Ўзбекистон | 08:42 / 18.03.2020
22537
9 дақиқада ўқилади

«Талабани зерикарли лекцияда ўтиришга мажбурлаш керак эмас» – немис эксперти Ўзбекистондаги олий таълим ҳақида

«Таълимда фақат бошқарув шаклини ўзгартириш шарт эмас. Биринчи навбатда менталитетни, таълимга қарашларни ўзгартиришингиз талаб этилади».

Бастиниан Бауман – Европа сифат кафолати агентлиги бошқарувчи директори. Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистонда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарининг халқаро маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда.

У Беларусь, Миср, Озарбойжон, Қозоғистон каби давлатлар таълим тизими ислоҳотларига катта ҳисса қўшган халқаро эксперт ҳисобланади.

Kun.uz мухбири Бастиниан Бауман билан бугунги Ўзбекистон олий таълим тизимидаги ўзгаришлар, муаммолар ва қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида суҳбатлашди.

– Халқаро эксперт сифатида Ўзбекистон олий таълим тизимига қандай баҳо берасиз?

– Фикримча, бу тизим Ўзбекистонда ўтиш даврини бошдан кечиряпти. Жуда кўп ёшларнинг олий таълим олишга хоҳиш билдираётгани ҳам ижобий ҳодиса. Лекин уларнинг ҳаммасига ўқиш учун шароит яратиб бера олиш – бажарилиши керак бўлган муҳим вазифалардан бири сифатида қолмоқда.

Айни пайтда меҳнат бозори талабини ҳам бажаришингиз керак. Бунинг учун эса олий таълимни тугатиб, меҳнат бозорига кириб бораётган ёшлар етарли малакага эга бўлишлари талаб этилади.

Бугун Ўзбекистонда мен кўраётган ижобий ҳодиса – масъуллар томонидан амалий ислоҳотларнинг қилинаётганидир. Ва ўйлайманки, Ўзбекистон айни шу каби ўзгаришга муҳтож.

Шунингдек, таълимда фақат бошқарув шаклини ёки структурасини ўзгартириш шарт эмас. Биринчи навбатда менталитетни, таълимга қарашларни ўзгартиришингиз талаб этилади.

Бироқ бу бирдан содир бўладиган нарса эмас, маълум вақт ва сабр талаб қилинади. Лекин, менимча, Ўзбекистон ҳозир тўғри йўлда.

Салбий ҳолатларга тўхталадиган бўлсак, албатта, муаммолар бўлиши табиий.

Университетлар ўз шароитидан келиб чиқиб жадвал шакллантира олишмайди. Бу нарса меҳнат бозори талабларига тезлик билан мослашишга тўсқинлик қилмоқда. Чунки баъзида университетлар меҳнат бозори талабларига жуда тезлик билан жавоб қайтаришларига тўғри келади.

Бироқ фақатгина мустақиллик бериш билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Чунки одамлар бу мустақилликни ишлатиш кўникмасига ҳам эга бўлишлари зарур.

Мустақил бўлгандан сўнг университет менежментида ва бошқа масалаларда нимани ўзгартиришни билиш ҳам муҳим.

– Жорий йил бошидан 10та ОТМ босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтди. Эндиликда уларнинг олдида турган вазифалар қанақа бўлиши керак?

– Олий таълим тизимида молиявий, академик каби бир неча мустақиллик турлари бор. Молиявий мустақиллик берилиши, менимча, тўғри қадам.

Агар ОТМларга молиявий мустақиллик берилиши менежментни тўғри йўналтириш билан ҳамоҳанг бўлса, улар бемалол молиявий жиҳатдан ўзларини ўзлари мустақил бошқара оладилар.

Бироқ университетларга мустақиллик берилгандан сўнг улар таълим сифатини стратегик жиҳатдан ривожлантира олиши – энг катта масала.

Бу ўринда таълим сифати назоратчиси сифатида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига ҳам эҳтиёж сезилади.

Бироқ сифатни таъминлашда фақат инспекция тавсиялари етарли бўлмайди. ОТМларнинг юқори таълим сифатига эришишида ички назорат юқори бўлиши ва ҳар бир ходим масъулият ҳис қилиши муҳим.

Ва бу менталитетга айланиши керак. Масалан, ҳар бир ўқитувчи, бошқарув тизимидаги ҳар бир ходим «Мен таълим сифатига ҳар кунлик иш фаолиятим давомида масъулман», деб яшаши керак.

– Ўзбекистон ОТМларида ишлаётган ўқитувчилар академик даражаси, билимига қандай баҳо берасиз? Улар сифатли таълим бериши учун доимий ўз устиларида ишлаши ва изланишлари учун қанча ойлик маош етарли бўлиши мумкин, деб ўйлайсиз?

– Албатта, ҳар қандай ишда ҳам ойлик маоши ҳеч қачон етарли бўлмайди. Бироқ ходимни руҳлантирадиган рағбат бўлиши кераклиги ҳақидаги фикр тўғри.

Яхши ўқитувчи меҳнатига яраша яхши маош олиши керак.

Айрим давлатларда ўқитувчилар индивидуал тарзда баҳоланади. Бунда уларнинг қанчалик яхши дарс бера олиши, қанча изланиш олиб боришаётгани кабилар инобатга олинади. Агар буларнинг ҳаммаси яхши бажарилаётган бўлса, ўқитувчилар қўшимча мукофот олишади. Бу пул ёки халқаро конференцияларда иштирок этиш имконияти тарзида бўлиши мумкин.

Албатта, рағбат ўқитувчиларга фақат маош билан эмас, балки бошқа кўринишларда ҳам берилиши мумкин.

Чунки ўрганиш ўқитишдан кўра қимматлироқдир.

Ўқитувчиларнинг вазифаси айнан ўрганишни осонлаштиришдан иборат бўлиши керак.

Талабаларнинг имтиҳонда маълумотларни қийинчилик билан ёд олиши ва такрорлаши эмас, балки курс тугагандан сўнг уларнинг қўлидан нима келиши муҳим бўлиши керак.

Шунинг учун ҳам университет ўқитувчиларининг профессионал ўсиши ОТМлар учун катта аҳамиятга эга.

– Ўзбекистондаги аксар давлат ОТМларида талабалар давоматини текшириш устувор бўлиб қолмоқда. Буни ижобий деб билиш мумкинми? Агар «йўқ» бўлса, алтернатив тарзда нимани таклиф қилган бўлар эдингиз?

– Бу масалада биринчи навбатда тушуниш керак бўлган нарса – нега талабанинг дарсда йўқлиги.

Агар талаба ишлаши керак ва доимий дарсга келишга қурби етмаса, унга молиявий ёрдам бериш йўлини топиш керакдир?

Ва яна талаба дарсга келмасдан туриб ҳам имтиҳондан ўта оладими ёки уйда ўзи мустақил мавзуни ўзлаштира оладими каби жавоб топилиши керак бўлган саволлар пайдо бўлади.

Бу ҳолатда фақатгина талабани дарсда қатнашишга мажбурлаш эмас, балки муаммонинг моҳиятини ўрганиш зарур.

Эҳтимол, масалан, мен талаба сифатида қайсидир ўқитувчининг лекциясини зерикарли деб топсам ва унга қатнашишни хоҳламасам ҳам, уйда мустақил фанни ўзлаштириб, имтиҳондан ўта олсам, нега менда бундай имкон бўлмаслиги керак?

– Таълимга бизнес сифатида қараш – Ўзбекистон учун янги тренд. Хусусий университетлар очиш ва хусусий университетларда ўқиш тушунчаси оммалашмоқда. Бу борада нималарга кўпроқ урғу ва эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?

– Мен таълимнинг асосий қисми давлат томонидан молиялаштириладиган мамлакат – Германияданман. Бу менинг мавзуга қарашимда устувор рол ўйнайди.

Бироқ мен, биринчи навбатда, олий таълим олишни хоҳлаган ҳар бир ёш ўқиши керак, деган фикрдаман.

Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистонда фақат давлат университетлари орқали ёшлар эҳтиёжини қондириш, уларни таълим билан қамраб олиш имкони йўқ.

Ўзбекистон халқаро рейтингларда ҳам олий таълим қамрови бўйича паст кўрсаткични қайд этмоқда. Шундай экан, узоқ муддатли ечим топиш ўз йўлига, бироқ қисқа муддатда муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?

Агар сифатли таълим бера олса, хусусий таълим берувчилар масалага яхши ечим бўла олади.

Бироқ бу борада механизмни тўғри шакллантириш зарур: агар хусусий таълим муассасаси яхши ўқитса, бунда хавотир оладиган ҳеч нарса йўқ, агар аксинча, таълимдан фақат бизнес қилишни хоҳловчилар бўлса, улар ҳеч қанақа ёрдам бера олишмайди.

Бу ўринда таълим сифатининг ички ва ташқи назорати стратегиясини ишлаб чиқиш муҳим. Агар ўқитиш сифати яхши бўлмаса, талаба ўқишни тугатгандан сўнг ўзида бор малака билан иш топа олмаса, у ҳолда хусусий таълим муассасалари фаолиятини синтез қилиб бориш керак бўлади.

– Халқаро таълим эксперти сифатида Ўзбекистонда олий таълим сифатини ошириш ва талабаларни қўллаб-қувватлаш механизмини яхшилаш учун яна нималарни маслаҳат берган бўлардингиз?

– Менимча, биринчи навбатда танлаган йўлингизда давом этаверишингиз керак. Бундан ташқари, университетларга кўпроқ мустақиллик ва ўз жадвалларини шакллантиришда эркинлик бериш кабиларга ҳам эътибор қаратиш зарур.

Ва булар, энг аввало, таълим сифатига нисбатан масъулият билан ҳамоҳанг бўлиши зарур.

Балки, Ўзбекистонда кейинчалик мустақил таълим сифатини баҳолаш агентликлари ҳам фаолият бошлар.

Лекин эътибор ҳар доим фақат талабаларга қаратилган бўлиши керак. Талабалар нимани ўрганяпти, уларнинг малакаси қандай ва битиргандан сўнг йўлларини топа олишадими?

Агар шуларга эътибор берилса, меҳнат бозори ва иқтисодиёт учун ҳам, давлат тараққиёти учун ҳам яхши натижалар беради.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид