Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рақобат қўмитаси кафе ва ресторанларни Рамазонда истеъмолчиларга «сет»ларни мажбурлаб сотмасликка чақирди
Рақобат қўмитаси Рамазон ойида айрим кафе ва ресторанларда «сет»ларни мажбурий сотиш ҳолатлари кузатилишини қайд этиб, корхоналар мижозларни қўшимча таом ва хизматларни харид қилишга қистамаслиги ва эркин танлов ҳуқуқини чекламаслиги кераклигини таъкидлади.
Иллюстратив фото
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси умумий овқатланиш корхоналарини Рамазон ойида мижозларни «сетлар» (комплекс овқатлар тўплами) харид қилишга мажбурламасликка чақирди.
Қўмита маълум қилишича, айрим кафе, ресторан ва ошхоналарда Рамазон даврида «акция сетлар» жорий қилиниб, уларни мажбурий тарзда таклиф қилиш, шунингдек, минимал нарх белгилаб, бошқа танловни чеклаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса истеъмолчиларнинг эркин танлов ҳуқуқларини чеклаш аломатларини кўрсатади.
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар ва хизматларни эркин танлаш ҳамда уларнинг сифатли бўлишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги эслатилган. 21-моддага кўра эса сотувчи ёки ижрочи истеъмолчини қўшимча товарлар харид қилишга ёки хизматлардан фойдаланишга мажбурлай олмайди.
Қўмита умумий овқатланиш корхоналари хизмат кўрсатиш жараёнида мижозларни қўшимча маҳсулот ва хизматларни олишга қистамаслиги, «сет»дан бош тортган тақдирда таомномадаги бошқа таомларни буюртма қилиш ҳуқуқини чекламаслиги лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, истеъмолчилар соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, жумладан аллергия чақирувчи таркибий қисмлар инобатга олинмасдан, таомларни овқатлар тўплами таркибида мажбурий сотиш ҳолатларига йўл қўймаслик кераклиги қайд этилди.
Рақобат қўмитаси бу каби ҳолатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиши мумкинлигини таъкидлаб, қонун талаблари бузилган тақдирда белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилишини эслатди.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси йирик савдо тармоқлари ва мажмуаларини Рамазон ойида ижтимоий муҳим маҳсулотлар нархини асоссиз оширмаслик бўйича огоҳлантирганди.
Мавзуга оид
09:31
ЙҲХХ фуқаролардан таровиҳ намозларига жамоат транспортида келишни сўради
21:05 / 16.02.2026
Ўзбекистонда бу йил Рамазон ойи 19 февралдан бошланади
18:14 / 16.02.2026
Рақобат қўмитаси Рамазон ойида нархларни назорат қилади
17:01 / 13.02.2026