Ўзбекистон | 09:14 / 17.07.2024
5513
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилади

Парламент мажлисида “Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Фото: Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатасининг 16 июлдаги мажлисида “Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тадбиркорлик кодекси лойиҳасига 100 ортиқ қонунчилик ҳужжатларини унификация қилиш орқали тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳужжат билан тартибга солиш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Кодекс лойиҳаси билан тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлик, тадбиркорлик эркинлиги, субъектлар тенглиги, ҳалол рақобат, виждонлилик презумпсияси, коррупциядан холилик каби асосий принциплари мустаҳкамланмоқда. Тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда тоифа сифатида фақат кичик тадбиркорлик субъекти мавжуд эди).

Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари кўзда тутилмоқда. 39 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур кодексга илова сифатида тасдиқланиб, рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, кодекс лойиҳаси билан халқаро стандартларга мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилмоқда. Ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари, уларни қўллаб-қувватлаш механизми белгиланмоқда.

Кодекс лойиҳасида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилиши билан мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда.

Мавзуга оид