Ўзбекистон | 10:19 / 19.08.2024
10223
2 дақиқада ўқилади

Навоийда янги шаҳарча қурилишига тамал тоши қўйилди

Қарийб 1,1 минг гектар майдонда амалга ошириладиган қурилиш ишлари 2040 йилгача давом этади. Шаҳарчада “Янги Ўзбекистон” боғи ва маданий дам олиш сайилгоҳлари, Навоий давлат педагогика институтининг кампус типидаги янги бинолари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли тураржойлар, маиший хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари, кутубхона, сунъий кўл ва ҳунармандчилик устахоналари қурилади.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Навоийда Янги Навоий шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов, сектор раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда шаҳарча лойиҳаси тақдимоти ўтказилган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳира Рауфбоева маълум қилди.

Лойиҳа Кармана туманидан Навоий шаҳрига ўтказилган ҳудуд – Ёшлик маҳалласида амалга оширилмоқда. Шаҳарчанинг умумий майдони 1097,6 гектарни ташкил этиб, биринчи босқичда 450 гектар ер майдонида қурилиш ишлари бажарилиши режалаштирилган.

Лойиҳа Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузурида амалга оширилади. Бунинг учун “Янги Навоий шаҳарчаси” ишбилармонлик маркази дирекцияси” давлат муассасаси ташкил этилган. 

Шаҳарчада “Янги Ўзбекистон” боғи ва маданий дам олиш сайилгоҳлари, Навоий давлат педагогика институтининг янги бинолари (кампус типида) ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли тураржойлар, тадбиркорлик ва ишбилармонлик, маиший хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари бўлади. Шунингдек, ҳудудда кутубхона, сунъий кўл ва ҳунармандчилик устахоналари бунёд этилади.

Қурилиш ишлари Хитой, Туркия ва маҳаллий қурилиш компаниялари томонидан амалга оширилмоқда. Ҳозир e-auksion.uz платформаси орқали 20 га яқин лотлар хариди эълон қилинган.

Мавзуга оид