9-синфни битириб тиббиёт академиясига грантга кирган, бироқ ўқишга қабул қилинмаган 16 ёшли қиз ҳикояси
Ўрта мактабнинг 11 синфи ёки академик лицейни битирмасдан ДТМ имтиҳонига қатнашиш мумкин эмас. Аммо қизиғи, ДТМ базаси 16 ёшли Нафисанинг 9-синф шаҳодатномасини қабул қилган ва у Тошкент тиббиёт академиясига давлат гранти асосида ўқишга кирган.
Нафиса Равшанова Kun.uz’га имконсиздек кўринган ишлар қанчалик имконли экани, нейрохирургия ва генетикага оид орзулари ва қисқа муддатда балли энг юқори «юрадиган» тиббиёт олийгоҳига кириш йўли ҳақида сўзлаб берди.
Нафиса Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида туғилган. 2021/22 ўқув йилида 9-синфни тамомлаган. 8-синфдан бери репетиторга боради, ҳозир ҳам ўқишни давом эттирмоқда.
«Айни пайтда Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академий лицейнинг 1-босқич талабасиман. Ўтган йили 8-синфни битирган пайтим мен билан репетиторга борадиган ўқувчи ўқишга топшириб кўрди, ўзини синаш учун. Контракт асосида кирганди, аммо ўқимади. Ўшанда мен ҳам ҳавас қилиб, 9-синфни битириб ўқишга топширишга ҳаракат қилиб кўраман, деб ўйлаганман.
Шу йил 26 августида 16 ёшга тўлиб, ID карта олишим керак эди. Аммо мен ота-онамга ўқишга топширишимни айтиб, ID картани эртароқ, 25 апрелда олдим. 9-синфни битирганимда шаҳодатномани туғилганлигим ҳақидаги гувоҳнома билан эмас, балки ID карта маълумотларим билан беришди. Июлда ўқишга онлайн ҳужжат топширишда ID карта маълумотларимни киритдим.
«Аттестатингиз маълумотини киритинг» деган жойига ID карта маълумотларимни киритишим ҳамоно шаҳодатномамнинг маълумотлари ҳам чиқди. Давом этиб кетавердим. 5та тиббиёт ОТМни танладим — биринчиси Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш иши йўналиши эди. Ўзим Тиббиёт академиясида ўқишни орзу қилганим учун шу университетни белгиладим.
База менга хато рақам киритилган ёки шаҳодатнома мақбул эмас демасдан, ҳужжатларимни қабул қилди. Онлайн ҳужжат топшириш мен учун яхши бўлдики, агар ҳужжатлар офлайн олинганда мени 9-синф шаҳодатномаси билан қабул қилишмаслиги аниқ эди. Имтиҳон кунлари эълон қилинди, менга тестга кириш учун рухсатнома ҳам берилди.
Тўғри, бу иш қонунан тўғри эмасди, аммо база мукаммал бўлиши, 9-синф шаҳодатномасини қабул қилмаслиги керак эди-ку?! Демак, имконият бор экан, дедим ва йўлимда давом этдим.
«178,4 балл билан грантга ўқишга кирдим»
9 август куни имтиҳонга кириб, иккита асосий — кимё ва биология ҳамда 3та мажбурий фандан имтиҳон топширдим. Имтиҳоннинг эртасига тест жавоби чиқди, 178,4 балл тўплаган эканман. Аммо мандат чиққандан кейин кирган ёки кирмаганим аниқ бўлади. Умид қилиб кутдим.
Мандат 27 август куни чиқди — Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш иши йўналишига давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилдингиз, деган СМС келди. Жудаям хурсанд бўлиб кетдим. Чунки киришимга бошида ҳеч ишонмагандим. Биринчи уринишимда ўзим ният қилган ўқишимга кирдим. Бу имкониятдан фойдаланиш керак, деб ҳисобладим ва менга имконият йўқ экан, деб кетгим келмади.
«Аммо тиббиёт академияси мени қабул қилмади»
Агар ўқишга қабул қилишмаса, лицейдан ҳам қуруқ қолиб кетмай деб, 31 августда лицейга ҳужжат топшириш учун Тошкентга келдик — дадам, опам ва мен. Биринчи университетга бордик ва бизга айтишдики, 11-синф аттестати бўлмаса қабул қилинмайди, аттестатсиз олий таълим дипломи берилмайди. Яхши тушунча бериб юборишди. Шундан кейин лицейга бориб ҳужжатларимни топшириб келдим.
Шу йил 5 сентябргача байрам туфайли дам олиш кунлари тугагач, шу кундан бошлаб ҳаракатни бошладик — президентга мурожаатнома, Олий Мажлис Сенати ва Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқуловга хат ёздик. Мурожаатнинг асосий сабаби — ўқишга рухсат бериш эди.
9-синфни битирган бўлсам ҳам, тахмин билан кириб кетмадим, бу натижамнинг орқасида 2 йиллик олган билимларим ётибди. Ўзим ўқиб тайёрланганман, ахир.
Агар статистикага қарайдиган бўлсак, 50 фоиздан кўпроқ абитуриент ўтиш баллини ҳам йиға олмади. Улар ҳам 11 йиллик таълимни ёки ўрта махсус таълимни ўқиган-ку?! Агар шу 11 йил ўқиш ниманидир ҳал қилса, биз статистикада бунинг исботини кўрган бўлардик.
Ҳозир имконият беришларини сўраган бўлардим, шу 2 йилимни тил ўрганишга сарфлаган бўлармидим… Барибир лицейга ўқишга боряпман, чунки ўқишга топшириш вақти келгунча билганларимни эсдан чиқаришни хоҳламайман.
«Устозларим билан китоб чиқардик, мен масала туздим»
9-синфда биологиядан шаҳар босқичида биринчи ўринни, вилоят босқичда 2-ўринни эгаллаганман. Ўтган йили биология устозим билан бирга «Молекуляр биология ва биоэнергетикадан масалалар тўплами» номли абитуриентлар ва ўқитувчилар учун тўпламни нашрдан чиқардик. Менинг асосий вазифам — масала тузиш бўлган. Базасини устозим шакллантириб берганлар. Китобни устозимнинг шогирди бошлаб қўйган эди, маълум сабабларга кўра, улар Тошкентга кетганлар ва мен китобнинг қолган қисмини тугатиб қўйганман.
Ўзбекистонда кам тарқалган ва унчалик таниқли бўлмаган йўналиш — нейрохирургияни танлаганман. Мақсадим шу соҳани ривожлантириш, шунчаки шифокор бўлишдан кўра, танлаган йўналишим бўйича илм билан шуғулланишни хоҳлайман.
Нейрохирургия бўйича шифокор бўлиш осон эмас, чунки миядаги ўсимталар ёки нерв системаси билан боғлиқ касалликларни даволаш анча юқори билим, куч ва масъулиятни талаб қилади. Сиз кўп ўқишингиз ва ўз устингизда ишлашингиз керак бўлади. Фанда янгиликлар яратиш ниятим бор. Битта йўналишда қотиб қолмасдан, тезроқ нейрохирургияга оид билимларимни оширгач, биоинжинерия ва генетика борасида ҳам илмий ишлар қилиш ниятим бор.
Аммо бунинг учун чет элда ўқиб келишим керак, деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда бу йўналишлар унчалик ривожланмаган. Мавжуд бўлса ҳам XX асрдаги ютуқлар ҳақида гапирилади. Аммо мен сўнгги йилларда эришилган ютуқлар жорий этилганини деярли кўрмадим.
«Ота-онам танловни ўзимизга қолдиргани муваффақиятимизни таъминлаган»
Ҳар ким муваффақиятга эришганда, унда ёлғиз ўзининг ҳиссаси бўлмайди. Аввало, Аллоҳдан миннатдорман — мени тушунган, қўллаган, «қиз бола ўқиши шарт эмас», деган стереотиплардан ташқарида фикрлайдиган зиёли ота-онани бергани учун. Бирор марта мана шу касбни танлайсан, деб айтмаганлар.
Танловни ўзимизга қолдирганлари ва танлаган соҳамизни севиб ўқиганимиз учун натижага эришганмиз. Опамга ҳам чегаралар қўйилмаган, у ҳам ўзи хоҳлаган йўналишни танлаб молия институтига ўқишга кирган.
Ҳар қандай моддий ва маънавий қўлловни ота-онамдан олганман. Биз ота-онамизнинг аксимиз, бизга берган тарбиясининг аксимиз.
Оилада 3 нафар қизмиз — ҳеч қачон қиз бола бўлганимиз учун ўқишимиз шарт эмаслиги ҳақида гап бўлмаган ёки ўқишимизга енгил қаралмаган. Оиламизда фарзанд қиз ёки йигитга ажратилмайди, ота-онам бизга инсон нуқтайи назаридан гапиради. Яъни қиз бола ундай, ўғил бола бундай бўлиши керак деган тушунчаларга кўра ажратиб кўрсатмайдилар. Бу хислатларини, менга берган тарбияларини қаттиқ ҳурмат қиламан. Нимадир камчилигим бўлса ўзимники, ютуғим ота-онамники деб биламан.
Нафиса унга таълим берган устозларини ҳам унутмайди.
«Менимча, 2 йилда бундай натижа кўрсатишимда биология фанидан устозим Нарзулло Қодиров ва кимё фанидан устозим Дилшод Норқуловнинг меҳнати ва машаққати катта. Улардан доим миннатдор бўлганман», — дейди у.
Нафисанинг келгусидаги ўқишларига муваффақият тилаб, хайрлашдик. Унинг бир гапи бизнингча жуда муҳим: «Агар мактабда 11 йил ўқиш ниманидир ҳал қилса, биз ўқишга кириш статистикасида бунинг исботини кўрган бўлардик». Дарҳақиқат, Нафисадек билимли ёшларни мактабда яна икки йил вақтини йўқотмасдан, ўқишга қабул қилиш тизимини йўлга қўйиш вақти етмадимикин?
Шу ўринда, нега ДТМ базаси 9-синф битирувчисининг ҳужжатини қабул қилгани, у ўқишга кирган бўлса-да, ўқий олмайдими каби саволлар юзасидан ДТМ матбуот хизмати билан боғландик. ДТМ бош мутахассиси Жамшидбек Одилов бу борада тушунтириш берди.
«Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунида умумий ўрта (ўн бир йиллик таълим), ўрта махсус (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик ўрта махсус таълим), бошланғич профессионал таълим (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик бошланғич профессионал таълим) олган шахслар, шунингдек, ушбу Қонун кучга киргунига қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) олган шахслар олий маълумот олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Шу сабабли абитуриентлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтишда умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат маълумотларини тизимга киритадилар ва талабаликка тавсия этилган тақдирда мазкур ҳужжатнинг аслини иловаси билан олий таълим муассасасига тақдим этадилар.
Бунда Давлат тест марказининг абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш тизими Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган бўлиб, жорий йил битирувчиларининг тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотлари вазирликларнинг ахборот тизимларидан реал вақт режимида олинади», - дейди у.
Таъкидланишича, Нафиса Равшанова 2022-йил 28-июн куни Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтган бўлиб, рўйхатдан ўтиш учун ID-картадаги шахсий рақам тизимга киритилган вақтда унинг паспорт маълумотлари Давлат персоналлаштириш марказидан, тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотлар эса Халқ таълими вазирлигидан реал вақт режимида олинган.
«Бунда Нафиса Равшанованинг маълумотлари Халқ таълими вазирлигининг ахборот тизимидан жорий йил битирувчиси сифатида тақдим этилган. Шу сабабли Нафиса Равшанова абитуриент сифатида рўйхатга олинган ва тест синовларида иштирок этиши белгиланган», – деб тушунтириш беради Одилов.
Мадина Очилова. Kun.uz журналисти
Мавзуга оид
15:23 / 21.09.2024
“Қўлингдан битта жакет сотволиш келмайдими, уятсизлар...” — ТДПУда форма киймаган талабалар босимга учради
15:26 / 14.09.2024
“Дарсга киритмаслик билан қўрқитишяпти” — ТДПУ ягона формани жорий этмоқчи
19:16 / 11.09.2024
Ҳар бир камбағал оиланинг камида бир аъзоси олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилади
07:28 / 07.09.2024