Иқтисодиёт | 14:00 / 27.11.2023
22348
2 дақиқада ўқилади

Янги ИЭС 3 миллионта хонадоннинг бир йиллик энергия истеъмолини қоплаши маълум қилинди

Сирдарё вилоятида бугун 1-блоки ишга туширилган 1500 мегаваттлик янги иссиқлик электр станцияси 2024 йил 1-чорагида тўлиқ қувватда ишлай бошлайди ва 3 миллиондан ортиқ хонадоннинг бир йиллик истеъмолини қоплайдиган даражада электр энергияси ишлаб чиқаради. Замонавий турбиналар йилига 1,1 млрд кубометр табиий газни тежайди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут тумани ҳудудида Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси томонидан қурилаётган, жами қуввати 1500 MW бўлган замонавий иссиқлик электр станциясининг дастлабки босқичи тармоққа уланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони қироллиги инвестиция вазири Холид ал-Фолиҳ иштирок этди. Давлат раҳбари махсус тугмани босгач, замонавий станциянинг илк 500 MW қувватга эга биринчи блоки ишга тушди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жорий йил якунига қадар бу станциянинг қуввати босқичма-босқич 1000 MWга, 2024 йилнинг биринчи чорагида тўлиқ 1500 MW қувватга чиқарилади. Лойиҳа қиймати 1,1 млрд долларни ташкил этади.

Бу нима беради?

Станция тўлиқ ишга туширилгач, йилига 12 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу ҳажмдаги электр энергияси Ўзбекистондаги 3 миллиондан зиёд хонадоннинг бир йиллик ёки барча аҳоли истеъмолчиларининг қарийб 8 ойлик истеъмолини қоплаш имконини беради.

Энергетика вазирлигининг маълумотларига қараганда, янги ИЭСда “Mitsubishi” (Япония) компаниясининг дунёдаги энг замонавий ва энергия тежамкор газ турбиналари ўрнатилиши ҳисобига йилига 1,1 млрд кубометр табиий газ тежалади.

Лойиҳа Саудия Арабистонининг ACWA Power компаниясининг тўғридан тўғри инвестициялари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид