“Ўзбекнефтгаз”: Электр тармоқларида электр таъминотининг узилиши туфайли табиий газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қурилмалари авариявий ҳолатда тўхтади
Жорий йилнинг 19 июнь куни соат 06:25 да “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишлаб чиқариш объектларини таъминлаб турган Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари" АЖга қарашли "Бухоро"-220/110/35 кВ подстанциясидан тармоқланган "Бухоро Ҳудудий электр тармоқлари" АЖга тегишли "Газли-1" 110 кВ ҳаво линиясида электр энергиянинг қисқа муддатли ўчиши содир бўлди.
Бунинг натижасида, жамият тасарруфидаги “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли “Ғарбий” компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегати, 3 та газни олтингугуртдан тозалаш технологик қурилмалари ва технологик қурилмаларга иссиқлик энергиясини етказиб турган 5 та буғ қозонлар меъёрий иш режимидан авариявий ҳолатда тўхтади.
Ушбу ҳолат “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” томонидан қазиб чиқариладиган ва ишлаб чиқарилаётган углеводородлар ҳажмига салбий таъсир кўрсатиб, 300 минг куб метр табиий газ, 150 тонна газ конденсати, 100 тонна суюлтирилган газ маҳсулотлари қазиб ва ишлаб чиқарилмаслигига олиб келди.
Бу эса ўз навбатида, “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурлари орқали Ўзбекистон республикасида фаолият олиб бораётган йирик турдаги ва улгуржи истеъмолчиларга табиий газни ўз вақтида етказиб беришда узилишларга, табиий газ сифат кўрсаткичларининг бузилишига сабаб бўлади.
Электр таъминоти қайта тиклангандан сўнг, бошқарманинг малакали мутахассислари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида тўхтаб турган газ ҳайдаш агрегати, технологик қурилмалар ва буғ қозонлари бирин-кетин ишга туширилди.
Ҳозирда технологик қурилмаларни тўлиқ иш режимида ишлашини таъминлаш бўйича барча зарурий ишлар олиб борилмоқда ва “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурларига табиий газ етказиб бериш ҳажми босқичма-босқич тикланмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ объектларида электр таъминотининг ўчиб-ёниши натижасида, Жамият тасарруфидаги бошқарма ва заводларнинг технологик қурилмаларига жиддий зарар етказибгина қолмай, қимматбаҳо ҳисобланувчи технологик ускуна ва қурилмаларнинг ишдан чиқишига, улардан фойдаланиш муддати кескин қисқаришига сабаб бўлмоқда.
Биргина, жорий йилнинг 17 июнь куни “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли объектларида электр таъминотининг қисқа муддатга ўчиб ёниши натижасида, тўхтаб қолган технологик қурилмаларни қайта ишга тушириш ва нормал иш режимига олиб чиқиш ишларига 2 кун вақт сарфланди.
Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимидаги бошқармалар ва корхоналар томонидан жами 6,9 млн куб метр табиий газ, 430 тонна газ конденсати, 171 тонна суюлтирилган газ, 22 тн. полиэтилен маҳсулотлари қазиб олинмади ва ишлаб чиқарилмади.
Электр таъминоти билан боғлиқ рўй бераётган бундай узилишлар сабаб, Жамият томонидан қазиб олинадиган ва ишлаб чиқарилаётган углеводородлар ҳажмларининг кескин камайишига, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан бажарилиши лозим бўлган прогноз кўрсаткичларнинг ўз вақтида бажарилмаслигига олиб келмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024