Жаҳон | 11:07 / 03.01.2023
10402
4 дақиқада ўқилади

Корея: Сеул АҚШ ядро қуроли билан машғулот ўтказиш бўйича музокара олиб боряпти

Сеул ва Вашингтон АҚШ ядро қуроли билан машғулотлар ўтказиш бўйича музокара олиб боряпти, деб маълум қилди Юн Сеок Ёлнинг идораси. Байден аввалроқ қўшма ядровий манёврлар ҳақида гап кетмаётганини айтган эди.

Фото: Tasnim

Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар маълумот алмашиш ва Қўшма Штатлар ядро қуроли иштирокидаги режаларни биргаликда амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги 3 январь, сешанба куни Корея Республикаси президенти Юн Сеок Ёл девонига таяниб маълум қилди.

Бир кун аввал Корея Республикаси раҳбари Вашингтон ва Сеул Шимолий Кореянинг ядровий таҳдидларига қарши курашиш бўйича қўшма режалаштириш ва машғулотлар ўтказиш бўйича музокаралар олиб бораётганини айтганди.

Кейинроқ Оқ уйдаги мухбирнинг бундай мулоқот бўляптими, деган саволига АҚШ президенти Жо Байден «Йўқ», деб жавоб берди. У бошқа тафсилотларни айтмади.

Корея Республикаси президентининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича катта котиби Ким Юн Хе шундай деди: «Reuters мухбири президент Байдендан тўғридан тўғри қўшма ядровий машғулотлар муҳокама қилиняптими ёки йўқми, деб сўраганида, у: "Йўқ", жавоб бериши керак эди. Ядро машғулотлари ядровий давлатлар ўртасида қўлланадиган атамадир», — деди Ким Ин Хе.

«Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг ядровий қуролига жавоб бериш учун АҚШ ядровий имкониятларидан фойдаланиш билан боғлиқ ахборот алмашиш, биргаликда режалаштириш ва кейинги ўзаро режалар бўйича музокаралар олиб бормоқда», деди у.

Reuters эслатишича, Байден Виржиния оролларидаги таътилдан яқинда қайтган ва у ерда унга миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан ҳамроҳлик қилган.

Reuters агентлиги Байден маъмуриятининг юқори мартабали мулозимига таяниб, Сеул ва Вашингтон маълумот алмашиш, фавқулодда вазиятлар режалари ва таклиф қилинган ҳарбий машқларни кенгайтиришни кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди.

Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (EEAS) 2 январь куни КХДРни «ўтган ҳафтада содир бўлган ҳарбий кескинликни кучайтирувчи, жумладан, ўз чегараларидан ташқарига ракета учирилиши ва учувчисиз учоқлар парвози»ни тўхтатишга чақирди.

Брюссел «КХДР томонидан БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузиш давом этаётгани ва унинг бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттириш ниятидан далолат берувчи сўнгги баёнотлари Шимолий Корея халқига фойда келтирмаслигига» ишонч билдирди.

Европа Иттифоқи КХДРни ядросизланиш йўлида ишончли қадамлар қўйишга чақирди - тўлиқ, текширилиши мумкин бўлган ва қайтариб бўлмайдиган тарзда, деди EEAS.

Жанубий Корея штаб бошлиқлари қўмитаси маълумотларига кўра, Пхенян 1 январь куни яна қисқа масофага учувчи баллистик ракетани синовдан ўтказди.

Бундан олдин, 2022 йил 31 декабрда Шимолий Корея Япон денгизи томон учта қисқа масофали баллистик ракета учирди. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 28 декабрь куни КХДРда бўлиб ўтган ҳукмрон Корея Меҳнат партияси конференциясида 2023 йилда мамлакат ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш мақсадларини белгилаб берди.

Шимолий Корея 2022 йилда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ракета учирди, дея таъкидлади Reuters: Пхенян йил бошидан бери 50 дан ортиқ ракета синовларини ўтказди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид