11:04 / 24.08.2018
52660

Президент давлат стипендияси қандай талабаларга тайинланади?

Фото: fondkarimov.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида” 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиялари, номли Давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорининг 3-иловаси ўз кучини йўқотган деб топилади.

Низомга кўра, олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари давлат олий таълим муассасаларида бутун ўқиши давомида фақат аъло баҳоларга ўқиётган охирги курс Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган талабаларга тайинланади.

Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги давлат стипендиялари (кейинги ўринларда — номли давлат стипендиялари деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат бўйича ўқиётган охирги икки курс Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган талабаларга тайинланади.

Келгуси ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари сони жорий ўқув йили охирида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасалари бўйича номли давлат стипендияларини тақсимлашни таълим ихтисосига ва талабалар сонига мувофиқ амалга оширади.

Стипендияларни тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:

аъло ўқиш ва илмий (ижодий) ишларда иштирок этиш;

камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги;

тилларни — давлат тилини ва битта хорижий (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) тилни билиш, бакалавриатдаги таълим йўналиши хорижий тил ҳисобланган алоҳида ҳолларда қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади;

тилларни билиш бўйича умумий талаблар даражаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан, олий таълим муассасаларининг тиллар бўйича ихтисослашмаган мутахассисликлар учун хорижий тилларга бўлган талаблари ҳажмида белгиланади.

Олий таълим муассасасининг расмий веб сайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиялари ва номли давлат стипендияларига танловлар бўйича алоҳида бўлим (саҳифа) очилади. Ушбу бўлимда танловларнинг эълон қилиниши, ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда танловларни ўтказиш муддатлари, талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар, танловларнинг ҳар бир босқичи ва натижаси тўлиқ ёритиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиялари ва номли давлат стипендияларига талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун факультет кенгашига қуйидагиларни тақдим қиладилар:

синов дафтарчасидан кўчирма;

деканат, кафедранинг тавсияномаси;

илмий (ижодий) иш раҳбарининг фикр-мулоҳазаси;

илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари;

тиллар кафедрасининг суҳбат натижалари ҳақидаги маълумотномаси.

Барча ҳужжатлар жилдга тикилган ёки папкага жойланган ҳолда тақдим этилади. Муқовада Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси ёки номли давлат стипендиясининг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, факультети, курси, гуруҳи кўрсатилади.

Факультет кенгашида декан, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирокида талабгорлар билан ўқув ва илмий фаолиятлари бўйича суҳбат ўтказилади ва уларнинг йиғма жилдлари (бутун ўқиши давомида ўзлаштириш кўрсаткичи, илмий ишлари, эришган ютуқлари) батафсил ўрганиб чиқилади ва натижалари энг юқори талабгорлар кейинги босқичга тавсия этилади.

Факультет кенгаши томонидан тавсия этилган талабгорларнинг йиғма жилдлари 30 августгача Олий таълим муассасаси кенгашига тақдим этилади.

Олий таълим муассасаси проректорлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида белгиланган график асосида ҳар бир номзод 1 сентябрдан 15 сентябрга қадар талабалик даврида эришган ўқув, илмий, маънавий-маърифий фаолияти тўғрисида олий таълим муассасаси кенгашида тақдимот қилади.

Олий таълим муассасасининг расмий веб-сайти орқали 16 сентябрдан 25 сентябргача бўлган муддатда олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан электрон овоз бериш орқали сўровнома ўтказилади.

Берилган овоз натижаларига кўра олий таълим муассасаси кенгаши қарори билан давлат стипендиясига тавсия этиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этилади.

Танловларнинг сўнги босқичи - суҳбат Олий таълим муассасаси кенгаши қарори билан тузилган олий таълим муассасаси ректори раислигидаги махсус танлов комиссияси томонидан ўтказилади.

Махсус танлов комиссияси таркибига олий таълим муассасаси проректорлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, жамоатчилик кенгаши аъзолари киритилади.

Махсус танлов комиссияси фаолиятига бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар ҳамда кадрларнинг асосий истеъмолчилари бўлган корхона ва ташкилотлардан раҳбар ва ходимлар келишув асосида таклиф этилади.

Суҳбат натижаларига кўра танлов ғолиблари махсус танлов комиссияси аъзоларининг яширин овоз бериш йўли билан аниқланади.

Олий таълим муассасаси ректори Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси танлови ғолибини тасдиқлаш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъатига тақдим этади.

Махсус танлов комиссиясининг қарори олий таълим муассасаси ректорининг талабаларга номли давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштириши учун асос бўлади.

Стипендиялар 1 сентябрдан бошлаб, бир йил муддатга, белгиланган миқдорга қатъий мувофиқ ҳолда тайинланади.

Давлат стипендиялари танловларида ғолиб бўлган талабаларга Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда тегишли олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланган қуйидаги гувоҳномалар берилади:

«Беруний давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Ибн Сино давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Навоий давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Улуғбек давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Имом ал-Бухорий давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Ислом Каримов давлат стипендиясининг соҳиби».

Гувоҳномалар талабаларнинг ўқиш жойида тантанали вазиятда топширилади.

Давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар бакалавриатни тугатганидан сўнг бир йил мобайнида, тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз, грант асосида қабул қилинадилар.

Давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар ўқишни тугатганларидан сўнг бир йил мобайнида магистратурада ўқишни давом эттириш учун хорижга юборилаётган ёшлар гуруҳлари таркибига киритилишда устунликка эга бўлиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.

Кундалик дарсларни ўзлаштирмаганлик, ўқув интизомини ва илмий одоб-ахлоқни бузганлик учун ўқув йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясидан маҳрум қилиш давлат олий таълим муассасалари тақдимномаларига биноан тегишли вазирликлар ва идоралар буйруқлари билан, номли давлат стипендияларидан маҳрум қилиш факультетларнинг тақдимномаси билан олий таълим муассасаси буйруғи билан амалга оширилиши мумкин.

Талабаларнинг давлат стипендияларини тайинлаш бўйича ариза ва шикоятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Top