Ўзбекистон | 22:59 / 20.12.2025
2288
6 дақиқада ўқилади

Қиш энерготизимни синамоқда. Бугун қаерларда свет ўчди?

Сергелидаги электр узилиши айрим жойларда камида 19 соат давом этди. Умуман олганда, ҳам авариявий, ҳам режали таъмирлаш билан боғлиқ турлича давомийликдаги узилишлар Андижондан то Хоразмгача бир қатор ҳудудларни қамраб олди.

Фото: "Ҳудудий электр тармоқлари" Жиззах вилояти филиали

Қишнинг илк қорли кунлари энергетика тизимига юкламани оширди, натижада республика бўйлаб узилишлар бўлиб турибди. “Ҳудудий электр тармоқлари” мутахассислари совуқ об-ҳаво шароитида аварияларни бартараф этиш билан шуғулланишмоқда.

Энергетика вазирининг матбуот котиби Дилдора Ҳошимова ўз Telegram-каналида узилишлар ва таъминотнинг тикланиши ҳақида ахборотлар бериб боряпти. Kun.uz унинг каналидаги маълумотлар асосида 20 декабрдаги узилишларни санаб ўтади.

АВАРИЯВИЙ ЎЧИШЛАР

Тошкент шаҳри

Сергели туманида Мироб ва Хонтепа фидерларидаги авария сабабли туманнинг Хонобод ва Намданак маҳаллаларидаги жами 410 та хонадон электрдан узилиб қолди. Узилиш камида 16 соатга чўзилди.

Бундан ташқари, худди шу Сергели туманининг Садоқат, Эшонбулоқ, Султонобод, Хонобод, Хонобод-тепа, Намданак, Кўҳна Қумариқ, Хонтепа, Иззатли, Зиёлилар, Кенг макон ва Эски Жалойир маҳаллаларининг электр таъминотида ҳам авариявий ўчиш кузатилди. Узилиш камида 19 соат давом этди.

Яшнобод туманидаги Обишер маҳалласида 210 та, Олмазор туманидаги Шифонур маҳалласида 100 та хонадоннинг электр таъминотида узилиш рўй берди. Бунга сабаб – Ғалалкент ва Камолот-1 фидерларидаги кичик носозлик.

Соат 18:14 да 110/35/10 кВли “Қатортол” подстанциясида носозлик юзага келди. Оқибатда Учтепа туманидаги 600 та хонадоннинг электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилди. Носозлик бартараф этилгани ҳақида 22:44 да маълум қилинди.

Миробод туманида эса Мирсалихов фидерида носозлик рўй берди. Оқибатда туманнинг Чавондоз ва Чинкелди кўчаларидаги жами 380 та хонадоннинг электр таъминотида вақтинча узилиш кузатилди. Бу ҳақда 20:41 да хабар берилди, носозлик бартараф этилгани ҳақида соат 22:48 да маълум қилинди.

Жиззах вилояти

Бахмал туманидаги 3 та электр тармоғида носозлик юзага келди, оқибатда тумандаги 2650 та хонадоннинг электр таъминотида узилиш кузатилди.

Бундан ташқари, соат 19:37 да Жиззах вилоятидаги 110/35/10 кВли “Ўрда” подстанциясида 10 кВли тақсимлаш қурилмасида ёнғин келиб чиқиб, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманидаги 6250 та истеъмолчи таъминотдан узилиб қолди. Соат 20:58 да 3750 та истеъмолчи, 21:26 да қолган барча истеъмолчилар тармоққа улангани маълум қилинди.

Самарқанд вилояти

Самарқанд шаҳридаги 35 кВли “Л-Шердор” кабел тармоғида носозлик юзага келди. Оқибатда шаҳардаги айрим истеъмолчиларнинг электр таъминоти вақтинча тармоқда узилди.

Сирдарё вилояти

Гулистон шаҳри “Янги авлод” МФЙ ҳудудидаги 307-сонли трансформатор пунктида носозлик юз берди.

РЕЖАЛИ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ

Тошкент шаҳри

Мирзо Улуғбек туманидаги 956-сонли трансформаторда таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати, соат 14:00 дан 16:00 га қадар Неъмат, Олимлар, Гулбадамбегим, Навниҳол, Олий Ҳиммат, Тепа Масжид, Дормон йўли ва Музробод мавзеъларининг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча ўчирилди.

Бундан ташқари, соат 15:35 да 35/10 кВли “Чароғон” подстанциясида 10 кВ 2-шиналар тизимида носозлик бўлган. Оқибатда Мирзо Улуғбек тумани истеъмолчилари қисман (1000 та) электр таъминотидан вақтинча узилди.

Соат 00:00 дан 04:00 гача Чилонзор туманининг С, 9, 10, 16, 17, 18, 19 ва 20-массивларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкинлиги маълум қилинган. Сабаб – 110 кВ кучланишли “Л-О-Ю-2” электр узатиш тармоғидаги режали таъмирлаш ишлари.

Андижон вилояти

110/10 кВли “Олтин водий” подстанцияси Т-1 трансформаторида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан:

  • Шаҳрихон туманининг Шокирвой, Вахим, Бешмаҳалла, Тумор, Гулқишлоқ, Дўлан, Пахтакўл, Абдиби, Сузоқ, Шер қўрғон, Оқ олтин, Бирлашган, Қум қайроқ, Мустақиллик, Бешариқ, Туркистон, Сохобод, Янги маҳалла, Янги вахим, Янги турмуш маҳаллалари ҳудудларида соат 9:00 дан 12:00 гача электр таъминотида вақтинча узилишлар кузатилиши хабар қилинди.

Шунингдек, янги юқори кучланишли тармоқ қурилаётгани сабабли хавфсизликни таъминлаш учун:

  • Бўстон туманининг Тафаккур, Сарбон, Сариқ жўга, Навроʼз, Мехнатобод, Нурафшон, Гулистон, Халқобод, Ховос маҳаллалари ҳудудларида;
  • Улуғнор туманининг Тўртол ва Фазогир маҳаллалари ҳудудларида соат 9:00 дан 12:00 гача электр таъминотида вақтинча узилишлар кузатилиши хабар қилинди.

Фарғона вилояти

20 декабр куни соат 05:00 дан 07:00 гача ва 17:00 дан 17:30 гача Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон ва Қўштепа туманларининг айрим ҳудудларида узилишлар рўй бериши кўзда тутилган. Бу – “Олтиариқ” подстанциясидан чиқувчи юқори кучланишли “Л-ПА” электр узатиш тармоғининг бошланиш қисмида таъмирлаш ишлари бажарилиши билан боғлиқ.

Хоразм вилояти

20 декабр куни соат 10:00 дан 18:00 гача электр энергиясидаги жорий профилактика ишлари сабабли:

  • Урганч туманидаги Хожибойлар, Оқ боғ, Адолат, Оқ мактаб, Чандир, Қиёт, Боқайлар, Киллавит маҳаллаларида;
  • Қўшкўпир туманидаги Қоравул, Вахмчи, Дўстлик, Илгалди, Меҳнатобод, Шеробод, Пахтакор, Амирқум, Янгилик маҳаллаларининг электр таъминотида вақтинча узилиш бўлиши мумкинлиги хабар қилинган.

ТАБИИЙ ГАЗ ТАЪМИНОТИ

Чирчиқ шаҳар Амир Темур маҳалласи Саодат кўчаси ҳудудидаги газ тақсимлаш пунктида носозлик аниқлангани сабабли, ушбу ҳудуд истеъмолчиларида соат 02:40 дан 11:00 га қадар табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди.

Мавзуга оид