Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тарғибот учун қурилган маскан: Шимолий Кореядаги ҳеч ким яшамайдиган шаҳар
Корея яримороли иккига бўлингандан буён шимолдаги коммунистлар корейсларга «бахтли ва фаровон ҳаёт»ни ваъда қилиб, тарғибот олиб боради. Жануб эса эркин жамият ва бозор тамойилларига амал қилиш йўлида собитқадам эканини айтиб келмоқда. Вақт эса ким тўғри йўлда эканини яққол кўрсатмоқда.
1945 йил кузда, Япония иккинчи жаҳон урушида енгилганидан сўнг АҚШ ва СССР Корея яриморолини 38-параллелдан бўлиш бўйича келишувга эришади. Шундан сўнг мамлакат шимоли СССР, жанубий қисми АҚШ назоратига ўтади.
Гарчи Корея яримороли иккига бўлинган бўлса-да, АҚШ ва СССР яриморолни тўлиқ эгаллаб, унинг барча қисмини ўз назоратига олиш режасидан воз кечмаганди. Шу сабабли, яриморол иккига бўлингандан бошлаб ҳар икки томон ўз тарғиботларини бошлаб юборади.
Шимолдаги коммунистлар корейсларга «бахтли ва фаровон ҳаёт»ни ваъда қила бошлайди. Жануб эса инсон ҳуқуқларига риоя қилинадиган эркин жамият ва эркин бозор тамойилларига асосланган давлат қуришни режалаштиради.

Ҳар икки томон Корея яриморолига яккаҳукмронлик қилишни хоҳларди. Шу сабабли турли фитналар ортидан 1950 йилда яриморолда коммунистик тузум тарафдорлари бўлган шимолликлар ва АҚШ бошлиқ Ғарб билан яқин алоқа ўрнатишни хоҳловчи жанубликлар ўртасида фуқаролар уруши бошланади. Шимолликларга СССР армияси ёрдам беради, жанубликлар АҚШ армияси ёрдамига таянади.
Уч йил давом этган урушдан сўнг томонлар 1945 йилдаги келишув бўйича 38-параллел чизиғи атрофидан чегара ўтказилишига рози бўлади.
Шимолда коммунистик партия яккаҳокимлигига асосланган Корея Халқ Демократик Республикаси, жанубда эса Корея Республикаси тузилади. Шу тариқа 1945 йилгача Япония мустамлакаси бўлган Корея яриморолида иккита корейс давлати пайдо бўлади.

Яриморол иккита давлатга бўлингандан сўнг Корея Республикасига АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларидан кўп миқдорда инвестициялар киритилади ва мазкур давлат қисқа муддатда ривожланиб кетади.
Шимолдаги қўшнилар эса советлар ёрдами билан маъмурий буйруқбозликка асосланган давлат барпо этишади. Советлар томонидан қўйилган раҳбар Ким Ир Сен мамлакатни 1948 йилдан 1994 йилгача, яъни вафот этганча бошқаради.
КХДР аҳолиси Ким Ир Сен даврида асосан собиқ иттифоқдан оладиган ёрдами билан кун кўради. Шундай бўлса-да, бу мамлакат ўзининг қолоқ бир давлат эканини, аҳолининг турмуш даражаси жанубдаги қўшнилардан анча ортда қолиб кетганини яшириш учун доимий тарзда тарғибот олиб боради.
Жанубдаги қўшнилардан кам эмаслигини кўрсатиш учун шимолликлар ҳатто чегарадан жанубликларга кўриниб турадиган Кижондон қишлоғини шаҳарча кўринишида бутунлай янгитдан қуришади. Аммо бу шаҳарчада чегарачи ҳарбийлардан бошқа ҳеч ким яшамаслиги ва у тарғибот учун тикланганини барча билади.
Кижондон шаҳарчаси
Кижондон шаҳарчаси Шимолий Кореянинг Жанубий Корея ҳудудидан кўриш мумкин бўлган ягона аҳоли маскани ҳисобланади. Бу шаҳарча ўтган асрнинг 50-йилларида саноқли оила яшаган кичик бир қишлоқ бўлган.
Шимолликлар Жанубий Кореянинг жуда тез суръатда ривожланиб бораётганини кўриб туришарди. Шу сабабли, улар жанубликларга Корея халқ демократик республикаси ҳам улардан қолишмаётганини кўрсатиш учун чегара ҳудудида жойлашган Кижондон қишлоғини замонавий шаҳарчага айлантира бошлашади.
Бугун Кижондон замонавий шаҳарча кўринишини олган. Шаҳарчада бир қанча кўп қаватли уйлар билан бирга бошланғич ва ўрта мактаб, боғча, шифохона ва ҳарбий қисм жойлашган. Аммо кундузи шаҳарчада на аҳоли, на ўқувчилар ва боғча болалари, на ҳарбийлар кўринишади.
Шимолий кореяликларнинг расмий маълумотларида шаҳарчада 200 та оила яшаши ва аҳоли жамоа хўжалигида (колхоз) меҳнат қилиши айтилади. Шаҳарчани доимий равишда кузатиб келаётган жанубий кореяликлар у ерда ҳеч ким яшамаслигини маълум қилишган.
Кундуз кунлари шаҳарчада кам сонли қурувчилар ва ободонлаштириш ходимлари кўринади. Яна бир гуруҳ аёллар шаҳардаги биноларнинг ойналарини тозалаб юришади. Жанубий кореяликларга кўра, улар ҳарбийлар бўлиб, кундузлари шаҳарчада қурувчи ва ишчи қиёфасида юришади. Тунда эса жанубий кореяликларни кузатишади.
Жанубий кореяликлар узоқни кўрсатувчи телескоплар билан кузатиб, Кижондондаги уйларда ҳеч ким яшамаслиги ва улар бўм-бўшлигини, хонадонларнинг фақат ташқи томони жиҳозланиб, ичи ҳатто таъмирланмаганини кўришган. Жанубликлар ўз кузатувларига асосланиб, 15 йил давомида ойна тозаловчи аёллар ҳам ўзгармаганини айтишган.
Шунингдек, жанубликлар йиллар давомида шаҳарчадаги барча турар жой биноларида, кўп қаватли уйларда чироқ бир вақтда ёниб бир вақтда ўчишини қайд этишган.
1980-йилларда жанубий кореяликлар чегара яқинида баландлиги 98 метр бўлган флагшток ўрнатишади. Шундан сўнг шимолликлар ортда қолишни хоҳламай жанубликларнинг флагштокидан бироз баланд байроқ ўрнатишади. Шу тариқа икки ўртада «мусобақа» бошланади.
Охир-оқибат бу рақобатда 160 метр баландликдаги темир минорага улкан байроқ ўрнатган шимолликлар ғалаба қозонади. Ушбу рақобатни ғарб оммавий ахборот воситалари «байроқлар уруши» деб аташган.
Кижондондаги улкан байроқнинг оғирлиги 270 килограмм бўлиб, уни кўтаришга 50 киши керак бўлади.
Шаҳарчани кузатаётган жанубликлар ҳар куни эрталаб қуёш чиқиши арафасида ана шу минорага Шимолий Корея байроғи кўтарилишини қайд этишган.
2004 йилда Шимолий Корея телевидениесида Кижондон шаҳарчасининг тез суръатларда ривожланиб бораётгани ҳақида махсус кўрсатув намойиш этилади.
Кўрсатувда Шимолий Кореяга ҳамоҳанг тарзда Кижондонда ҳам одамлар фаровон яшаётгани ҳақида лавҳалар кўрсатилади.
Кижодондаги яна бир ўзига хос ускуна – бу жуда баланд овоз чиқара оладиган ўзига хос овоз кучайтиргичлар ҳисобланади. 2004 йилдан бошлаб шимолликлар улар ёрдамида жанубликларга суткасига 20 соатдан КХДРдаги «фаровон ҳаёт» ҳақида тарғибот матнларини ўқиб туришган. Бундан ташқари овоз кучайтиргичлар орқали мамлакат мадҳияси ва ҳарбий маршлар эшиттирилган.
Бунга жавобан, 2004 йилда Жанубий Корея томони ҳам Кижондондан 1800 метр узоқликда, чегара яқинида жойлашган Пханмунжом қишлоғига кучли овоз кучайтиргичлар ўрнатади. Жанубликлар улар орқали рок мусиқасини эшиттира бошлашади.
Орадан бир неча йил ўтиб икки томон овоз кучайтиргичларнинг фаолиятини тўхтатиш ҳақида келишувга эришади. Шундан сўнг ҳудуддаги шовқин – жанубликларнинг рок мусиқаси, шимолликларнинг гимни тўхтайди.
Бугун Кижондонни шимолий кореяликлар «Тинчлик шаҳри», жанубий кореяликлар эса «Тарғибот шаҳри», деб аташади.
Тарғиботлар наф бермаганда
Бугун КХДР ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий фарқ ер билан осмонча. Жанубликлар бир неча минг доллар маош олаётган ва мамлакатнинг ўзи ҳам иқтисодий томондан ниҳоятда ривожланиб кетган бир пайтда шимолликлар 100 доллар атрофида бериладиган камтарона маошга кун кўришга мажбур.
Шунингдек, жанубликлар дунёга машҳур бўлиб улгурган йирик компаниялари билан мақтанишса, шимолликлар узоқ масофаларга уча оладиган ракеталари ва ядро қуролига эгалиги билан мақтаниши мумкин.
Бундан ташқари, Шимолий Корея ёпиқ давлат бўлиб, унинг фуқаролари мамлакатдан хориж давлатларига эркин кириб чиқа олмайди. Ана шу омиллар туфайли, гарчи Шимолий Кореяда доим фаровон ҳаёт борлиги тарғиб қилинса-да, унинг аҳолиси жанубга қочиб ўтишга ҳаракат қилади. Ёки қўшни Хитойга чиқиб, мамлакатга қайтмайди.
Маълумотларга кўра, 1953 йилда уруш тугаб, Корея ярим ороли иккита давлатга бўлингандан буён Шимолий Кореядан Жанубий Кореяга 24 минг одам қочиб ўтган. Қочоқлар сони 2000 йилдан кейин кескин ошган.
Аксарият таҳлилчилар, ҳар икки давлат ўртасидаги чегара қаттиқ қўриқланишини, акс ҳолда шимолдан жанубга қочиб ўтган инсонлар сони бир неча баробар кўп бўлиши мумкинлигини айтишади.
1962 йилда Жанубий Кореяда «Шимолий Кореядан қочиб ўтаётган инсонларни ҳимоя қилиш ҳақида»ги қонун қабул қилинади. Қонунда шимолдан қочиб келганларга руҳий ва моддий ёрдам кўрсатиш, уларни жанубдаги ҳаёт тарзига мослаштириш, уларни иш билан таъминлаш кабилар назарда тутилган.
Шимолий Кореядан жанубга қочиб ўтганлар энг аввал хавфсизлик хизмати ходимларининг суҳбатидан ўтказилади. Улар Шимолий Кореядан махсус юборилган жосус эмаслигига ишон ҳосил қилингандан сўнг қочоқлар учун ташкил этилган махсус реабилитация марказига юборилади.
Марказда қочоқлар 3 ой давомида турли касблар бўйича ўқитилади. Шундан сўнг улар турли компанияларга ишга жойлаштирилади. Шу тариқа, шимолдаги «фаровон ҳаёт»дан безиб кетганлар Жанубий Кореядаги ҳақиқий фаровон ҳаётда яшай бошлайди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
20:01 / 01.03.2026
Ахлоққа зид ва ноқонуний. Россия, Шимолий Корея ва Хитой Хоминаийнинг ўлдирилишини қоралади
15:55 / 13.02.2026
Ким Чен Ин қизини ворис сифатида танлаб бўлган – Жанубий Корея разведкаси
21:21 / 26.12.2025
Сеул ва Вашингтонга жавоб: Кимнинг «орзу рўйхати»даги яна бир қурол деярли тайёр
20:02 / 05.11.2025