Украина ва Саудия Арабистони мудофаа вазирликлари мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришди. Бу ҳужжат, жумладан, технологик шериклик ва инвестициялар учун асос бўлади, шунингдек Киевнинг халқаро майдондаги ролини “хавфсизлик донори” сифатида мустаҳкамлайди. Бу ҳақда 27 март, жума куни Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

“Биз ўз тажрибамиз ва тизимимизни Саудия Арабистони билан бўлишишга, инсонлар ҳаётини ҳимоя қилишни кучайтириш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Украиналиклар бешинчи йилдирки, ҳозирда Эрон режими Яқин Шарқ ва Кўрфаз минтақасига қилаётгани каби баллистик ракеталар ва дронлар орқали амалга оширилаётган ҳужумларга қарши курашмоқда. Саудия Арабистонида эса Украина манфаатдор бўлган имкониятлар бор. Бу ҳамкорлик ўзаро манфаатли бўлиши мумкин”, — деб ёзди 26 мартдан буён Саудия Арабистонида ташриф билан бўлиб турган Украина етакчиси.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашувда, жумладан, “Россия томонидан Эрон режимига кўрсатилаётган ёрдам, ёнилғи бозорларидаги вазият ва эҳтимолий энергетик ҳамкорлик” муҳокама қилинган.

Зеленский, шунингдек, ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжат унинг бин Салмон билан учрашувидан олдин имзоланганини билдирди. Украина томонидан тадбирда, хусусан, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров, президент администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кислица ва Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Андрей Гнатов иштирок этган.

AFP агентлиги юқори лавозимли ҳукумат амалдорларига таяниб хабар беришича, келишув 26 март куниёқ имзоланган. Агентлик манбаларидан бирига кўра, “ҳужжатнинг моҳияти шундаки, Украина Саудия Арабистони ҳукуматига ҳозирда етишмаётган ҳаво ҳужумидан мудофаанинг барча зарурий компонентларини ишлаб чиқишда ёрдам беради”.

Бундан ташқари, агентлик суҳбатдошларидан бири маълум қилишича, келишув “фақат тутиб қолувчи воситалар билан чекланмайди, балки тизимнинг ўзи, уни ҳаво ҳужумидан мудофаанинг бошқа таркибий қисмлари билан интеграция қилиш, украин тажрибаси, сунъий интеллект ва, хусусан, Shahed туридаги дронларга қарши курашиш учун зарур бўлган маълумотларни таҳлил қилишнинг барча бошқа элементларини ҳам қамраб олади”.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери, бу можаро давомида Теҳрон Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар ҳудудидаги объектларга ҳам ҳужум қилган бир пайтда, Киев Эроннинг Shahed дронларидан ҳимояланиш бўйича ёрдам таклиф қилиб келмоқда. Бу дронлар Украинадаги урушда Россия армияси томонидан ҳам қўлланмоқда.