Ўзбекистон | 22:53 / 27.11.2019
3974
3 дақиқада ўқилади

Янги йилдан кўзи ожиз болалар мусиқа мактабларида бепул ўқийди — Маданият вазири

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 312та болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият юритяпти. Ушбу муассасалар 2 сменада ишлагани боис уларга 93 минг 277 нафар ўғил-қиз қамраб олинган. 2,5 мингга яқин имконияти чекланган, Республика ва халқаро танловларда ғолиб бўлган ҳамда кам таъминланган оила фарзандлари бепул ўқийди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида Маданият вазирлиги вакили томонидан маълум қилинишича, жорий йил декабрь ойида Инвестиция дастури асосида қурилган 12та ана шундай мактаблар фойдаланишга топиширилиши кўзда тутилган.

«Мусиқа мактабларига тааллуқли қатор муаммолар мавжуд. Уларга аста-секин ечим топяпмиз. Шу йилнинг февралида Ўзбекистон давлат Консерваторияси ҳузурида малака ошириш маркази ташкил этилди. Ўтган вақт ичида бу ерда минг нафарга яқин кадрлар малакаси оширилди. Улар охирги марта 1994-1995 йилларда малака оширган экан.

Айни пайтда марказ биноси янада кенгайиб, қурилиш ишлари кетяпти. Келаси 2020 йилда яна 3 минг нафар педагогларни малака оширишга жалб қилмоқчимиз. Улар аттестациядан ўтиб, малака тоифани ҳам олиб кетиш имкониятига эга бўлишади», деди вазирликнинг бошқарма бошлиғи Собир Мадиев. 

Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ҳозирда болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчиларга нисбатан талаб кучлилигини айтиб ўтди.

«Аччиқ бўлса ҳам бир ҳақиқатни айтаман: мусиқа мактаблардаги педагогларнинг 36 фоизигина олий маълумотга эга, холос. Жорий ўқув йили олдидан Консерваторияда 5 йиллик иш стажига эга ўқитувчилар учун сиртқи бўлими очилди. Ҳозир 104 нафар талаба билим оляпти. Шу йўл билан олий маълумотли ўқитувчилар сонини ошириш ниятидамиз. Куни кеча кўзи ожиз болалар мусиқа ва санъат мактабларида бепул таҳсил олиши бўйича қарор чиқардим. Улар янги йилдан тўлов амалга оширмай ўқиш имкониятига эга бўлишади», дея Маданият вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида «Имконияти чекланган болаларда мактабларга тўлов муаммоси – Уларга имкон ва имтиёз бериладими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳридаги 77-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда филиал сифатида фаолият юритаётган 17-сонли мусиқа ва санъат мактабида ҳам таҳсил олаётган кўзи ожиз болаларнинг машғулотларга тўлов қилиш борасида қатор муаммоларга дуч келишаётгани баён этилганди.

Мавзуга оид