Қўқон педагогика институтида қизларнинг ётоқ хонасига яширин камера ўрнатилди: мақсад нима?
Институт ётоқхонасининг талаба қизлари яшовчи хонасига яширин камера ўрнатилган. Қизлар бу ҳақда проректор ва ректорга арз қилиб, ўзлари балога қолиб кетай дейишган.
Қўқон давлат педагогика институтида ўқувчи бир неча талаба-қиз Kun.uz'га мурожаат қилди. Талабаларнинг айтишича, 1 апрел куни уларни референдум тарғибот тадбиридан зудлик билан чақириб, ётоқхона (талабалар турар жойи)даги хонани очиб беришни сўрашган. “Вай-фай сигнали йўқолиб қолаётгани сабабли уни кучайтирувчи мослама ўрнатилиши”ни айтишган.
Қизлар хонани очиб беришганидан сўнг, усталар кириб, симларга тегишиб, нимадир ўрнатишган.
Табиийки, қизлар бундан шубҳаланишган. Хонанинг юқори бурчагига ўрнатилган мосламани очиб кўришган. У учта шуруп билан қотирилган. Тўртинчи шуруп жойига шуруп қотирилмаган, лекин қора нарса бўртиб турганини кўришган. Кейинчалик бу нарса яширин камеранинг митти объективи экани маълум бўлган.
Қизлар ўрнатилган мосламани ечиб олиб, мутахассисларга олиб бориб, кўрсатишган. Улар бу матоҳ яширин камера эканини айтишган.
Камера овоз ва тасвирни флеш-дискка ҳам ёзиб олишини, тармоқ орқали бошқа қурилмага узатишини ҳам айтишган. Яъни хонани бу камера орқали онлайн кузатиб туриш имкони ҳам бўлган.
Қизлар камерага бириктирилган 128 Gb ҳажмдаги флэш-дискни очиб ўқитиб кўришганида, уларнинг уйдан келиб, яланғоч кийим алмаштираётганлари ҳам тасвирга тушганига гувоҳ бўлишган.
«Тадбирдан шошилинч етиб келиб, хонамизга нима ўрнатилаётганига қизиқиб сўрадик, албатта. Айтишдики, Wi-Fi тўлқини яхши кетмаяпти, ўшанинг частотасини кучайтириб берадиган қурилма ўрнатяпмиз, қаерларда узилиш бўлаётганини билиб олишимиз керак, дейишди.
Биз хонамизни очиб берганимиздан сўнг ҚДПИнинг талабалар турар жойи бўйича масъули (коменданти) Равшан Маҳкамов «сизлар усталарга халақит бермасдан чиқиб туринглар», деб бизни хонамиздан олиб чиқиб кетаверди.
Биз узоқдалигимизда пичирлашиб гаплашиб, яқинлашсак овозини баландлатиб мавзуни ўзгартирган киши бўлиб талмовсираб, уларнинг хатти-ҳаракатлари бизда шубҳа уйғотди.
2 апрел, якшанба, уйга мўлжалдан кеч борганимизда уйдагилар кеч келганимиз сабаби билан қизиқишди. Бор гапни айтдик. Уйдагилар «Wi-Fi тарқатувчи қурилма хоналарингдами?» деган саволни беришди. Йўқ дедик. Wi-Fi қурилмасидан ўша матоҳга қарата сим тортишдими, деб сўрашди. Йўқ дедик. Кейин уйдагилар «ўша нарсани очиб кўринглар, Wi-Fi'га уланмаган бўлса бошқа нарса бўлиши керак», дейишди.
Душанба куни ётоқхонага келганимиздан кейин, ечиниб, кийимларимизни алмаштириб, уйдан олиб келган нарсаларимизни жойлаштирганимиздан сўнг бояги қутини очиб кўрдик. Очаётган жараёнимизда юқоридаги битта шуруп сингандек кўринди.
Ўрнатилган ускуналарни жойидан юлиб олиб, мутахассисга олиб бориб кўрсатдик ва у яширин камера бўлиб чиқди», – деб ҳикоя қилиб берди шу хонада турувчи қизлардан бири.
Қизлар ётоқхонанинг бошқа хоналарига ҳам яширин камералар қўйилган-қўйилмаганини билмасликларини айтишди.
Қизлар 102 рақами (ИИБ)га қўнғироқ қилиб, арз қилишган. Президент порталига ҳам ариза ташлашган. Ариза айланиб келиб маҳаллий участка нозирига тушган. У ўрганмоқда. Участкавой маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ойбек Бозоровга ҳар бир аниқланган детал бўйича ҳисобот бериб тургани айтиляпти.
Қизлар бу воқеадан шикоят қилиб, институт ректори Дилнозахон Хўжаеванинг ҳам ҳузурига киришган.
«Ректор саломимизга алик ҳам олгани йўқ. Бизни эшитиб, «яширин камера эканини қаёқдан билақолдинглар?» деди. Биз уни очиб мутахассисга кўрсатганимизни айтдик. «Хоналарингга ўрнатиб кетилган институтнинг мулкини очиб кўришга нима ҳақларинг бор? Балки ўзларинг ўрнатгандирсизлар», деб ўшқирди ректор бизга», – дейишди қизлар.
Проректор Ойбек Бозоровга кўзда ёш билан мурожаат қилган қизлар «кийиниб-ечинганимиз ҳам видеога олинибди», дейишган. Уларнинг сўзларига кўра, проректор бунга жавобан пинагини ҳам бузмасдан, 102га телефон қилгани учун талабаларга дашном берган.
Талаба-қизларнинг айтишича, проректор бу ҳолатни шикоят қилган қизларни ушбу хонадан кўчириб, у ерга тарбияси оғир бошқа бир қизни жойлаштириш режа қилингани, лекин уларни кўчиришга улгурмай қолингани билан тушунтиришга ҳаракат қилган.
* * *
Мақола сўнгида воқеа юзасидан ўзимнинг шахсий фикрларимни билдириб ўтишга жазм қилдим.
Таассуфки, ҳали 20 ёшга кирмаган ёш талаба қизларнинг ҳаётий тажрибаси кам ва энди уларни нималар кутаётганини яхши англамайди.
Энг ачинарлиси, ҳозирги ҳолатда ректор ҳам, проректор ҳам заррача ўзини айбдор ҳис қилмайди. Шундай қилишга ҳақимиз бор, деб ўйлайди. Ҳақ-ҳуқуқи, номуси ҳимояси учун арз қилган қизлардан ўч олишга ҳаракат қилишади. Чунки уларни шарманда қилиб қўйишди-да...
Тўғрисини тан ола қолайлик, токи ҚДПИ ректори, проректори, талабалар турар жойи бўйича комендант бу иш туфайли ишдан олинмас экан, бу талаба қизларга энди тинчлик бўлмайди. Ректор ва проректор албатта уларни ўқишдан йўқ қилиш чораларини кўришади. Ўқитувчиларга ва бошқаларга босим қилиб, қизларнинг умрини куйдиришга ҳаракат қилишади... Мингта ифлос йўли бор бунинг.
Ўйламасдан, «етти ўлчаб бир кес»масдан қилган аҳмоқона иши учун бировларнинг боласининг умрини куйдириб юбориш... Нақадар жирканч иш-а? Бировнинг шахсий ҳаётига сўрамасдан суқилиб кириш-чи? У ҳам жирканчлик эмасми?!
Эҳтимолки, «буларнинг барчаси битта узр сўраш билан ўтиб кетадиган гина-кудуратлар-ку», қабилида яна ҳаммаси кечирилади...
Аслида, бундай ҳолатда ректор ва проректорнинг умри куйиши керак. Нормал давлатларда айнан мана шундай бўлади. Конституцияни ўзгартириб, биз ҳам нормал давлат бўлмоқчимиз-ку, тўғрими? Келинглар, шу ишни Қўқондан бошлай қолайлик...
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
10:12 / 20.11.2024
АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони айтилди
07:03 / 16.11.2024
Саида Мирзиёева талабалар билан учрашди
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
11:51 / 03.11.2024