Жамият | 14:31 / 04.06.2021
4522
2 дақиқада ўқилади

Йил охиригача 70та имконияти чекланган болалар боғчаси махсус ускуналар билан жиҳозланади – Мактабгача таълим вазирлиги

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига махсус ускуналар тарқатилди. Йил охиригача мамлакат бўйича 70та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари махсус жиҳозлар билан тўлдирилиши кутилмоқда.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

3 май куни Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига махсус ускуналар тарқатилди. Улар ичида имконияти чекланган болалар учун ортопедик юриш тренажёрлари, болаларда сезувчанликни ривожлантирадиган рангли тўп билан тўлдирилган қуруқ ҳовуз, болалар учун массаж ва гимнастика матраслари бор.

"Мактабгача таълим ёшидаги болада муайян ривожланиш касалликлари бўлса, бу болага комплекс тарзда ёрдам бериш керак. МТТга тарқатилган ускуналар, яъни коррекцион, педагогик ва реабилитация мосламалари ёрдамида бунинг имкони туғилди. Яъни, энди имконияти чекланган болага МТТда ҳам ёрдам кўрсатилиб, аҳволи яхшиланишига кўмаклашиш мумкин”, деди Мактабгача таълим вазирлиги болалар саломатлиги, соғлом овқатлантиришни таъминлаш ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Умида Муҳиддинова.

Қайд этилишича, “Тошкент шаҳрида коррекцион-педагогик ва реабилитация ускуналари билан жиҳозланган давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТларини ташкил қилиш дастури”нинг 1-босқичи 2021 йил мартда ўтказилган. Унда Тошкент шаҳридаги 17та кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТга замонавий асбоб-ускуна, дидактик материал, махсус ўйинчоқлар етказилган.

Умида Муҳиддинованинг маълум қилишича, кейинги босқичларда Тошкент шаҳридаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТни махсус ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Мамлакат бўйича 70та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари йил охиригача махсус жиҳозлар билан тўлдирилиши кутилмоқда.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид