Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Сурияга қарши санкцияларни бекор қилувчи фармонни имзолади. Қандай енгилликлар берилмоқда?
АҚШ президенти Доналд Трамп 20 йиллик санкцияларни бекор қилиб, Суриянинг янги раҳбариятига ишонч билдирди. Иқтисодий санкциялар ечилган ҳолда, Асад режими собиқ амалдорлари учун босим сақлаб қолинди. Шунингдек, Аҳмад аш-Шаръа ва ҲТШ гуруҳининг террорчилик мақоми қайта кўриб чиқилади.
Фото: Saudi Press Agency
30 июнь куни АҚШ президенти Доналд Трамп Сурияга қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилиш бўйича фармонни имзолади.
«АҚШ ўз-ўзига ва қўшниларига тинчликда яшовчи, барқарор ва ягона Сурияни қўллаб-қувватлашга содиқ. Террорчи ташкилотларга бошпана бермайдиган ва диний ҳамда этник озчиликлар хавфсизлигини таъминлайдиган Суриядан минтақавий хавфсизлик ва фаровонлик кутиш мумкин», — дейилади Оқ уй эълон қилган фармон матнида.
Шунингдек, АҚШ Молия вазирлиги баёнотида айтилишича, Сурия ҳукумати барқарор, ягона ва ўзи ҳамда қўшнилари тинчликда яшовчи давлатни қуриш йўлида давом этиши лозим.
«Президент Трамп ваъда берганидек, Молия вазирлиги Сурияга қарши санкциялар дастурини бекор қилиш ишларини бошлади. Бугунги чоралар Суриянинг иқтисодиётини глобал савдо тизими билан қайта боғлаш ва мамлакат инфратузилмасини қайта қуриш имкониятини беради», — деди АҚШ Молия вазири Скотт Бессент.
Фармонда барқарорликни издан чиқарувчи шахс ва гуруҳларга нисбатан чоралар кўришда жавобгарлик таъминланиши эслатиб ўтилган.
Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний Трампнинг ушбу қарорини олқишлаб, бу чоралар «узоқ кутилган қайта қуриш ва тараққиёт учун йўл очишини» айтди.
«Иқтисодий тикланиш йўлида асосий тўсиқларнинг олиб ташланиши узоқ кутилган қайта қуриш ва тараққиёт, шунингдек, ҳаётий муҳим инфратузилмани тиклаш имконини беради. Бу эса ўз навбатида, мажбуран кўчирилган сурияликларнинг муносиб ва хавфсиз тарзда ватанига қайтиши учун зарур шарт-шароитларни яратади», деган Сурия бош дипломати.
Трамп санкцияларни енгиллаштириш ниятини май ойида Яқин Шарққа қилган сафари чоғида билдирган эди.
Трамп ўша сафарда Аҳмад Аш-Шаръа билан Саудия Арабистонида учрашган ва уни «қатъиятли» ва «жозибадор» деб таърифлаган эди.
Қандай санкциялар бекор қилинди?
Трамп фармони билан Сурияга қарши киритилган қуйидаги санкциялар бекор қилинди:
· 13338 (2004) – Сурия давлат мулкларини блоклаш;
· 13572 (2011) – Инсон ҳуқуқлари бузилганлиги учун шахсий санкциялар;
· Caesar Act – 2019 йилдан бошлаб суриялик амалдорлар ва уларнинг иқтисодий шерикларига нисбатан жазо чоралари;
· Бундан ташқари, АҚШ Савдо вазирлиги Сурия учун экспорт назоратларини юмшатади ҳамда кимёвий қуроллар бўйича аввалги қонун асосидаги санкцияларни 20 кун ичида бекор қилишга рухсат берилади.
Шу билан бирга, фармонда Башар ал-Асад давридаги жиноятлар унутилмаслиги ҳамда инсон ҳуқуқлари бузилишига доир санкциялар қолиши айтилган.
Янги фармон билан эндиликда бутун Сурия халқи эмас, балки қуйидаги тоифадаги шахслар санкцияга тушади:
· Асад режимининг собиқ амалдорлари ва уларнинг молиявий шериклари;
· Каптагон наркотигининг ишлаб чиқарувчилари ва ташувчилари;
· АҚШ фуқароларининг ғойиб бўлишига алоқадор шахслар;
· Террорчиликда айбланганлар ва уларнинг яқин қариндошлари.
АҚШ Молия вазирлигининг билдиришича, 518 нафар шахс ва ташкилот санкциялар рўйхатидан олиб ташланган, бироқ баъзи жазолар дарҳол бекор қилинмайди.
Масалан, Трамп АҚШ агентликларига Сурия фуқароларига қарши уруш жиноятлари билан боғлиқ «Caesar Act» остидаги санкцияларни бекор қилиш мезонларига амал қилинаётганини аниқлаш бўйича топшириқ берган.
Демократ Конгресс аъзоси Илҳан Омар ва республикачи Анна Паулина Луна ушбу ҳафтада Сурияга узоқ муддатли енгиллик таъминловчи санкцияларни қонуний йўл билан бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.
Жорий йил май ойида Европа Иттифоқи ҳам Сурияга нисбатан барча иқтисодий санкциялар, жумладан унинг 24 та тузилмаси ҳамда Марказий банкини ҳам «қора рўйхат»дан чиқарган эди.
Аҳмад аш-Шаръанинг мақоми
Доналд Трамп шунингдек, фармон билан АҚШ давлат котиби Марко Рубиога Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа ва Ҳайъат Таҳрир аш-Шом гуруҳига берилган террорчилик ташкилоти мақомини кўриб чиқишни буюрди.
Шунингдек, Трамп ал-Шаръа раҳбарлик қилаётган «ал-Нусра жабҳасининг» (ҳозирги ҲТШ) «хориждаги террорчи ташкилот» сифатидаги мақомини ҳам кўриб чиқишни буюрди.
Суриянинг ҳозирги президенти Аҳмад аш-Шаръа бошчилик қилган гуруҳ, дастлаб Ал-Нусра, деб номланган ҳамда ал-Қоида қаноти бўлган. Кейинроқ, аш-Шаръа 2016 йилда бу гуруҳ билан алоқаларни узган. Шундан сўнг улар бошқа исёнчи гуруҳлар билан қўшилиб, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни ташкил қилган. Аҳмад аш-Шаръа, 2024 йил декабрь ойида Башар Асадни ағдаришга раҳбарлик қилган исёнчилар ҳужумидан аввал, Идлибдаги гуруҳларнинг норасмий етакчиси бўлган.
Санкцияларнинг бекор бўлиши Сурияга нима беради?
Сурияга нисбатан АҚШ томонидан жорий этилган молиявий жазолар, 2011 йилдаги фуқаролар уруши бошланишидан олдин ҳам амал қилган. Аввалги ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари билан боғлиқ санкциялар реконструкция жараёнларини издан чиқарган ва Асад давридаги Сурия иқтисодиётини таназзулга олиб келган эди.
Al-Jazeera мухбири Майк Ханна бу енгилликларни «кенг қамровли ва муҳим қадамлар» деб баҳолаб, Трамп маъмуриятининг Сурияни қайта тиклаш йўлидаги жиддий ҳаракати сифатида кўрсатди.
Таҳлилчиларга кўра, санкциялар юмшаши билан Суриянинг импорт-экспорт фаолияти, энергетика сектори ва молия тизими тиклана бошлаши мумкин. Бундай очилиш Эрон, Ироқ ва Туркия билан иқтисодий алоқаларга ижобий таъсир қилади.
Янги раҳбариятга АҚШ томонидан берилган бу «сиёсий ишонч кредити» — Сурия учун халқаро майдонга қайтиш имкониятини беради. Бу БМТ доирасидаги музокараларда Дамашқнинг позициясини кучайтириши мумкин.
Бундан ташқари, Сурия АҚШ билан алоқаларни яхшиласа, бу Москва ва Теҳроннинг Дамашқ устидаги мутлақ назоратини чеклайди. Трамп маъмурияти эҳтимол айнан мана шу геополитик тафовутдан фойда кўришни мақсад қилган бўлиши мумкин.