Жаҳон | 22:19 / 16.07.2025
5653
3 дақиқада ўқилади

Туркия ва АҚШ Исроилдан Сурияга ҳужумларни тўхтатишни сўради

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳужумларини «тинчликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини саботаж қилишга уриниш» деб атади. Айни вақтга келиб Дамашққа берилган зарбалар оқибатида 3 киши вафот этган, 34 киши яраланган.

Фото: Reuters

Исроил армияси 16 июл куни Дамашқ шаҳрида жойлашган Сурия армиясининг штаб-квартирасига ҳужум уюштирди. Шу билан бирга, у жанубий Сувайда шаҳридаги Сурия кучларига қарши зарбаларни ҳам давом эттирмоқда.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Дамашққа уюштирган ҳужумларини «Суриянинг тинчликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини саботаж қилиш уриниши» деб атади.

«Сурияликлар олдида тинчликда яшаш ва дунё билан интеграциялашиш бўйича тарихий имконият турибди. Бу имкониятни қўллаб-қувватлайдиган барча томонлар Сурия ҳукуматининг тинчликни ўрнатиш йўлидаги ҳаракатларига ҳисса қўшишлари керак», дейилади баёнотда.

Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроилнинг Дамашққа уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони аввалги бир кишидан камида уч нафарга етди. Шунингдек, камида 34 киши жароҳат олгани билдирилди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроилнинг Дамашққа ҳужумлари юзасидан берган саволга жавобан АҚШ «жуда хавотирда» эканини билдирди.

«Бу масала устида айни пайтда ишлаяпмиз. Мен эндигина тегишли томонлар билан телефон орқали мулоқот қилдим. Бу бизни жуда ташвишга солмоқда ва умид қиламизки, бугун янгиланган маълумотлар бўлади», - дея АҚШ бош дипломатининг сўзларини келтирмоқда Reuters агентлиги.

Рубио шунингдек, АҚШ жанубий Сурияда ҳукумат кучлари ва друз жангчилари ўртасида тузилган сулҳнинг бузилиши ортидан жанглар дарҳол тўхтатилишини хоҳлаётганини айтди.

Ахиос нашрининг хабар беришича, Трамп маъмурияти чоршанба куни яна Исроилдан Сурияга уюштирилаётган ҳужумларни тўхтатишни ва Дамашқ ҳукумати билан музокараларга киришни сўраган. Нашр ушбу сўров Дамашқдаги ҳарбий штаб ва президент саройи яқинидаги зарбалардан олдин ёки кейин берилганига аниқлик киритмаган.

Дамашққа ҳужумлардан бироз ўтиб, Сурия Ички ишлар вазирлиги Сувайдода сулҳ тузилганини тасдиқлади. Шунингдек, друзлар диний етакчиси Юсуф Жарбоу ҳам Сувайдо вилоятида ҳукумат билан дарҳол кучга кирувчи янги келишувга эришилганини билдирди. У бу баёнотни давлат ОАВ орқали эфирга узатилган видеода эълон қилди. Ҳозирча келишув тафсилотлари ошкор этилмади.

Друзларнинг яна бир диний раҳбари Ҳикмат ал-Ҳожари эса Сувайдо тўлиқ озод этилмагунча жанглар давом эттирилиши кераклигини айтган.

Исроилнинг ўта ўнг қанотга мансуб миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир эса Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръани йўқ қилиш кераклигини айтган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид