Ўзбекистон | 18:48
1657
2 дақиқада ўқилади

Навоийда кучли сел келди. Талафотлар бор

Хатирчи туманида 7 та машина, бир нечта уй-жойлар сел оқимларидан зарар кўрди. Туманнинг Ангидон, Лангар, Каттасой ва Майдонсой ҳудудларида сой яқинида яшовчи аҳоли вақтинчалик хавфсиз ҳудудга кўчирилган.

Видеодан кадр

Навоий вилояти Хатирчи туманида кучли сел оқимлари кузатилди. Ҳодиса гувоҳларининг Kun.uz'га хабар беришича, жиддий талафотлар бор.

Ҳолат экс этган видеоларда сел машиналарни оқизиб кетганини, йўлга зарар етказганини кўриш мумкин. Гувоҳлардан бири битта уй қулаганини ҳам айтиб ўтган.

Қишлоғимизга кириш ва чиқишдаги асосий иккита йўлни ҳам сел босди. Йўллар яроқсиз ҳолга келмаган бўлсин, деб турибмиз. Йўқса, қишлоққа кириб-чиқиш маълум муддат чекланиб қолиши мумкин”, дейди Kun.uz билан гаплашган Лангар қишлоғида яшовчи гувоҳлардан бири.

Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, Хатирчи, Кармана ва Нурота туманларининг айрим ҳудудларида сел оқимлари кузатилиб, 2 та машина, 5 бош йирик шохли мол сел оқимида оқиб кетган. 7 та хонадон томорқа ҳудудларига сув киргани аниқланган.

“Оқибатларни бартараф этиш ишларига жами 37 та махсус техника ва 173 нафар шахсий таркиб жалб этилган. Фуқаролар орасида тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмади”, дейилади хабарда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Хатирчи туманида автомобил йўлининг бир қисми харсанг тошлар билан тўсилиб қолиши оқибатида 7 та машина ва бир нечта уй-жойлар сел оқимларидан зарар кўрган.

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ангидон, Лангар, Каттасой ва Майдон сойлари яқинида яшовчи аҳоли вақтинчалик хавфсиз ҳудудга кўчирилган.

Айни пайтда вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ҳудудларда мониторинг ишлари давом эттирилмоқда, дейилади ФВВ хабарида.

Аввалроқ Қашқадарёда 25 ёшли йигит сел оқизиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид