Ўзбекистон | 11:55 / 25.11.2020
2897
3 дақиқада ўқилади

МҚКҚ Тошкент вилояти электр тармоқлари корхоналарига нисбатан ҳужжатларни маъмурий судга юборади

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота ва Қибрай туманлари электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судга юбориш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабарида айтилган.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан Олмалиқ шаҳридаги 279-сонли электр трансформаторга уланган истеъмолчиларни ўрнатилган тартибда огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узилишларни амалга ошириш натижасида “Олмалиқ шаҳар электр таъминоти” корхонаси раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига асосан 16.11.2020 йил куни маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Олмалиқ шаҳар маъмурий судига иш юритувдаги ҳужжатлар юборилди.

“Шунингдек, жорий йилнинг 19-20 октябрь кунлари “Facebook” ижтимоий тармоғида истеъмолчиларнинг ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлган мавзу, яъни Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидаги мавжуд қарздорлик учун узиб қўйилганлиги ҳамда абонентлар томонидан тегишли тўловлар амалга оширилиб, корхонага тармоққа қайта улаш бўйича берилган буюртма (ариза)лар мавжуд бўлишига қарамай, истеъмолчиларни электр тармоғига қайта улаш ишлари кечикаётганлиги билдирилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” АЖга нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси биринчи қисми талаблари бузилганлиги сабабли 2020 йил 29 октябрда 11/02-И-сонли кўрсатма берилди.

“Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” АЖ корхонаси томонидан кўрсатманинг ижросини таъминлаш тўғрисидаги 517-сонли буйруқ қабул қилинган бўлиб, унга асосан кўрсатилган қонун бузилиш ҳолатлари шаҳар ва туман электр таъминоти корхоналари раҳбар ходимлари билан атрофлича ўрганиб чиқилиб, барча раҳбар ходимлар келгусида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирилган”, - дейилади хабарда.

Шунга қарамасдан, 20 ноябрь куни Тошкент туманидаги қарийб 17 минг электр энергия истеъмолчиси томонидан фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар бўйича юзага келган қарздорлик сабабли, амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда қарздор истеъмолчиларнинг таъминотини тўхтатган. Ўз навбатида, юқоридаги ҳолат жойига чиқиб ўрганилганда истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун қарздорлик тўлангандан кейин ҳам автоматик равишда электр тармоғига қайта уланмаган ҳолатлар аниқланган.

Ушбу ҳолат жорий йилнинг 21, 22 ноябрь кунлари Қибрай ҳамда Зангиота туманларида ҳам аниқланган. 

“Ҳозирги кунда ҳудудий бошқарманинг 29.10.2020 йилдаги 11/02-И-сонли кўрсатмасини бажармаганлиги сабабли, Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судга юбориш чоралари кўрилмоқда”, - дея маълум қилган Монополияга қарши курашиш қўмитаси.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид