“Ўзбекистон Республикаси президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Солиқлар бўйича енгилликлар

2025 йил 1 август ҳолатига “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” тизими орқали солиқ текширувларига номзод сифатида шаклланган ва солиқ хавфи 16 триллион сўм бўлган 20 мингдан ортиқ субъектга солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатларини ихтиёрий бартараф этиш имконияти берилган ҳолда, ушбу рўйхат 2025 йил 1 ноябр ҳолатига қайтадан шакллантирилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланади:

  • 1 йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод қилиш;
  • 1 йил давомида ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлламаслик;
  • 6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташлаш.

2026 йил 1 январдан бошлаб солиқ мажбуриятларини бажаришнинг қуйидаги проактив тартиби жорий этилади:

  • юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифаси солиқ органларига ўтказилади ва ушбу мажбурият солиқ тўловчилар учун бекор қилинади;
  • солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан 5 иш куни ичида зарур тузатишларни киритиш ва тузатиш киритилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқи берилади.

Фармонга биноан, бундан буён:

  • фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмга оширилади;
  • тадбиркорлик субъектлари ўз маблағлари ҳисобидан ижтимоий инфратузилма тармоқлари қуриб, беғараз топширганда, ушбу объектлар учун қилинган харажатлар фойда солиғи базасидан камайтирилади;
  • тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити натижалари бўйича молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилади.