Ўзбекистон | 22:34 / 03.05.2026
937
1 дақиқада ўқилади

Президент ACWA Power компанияси раҳбари билан “Янги Тошкент” халқаро аэропорти қурилишини бошлаш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ACWA Power компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув давомида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда шериклик алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон “яшил” энергетика соҳасининг асосий ҳамкори бўлган ACWA Power фаолиятини юқори баҳолади. Ўтган йил декабр ойида бошланган янги инвестиция ташаббуслари, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш лойиҳалари белгиланган режалар асосида изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.

Мулоқот давомида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Янги Тошкент” халқаро аэропорти қурилишини бошлаш, Фарғона шаҳрида кўп тармоқли тиббиёт муассасасини барпо этиш, IT-паркда замонавий маълумотлар марказини ишга тушириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида саудиялик инвесторлар Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва яратилган қулай инвестиция муҳити учун миннатдорлик билдириб, лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид