Ўзбекистон | 21:05 / 16.02.2026
14664
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бу йил Рамазон ойи 19 февралдан бошланади

Ўзбекистонда 2026 йилги Рамазон ойининг бошланиш санаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Президент «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорини имзолади. Унга кўра, 2026 йилги муборак Рамазон ойининг бошланиши 19 феврал кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

«Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимизда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширсин», – дейилади қарор матнида.

«Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» ғояси асосида қуйидагилар амалга оширилади:

  • кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
  • маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш;
  • ер, сув, ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод этиш;
  • Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказиш.

Аввалроқ Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг Фатво ҳайъати Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишида ҳам 2026 йил Рамазон ойи 19 феврал куни бошланиши, Рамазон ҳайити эса 20 март, жума кунига тўғри келишини маълум қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид