Шойгу Россияда қисман сафарбарлик тугаганини эълон қилди
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Путинга қисман сафарбарлик тугагани ҳақида баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, режалаштирилганидек, 300 минг захирачи сафарбар этилган.
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга қисман сафарбарлик тугаллангани ҳақида баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, жами, режалаштирилганидек, 300 минг захирачи сафарбар этилган. Улардан 218 минг нафари ҳарбий тайёргарликдан ўтмоқда, 82 минг нафари Украинадаги жанговар ҳудудларга юборилган. Бундан ташқари, Мудофаа вазири энди фақат контрактчи аскарлар сафарбар қилинишига ваъда берди.
Вазир сафарбар этилганларнинг 1300 нафари ижро ҳокимияти идоралари ходимлари, 27 мингдан зиёди тадбиркорлар эканини маълум қилди. Шунингдек, 13 минг фуқаро чақирувни кутмай, кўнгилли сифатида фронтга жўнаганини айтди.
«Бугун сафарбарликка чақирилган фуқароларни жўнатиш якунланди. Фуқароларга чақирув қоғози юбориш ҳам тўхтатилди. 300 минг кишини сафарбар қилиш учун қўйган топшириғингиз бажарилди. Қўшимча топшириқлар режалаштирилмаган», — деди Мудофаа вазири Путинга.
Қисман сафарбарлик доирасида чақирилганларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил этади, деди вазир. Шунингдек, сафарбар қилинган жангчилар жанговар фахрийлар мақоми ва «тегишли ижтимоий имтиёзлар пакетини» олишини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, Мудофаа вазири сафарбарликнинг дастлабки босқичида таъминот билан боғлиқ муаммолар бўлгани, ҳозирда улар бартараф этилганини таъкидлади. Бунга жавобан Владимир Путин ҳарбий рўйхатга олиш ва қабул қилиш бўлимлари иши билан боғлиқ тизимни модернизация қилиш зарурлигини айтди.
Владимир Путин 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Кейинроқ, Сергей Шойгу «махсус операция»да иштирок этиш учун 300 минг киши чақирилишини маълум қилди.
Шу билан бирга, президентнинг фармонида қанча одам сафарбар қилиниши ҳақида аниқ маълумот йўқ эди. Фармоннинг 7-банди «расмий фойдаланиш учун» сарлавҳаси билан ошкор қилинмади. Бироқ, президент матбуот котиби Дмитрий Песков бу бандда сафарбарлик вақти ва «300 минггача одам сони» назарда тутилганини айтди.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
20:43 / 13.11.2024