Ўзбекистон | 12:06 / 29.12.2021
3424
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ВССБ бошлиғи: «Туҳматчилар тегишли жазосини олади»

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи 80 минг доллар пора олаётганда ушлангани ҳақида хабар тарқалди. 2021 йил 28 декабр куни вилоят ССБда мазкур хабар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, матбуот анжуманида «80 минг доллар олаётганда қўлга олингани» айтилган вилоят ССБ бошлиғи Давронбек Жуманиёзовнинг ўзи ҳам қатнашган ва ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берган.

«Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мен билан боғлиқ ёлғон хабар тарқатилди. Айримлар 80 минг доллар ҳақида ёзишди, улар бу суммани қаердан олишди билмайман», дейди Д.Жуманиёзов.

Д.Жуманиёзовнинг айтишича, у ҳақда туҳмат хабар тарқатган шахслар ҳақида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилинган. Хабарни тарқатганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Улардан бири, самарқандлик шахс ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш чораси қўлланган. Ҳозирда ички ишлар ва прокуратура органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Бундай туҳмат хабарлар олдин ҳам 1-2 марта тарқатилган ва биз эътибор бермаган эдик. Бу сафар индамай ўтиб кета олмадик. Ҳозир шу туҳмат хабар биринчи бўлиб кимдан чиққани қидириляпти. Барчаси ойдинлашгач қўшимча маълумот берамиз», деган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Мавзуга оид