Тошкент учун сотиб олинаётган мингта автобусдан 200 таси 18 метрли бўлади
Шу ой охиридан бошлаб апрелгача Тошкентга Хитойдан мингта янги автобус олиб келинади. Улардан 700 таси газда юради, 300 таси электромобил бўлади. Айни пайтда, Франция компанияси Шимолий вокзалдан Янги Ўзбекистон боғигача трамвай линиясининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқяпти. Булар ҳақида Kun.uz саволига жавобан “Тошшаҳартрансхизмат” масъул ходими маълум қилди.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Маркетинг лойиҳалар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўлими ходими Икром Шодиев апрелга қадар шаҳарга олиб келиниши кутилаётган минг дона янги автобус ҳақида Kun.uz мухбирига маълумот берди.
Унинг айтишича, ҳозирда бу борада Хитой компаниялари билан шартномалар тузилиб, келишувларга эришилган.
— Шаҳар ҳавосига жамоат транспортидан чиқадиган зарарли моддалар миқдорини камайтириш мақсадида, жамоат транспортини янгилаш дастури асосида шу йил биринчи чораги давомида минг дона янги, замонавий автобус харид қилиниши белгиланган. Мана шу минг дона автобуслардан 700 таси сиқилган табиий газда, 300 таси эса тўлиқ электрда юради (электробус). Бу автобуслар келтирилиб, йўналишларга чиқарилганида шаҳар ҳавосига жамоат транспортидан чиқадиган зарарли моддаларнинг миқдори бир неча баробар камайиши учун имконият яратилади. Янги автобус йўналишлари ҳам очилади.
Мингта автобуснинг 200 таси 18 метрли узунликда бўлади, улар йўловчи оқими катта бўлган йўналишларга қўйилади.
Автобусларни харид қилиш бўйича ўрнатилган тартибда шартномалар ҳам имзоланган. Хитойнинг “King Long” ва “Yutong” деган компаниялари билан шартномалар тузилган. Булар асосида февралнинг охиридан бошлаб автобуслар келиши режалаштирилган.
Илгари йилига 100-200 та автобус олиб келинарди, 1 йилнинг ўзида минг дона келиши катта миқдор ҳисобланади. Бу транспортлар шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга, янги йўналишлар очишга катта ёрдам беради.
— Шартнома қийматини очиқлай оласизми?
— Тижорий сир бўлгани учун, узр, буни аниқлашнинг иложи йўқ. Лекин бир нарсани айтиб ўтаман, шартномаларни тузиш учун транспорт вазири бошчилигида ишчи гуруҳ, яъни махсус харид комиссияси тузилган. Бу ишчи гуруҳ ХХРга борган ҳолда ишлаб чиқарувчи 8 та заводнинг ҳаммасига кирган, салоҳияти ва имкониятини ўрганиб чиққан, уларнинг қанчалик сифатлилигини аниқлаш мақсадида ўша жойнинг ўзида ишлатиб ҳам кўрган. Харид қилинаётган автобуслар бўйича бошқаларнинг фикри ҳам ўрганилган. Ўрганишлар натижасида мана шу “Yutong” ва “King Long” деган компаниялардан автобус харид қилишга келишилган.
Бир нарсани ҳам айтиш жоизки, автобуслар жуда катта чегирма билан сотиб олинмоқда. Мингта автобус учун тузилган 3 та шартномадан ташқари, Хитойдаги ўша заводлар шу қийматнинг ичида беғараз тарзда 2 та 18 метрли, 2 та 12 метрли электробус беряпти; бундан ташқари, Тошкент шаҳрида тўлиқ жиҳозланган сервис станциялари ташкил этиш ва автобусларни автомат ювиш ускуналари ҳам беғараз берилади, яъни шартнома қийматининг ичида. Қолаверса, шартнома қийматининг 1 фоизи миқдорида (бир неча миллион доллар тўғрисида гап кетяпти), эҳтиёт қисмларини бериши ҳам келишилган.0
Йил давомида бу каби автобуслар сифат жиҳатдан яхшилигини, йўловчи ташиш учун қулай экани ҳамда тасарруф харажатларининг камлигини кўрсатди. Олдин бу йўналишларда “Mercedes Benz” ёки “Man” русумли автобуслар ишлатилган бўлса, улар иқтисодий зарар билан ишлаган. 2022 йилда худди шу йўналишларга электробуслар чиқарилиши натижасида, жамоат транспорти чекланган тариф асосида хизмат кўрсатишига қарамай, даромад билан чиқилган.
— Ҳозирги “Mercedes Benz” ва “Man” русумли автобуслар нима бўлади? Ҳозирда ҳаракат таркиблари ичида уларнинг улуши қанча?
— Ҳозирги кунда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибида 8 та автобус саройи мавжуд бўлиб, жами автобуслар сони 1,5 минг атрофида бўлса, шуларнинг 500 таси – “Mercedes Benz” автобусларидир. Бу автобуслар 2009 йилдан бошлаб харид қилинган. Яъни улар орасида муддати 10 йилдан ошиб кетганлари ҳам бор. Амалдаги қонунчилик бўйича 15 йил тасарруф этилган автобусларга лицензия варақалари берилмайди. Бу дегани, мазкур автобуслар йўналишларда хизмат кўрсатиши мумкин эмас. Техник ва йўловчилар хавфсизлиги нуқтайи назаридан кўпчилиги ўз салоҳиятини йўқотган. Шу сабабли “Mercedes Benz” автобусларининг 200 тага яқини эскилиги, таъмирлаш учун кўп маблағ зарурлиги, самарасиз экани инобатга олинган ҳолда ҳисобдан чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.
— Трамвай ҳақида ҳам маълумот бероласизми? Ўтган йил охирида президент давлат ташрифи билан Францияга борганида трамвай линиясини французлар қуриши айтилди. Бу лойиҳа қайси босқичда, техник-иқтисодий асослари белгиландими?
— Трамвай линияси бўйича ҳозир битта аниқроқ режа белгиланган: Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб, Шимолий вокзалгача. Лойиҳа бўйича Франциянинг Аlstom компанияси билан биргаликда Транспорт вазирлиги, “Тошшаҳартрансхизмат” ҳамда шаҳар ҳокимлиги ўртасида музокаралар олиб борилмоқда. Шу йилнинг январ ойида уларнинг делегацияси Тошкентга келишди, яна музокаралар олиб борилди. Ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича Аlstom компанияси томонидан ишлар олиб боряпти. Бу бирданига бўладиган иш эмас, ҳисоб-китоблар анча вақтни талаб қилади. Трамвай йўлини қуриш ўзи эмас. Кўп нарсани ҳисобга олиш керак, шунинг учун 1-2 ойда бу асосларни ишлаб чиқиш мумкин эмас.
Аlstom компанияси таклиф этаётган трамвай чоксиз линия бўлади. Олдин Тошкентда ҳаракатланган трамвайлар релсда юрганда овоз чиқарди, янгиларининг чоки бўлмаслиги ҳисобига овозсиз юради. Ҳаммаси паст полли, жуда ҳам қулай трамвайлар бўлади. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг иқлим шароити, сейсмик томонларни ҳам ҳисобга олиш керак бўлади.
— Трамвай йўналишининг Янги Ўзбекистон боғига қадар қурилишини қанчалик тўғри деб ҳисоблайсиз? Чунки бу боғ шаҳар марказидан анча чеккароқда жойлашган, у ерга ҳамма ҳам боравермайди.
— Айтиш жоизки, Янги Ўзбекистон боғи дейилганда ҳозирги ҳолат назарда тутилмайди. Бу ишлар олдинни кўриб қилинмоқда. Режа бўйича “Янги Ўзбекистон” боғи томонларда катта қурилишлар қилиниши кутиляпти. Олимпия мажмуаси қуриляпти, бундан хабарингиз бор. Унинг атрофида бошқа турар жойлар, бошқа бинолар ҳам қурилади. Яъни бир неча йиллардан кейин бу кўчалар гавжумлашади, кўплаб турар жойлар, бошқа бинолар жойлашган мавзе бўлади. Шунинг учун биринчи босқичда бу йўналишнинг қурилиши тўғри деб ҳисобланади. Бундан ташқари, яна бошқа босқичлар ҳам бор.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Асрор Алмуродов.
Мавзуга оид
17:02
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024