийлаштириш, унинг ижодини талаба-ёшларга чуқур ўргатиш мақсадида эълон қилинган “Эл фарзанди” мавзусидаги шеърлар танловида:

1-ўрин/ 1 500 000 сўм - Наргиза Баннопова - ФарДУ магистранти;

2-ўрин/ 1 000 000 сўм - Минара Шерипбаева - Нукус давлат педагогика институти талабаси;

3-ўрин/ 500 000 сўм - Бахтиёр Халимов – ФарДУ талабаси.

Расмлар танловида:

1- ўрин/ 3 000 000 сўм – Дилёра Абдураупова - ФарДУ талабаси;

2- ўрин/ 2 500 000 сўм – Заринабону Қурбонова – ФарДУ талабаси;

3- ўрин/ 2 000 000 сўм – Муҳаммадражаб Ўктамов – ФарДУ талабаси.

Ушбу талабалар дипломлар билан тақдирланиб, пул мукофотлари топширилди.

Фарғона давлат университети ахборот хизмати Ⓣ

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид