Қаторасига 6 ўйиндан бери Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» захирасида қолмоқда ва бу оралиқда бирор дақиқа ўйнагани йўқ. Ёмон тасодиф шундаки, Ҳусановнинг захирага олиниши билан Ўзбекистонга келиб кетиши деярли бир вақтга тўғри келди – табиий равишда мухлислар ўртасида, футбол жамоатчилигида бу икки воқеани боғлаш авж олди.

Абдуқодир Тошкентга келганидаги турли видеолар ва тадбирлар унга зарар бериши мумкинлигини, матбуот кейинчалик нормал ҳолатларда ҳам мана шу салбий бўёқларни ишлатишидан хавотир билдирилганди.

Тан олиш керак, Ҳусанов Манчестерга боргач, Ўзбекистонда жуда машҳур бўлиб кетди, энди уни фақат футбол билан яқиндан таниш бўлган, уни тушунадиганлар эмас, балки ҳамма таний бошлади. Бу эса унинг жамоасидаги ҳолати тўғри қабул қилиниши, тўғри баҳо берилиши имкониятини пасайтириб юборади. Энди кўпчилик кўча-кўйда илгари футбол ҳақида суҳбатлашмаган танишларидан ҳам «Абдуқодир нега тушмаяпти?», «Уни сотиб юборишар эканми?», «Абдураҳмон билан бирга юрса шунақа бўлади-да» қабилидаги фикрларни тез-тез эшитмоқда. Ким билсин, ҳатто Абдуқодирнинг ўзидан ҳам сўрай бошлашгандир – нега майдонга тушмаяпсан, деб.

Шунинг учун мавзуга яна қайтишга қарор қилдик, Абдулла Қодирийга терс равишда энг ёруғ кунларга, қишнинг оппоқ февралини эслаймиз.

Дебют

Агар футболга озми кўпми яқин бўлсангиз, Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га трансфер қилинишининг ўзи ҳам катта воқеа экани, биз Ҳусановни ҳар қанча истеъдодли деб билмайлик, бу клубга ўтиш унинг учун ҳам катта сакраш эканини билардик. Шунинг учун у илк кунларидан бошлаб асосий таркибда ўйнай бошлаши, феврал ойида жамоасининг энг яхши футболчиси бўлиши – эртакнамо воқелик эди.

Аммо шу билан бирга, «Манчестер Сити»нинг февралдаги ва бугунги ҳолати ўртасида катта фарқ борлигини ҳам қайд этиш керак. Ўшанда Гвардиола ихтиёрида соғ ҳимоячининг ўзи қолмаган – буни биз Манчестерга борганига атиги бир неча кун бўлган Ҳусановнинг «Челси»га қарши илк дақиқалардан ташланганидан ҳам билсак бўлади. Диаш жароҳатда, Уокер Миланга кетганди, кейинчалик навбати билан Аканжи, Аке ва Стоунз ҳам узоқ муддатга сафдан чиқишди. Таркибда тўрт нафар соф ҳимоячи – Гвардиол, Диаш ҳамда янги қўшилган Ҳусанов ва Рейс қолганди. Гвардиолада Ҳусановни майдонга туширишдан бошқа вариант ҳам йўқ эди. Ҳусанов эса бу даврни чиндан ҳам яхши ўтказди, қисқа муддат ичида ўз устунликларини нафақат мураббийларга, балки бутун Англияга ва Европага кўрсатишнинг уддасидан чиқди. Энди инглиз мутахассислари ҳам у ҳақида «Манчестер Сити»нинг тўлақонли аъзоси сифатида гапира бошлади. Умуман, уч ойлик муддат учун ҳам аслида кутганимиздан кўра каттароқ қадамлар ташлаб бўлинган.