Ўзбекистон | 14:04
752
2 дақиқада ўқилади

Суд қарорлари ижросини тўхтатиш тартиби қатъийлаштирилиши мумкин

Иқтисодий процессуал кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва кредиторлар ҳуқуқларини янада кучли ҳимоя қилишга қаратилган.

Фото: iStock

Лойиҳага кўра, қонуний кучга кирган ва юқори инстанция судида кўриб чиқилаётган суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш фақат муайян шартлар асосида амалга оширилиши мумкин. Жумладан, суд қарорининг ижросини тўхтатиш учун аризачи қайтарма ижрони таъминлаш имконияти мавжуд эмаслиги ёки бу жуда қийин эканини асослаб бериши, ёхуд молиявий таъминот тақдим этиши лозим бўлади.

Шунингдек, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида иш кўриб чиқилаётган даврда суд қарорининг ижроси фақат шундай чора кўрилмаса, ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси қийинлашиши ёки умуман бажариб бўлмайдиган ҳолатга келиши мумкин бўлган ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишига эришиш, қарздорликларни ундириш жараёнида кечикишларни камайтириш ҳамда ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тегишли маблағларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Марказий банк ва бошқа манфаатдор ташкилотлар қонун ижросини таъминлаши ҳамда унинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириши назарда тутилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси эса ҳукумат қарорларини қонунга мувофиқлаштириши ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид