Ўзбекистон | 00:06 / 14.08.2018
7405
2 дақиқада ўқилади

6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда Халқаро Мақом санъати форуми ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 апрелдаги қарори билан жорий йилнинг 6 сентябридан 10 сентябрига қадар Шаҳрисабзда биринчи марта Халқаро Мақом санъати форуми ўтказилади. 

Тадбирда таниқли хорижий мусиқашунос-олимлар ва мақом санъати тадқиқотчилари, шунингдек Ўзбекистоннинг машҳур хонандалари ва шу соҳа етакчи мутахассисларининг иштироки кутилмоқда. Форум кунлари Шаҳрисабзга дунёнинг 70 мамлакатидан 500 нафарга яқин иштирокчи ва меҳмонлар ташриф буюришади. Тадбирни муносиб ўтказиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкилий ишлар ва хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлашда фаол иштирок этмоқда.

Халқаро Мақом санъати форумига тайёргарлик доирасида шаҳарнинг туристик инфратузилмасини тайёрлаш, форум иштирокчилари ва меҳмонлари учун халқаро стандартлар даражасида сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда.

Форум иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида Шаҳрисабзнинг тарихий марказида "Маълумотлар марказлари" фаолияти ташкил қилинди. Иштирокчи ва меҳмонлар нафақат форум ҳақидаги, балки сайёҳлик  пунктлари, меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа кўнгилочар мажмуалар ҳақида маълумот олишлари мумкин.

Асосий тадбирдан ташқари, меҳмонлар ва иштирокчилар вақтини чоғ ўтказишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси томонидан миллий таомларни тайёрлашга доир маҳорат дарслари ўтказилади. "Чорсу" санъат галереясида миллий либослар намойиши бўлиб ўтади. Ўзбекистон Аэронавтика федерацияси аэростатларда парвозларни амалга оширади. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид