Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғарбнинг янги баёнотлари ва Россиянинг ядро машқлари. Украина уруши атрофидаги баҳс
Россия–Украина ўртасидаги уруш ядровий таҳдидлар ва ҳар икки томоннинг кескин баёнотлари билан давом этяпти. Kun.uz урушнинг боришидаги сўнгги воқеаларни кўриб чиқиш учун “Геосиёсат” дастурига сиёсий таҳлилчилар Сайфиддин Жўраев, Ойбек Сирожов, Шуҳрат Расул ва Камолиддин Раббимовни таклиф қилди.
— Россия ИИВнинг қидирувдаги шахслар рўйхатида Зеленский ва Порошенко пайдо бўлдию-, бир неча кун йўқолиб қолди. Бундан қандай хулоса қилиш мумкин?
Сайфиддин Жўраев: — Бугунги ҳарбий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий вазиятдан келиб чиқсак, бу уюштирилган хабар дейиш мумкин. Информацион таҳдид, бунинг ортидан вазият қандай эканига жамоатчилик реакциясини текшириб кўрган бўлса керак. Иккинчидан, бу Путиннинг инауграциясидан олдин тарқаган эди, бу нарса қандай таъсир қилишини билиш учун ҳам бўлиши мумкин. Учинчи томондан эса бу нарса кўпроқ ташқи дунёга, Европа, Украина, АҚШга қаратилган, маълум нуқтага етди, куч биз тарафда, музокарага бориш керак, деган тазйиқ ҳам бўлиши мумкин.
Лекин умуман, Россияда ҳам, Украинада ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ҳар битта раҳбарга нисбатан жиноий иш очган, иш тўхтагани йўқ. Онда-сонда хабар бериляпти жиноий иш қандай бораётгани ҳақида. Лекин бу хабар шу иш билан шуғулланувчи органлар томонидан тарқамади. Демак, бу жараёнга муносабат қандай бўлишини текшириш учун бўлган. Ҳозир гибрид уруш, ахборий, ҳарбий қуроллардан фойдаланишади.
Шуҳрат Расул: — Менимча, уруш ўзининг авж нуқтасидан ўтиб бўлди, катта эҳтимол билан кейинги йил тугаши мумкин. Украина ҳукуматидагиларни жиноятчи деб, яна улар билан музокара чоғида бир стол атрофида ўтиришлари керак, шунинг учун ҳам халқаро ҳуқуқни тушунган бирорта давлат идораси ёки маслаҳатчилар айтиб, бу хабарни олдириб ташлаган бўлиши мумкин.

Ойбек Сирожов: — Бу масала кўтарилишидан асосий мақсад: биз истиқболда мана шундай қидирувда бўлган шахслар билан музокаралар столига ўтирмаймиз, деган ўзига хос ёндашув. Яъни Украина томонидан ҳар қандай музокараларга чек қўйилади, қонунан чекланади, деб айтилган гапга адекват жавоб.
Масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор. Рус матбуоти, пропагандаси нуқтаи назаридан 20 майда Зеленскийнинг президентлик муддати тугайди, шунга ўзига тайёргарлик бошланяпти. Зеленский 2019 йил 20 майда инауграцияси бўлганди. Сайтдан хабарнинг олиб ташланиши баҳсли масала, лекин жараён давом этяпти, қидирув эълон қилинган. Гибрид уруши нуқтаи назаридан ҳам ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш бўляпти.
Камолиддин Раббимов: — Юқоридаги фикрларга қўшиламан, бу – психологик босим. Эртами-кечми уруш тугайди, биз Порошенко ва Зеленскийни жавобгарликка тортамиз, деган босим, лекин Путинга нисбатан бундан ҳам кўпроқ босимлар бор, БМТ халқаро суди Россияга қарши бир қанча ишлар очган. Жумладан, Украинадан юзлаб вояга етмаган болаларни ўғирлаш, Малайзия самолёти уриб туширилиши ва бошқа ҳарбий жиноятлар. Лекин бу жавобгарлик ишлари амалга ошиши учун Путин ҳокимияти кетиши ва халқаро инстанциялар билан ҳамкорлик қилишни истовчи ҳукумат келиши керак. Россия ОАВларини кузатилса, бу ҳар куни айтиладиган стандарт айблов, Украина ютқазади ва Зеленский жавобгарликка тортилади, дейилади. Лекин бу Украина ҳукуматининг руҳига таъсир қилмайди, улар ёрдамни кутяпти, урушда бурилиш бўлишига умидлари бор.
Сайфиддин Жўраев: — АҚШ, Европа матбуотидаги нуфузли нашрларда чиққан мақолаларга қарасак, Зеленский ўрнига 6 та номзодни кўришяпти. Экспертлар фикрича, урушни давом эттириш эмас, муросага келиш ва шу музокараларга рози бўладиган одамлари бу номзодлар. АҚШ учун учун фарқи йўқ ким келишининг, муҳими АҚШ сиёсатини қўлласа бўлди. Лекин АҚШда яқин ўртада, умуман, келажакда ҳам катта уруш олиб боришга шароити йўқ, ноябр ойида ҳал бўлади ҳаммаси. Ундан кейин ҳам ёрдам келишига ишонмайман мен.

— Лекин ёрдам бериш бошланди. Британия томони Украина етказиб берилган Европа қуролларидан Россия ҳудудига ҳужум қилишда фойдаланиши мумкинлигини баён қилди.
Ойбек Сирожов: — Британия ташқи ишлар вазирининг Киевга ташрифи чоғида айтилди бу нарса. Лекин аслида, бу олдин ҳам амалга оширилаётган эди, фақат расмий тарзда тилга олинмасди. Қримга ҳам худди шундай хорижнинг ракетаси билан зарба берилганди. Британия ташқи ишлар вазирига кўра, Бирлашган Қироллик Украинага йилига 3 млрд фунт стерлинг ёрдам беряпти, АҚШнинг ёрдам пакети 61 млрд долларни ташкил этяпти. 3 млрд фунт стерлинг катта бурилиш ясай оладиган маблағ эмас. Лекин Британия уруш бошидан бери Украинани қўллаяпти, «қизил чизиқ» сифатида кўрилган қуролларни ҳам биринчи бўлиб Британия берди. Бу ҳолат бундан кейин ҳам давом этади, Британиянинг ўзига хос манфаатлари бор. Аммо барибир ҳал қилувчи асосий ўйинчи АҚШ ҳисобланади бу ерда.
Россия ҳудудига зарбалар ҳозиргача ҳам бўлаётганди. Қрим кўпригига ракеталар зарбаси берилди, масалан.
Шуҳрат Расул: — Йўқ, Қрим кўпригига ракета зарбалари бўлгани йўқ ҳали. Украина расмийларига кўра, Қрим кўприги ёзнинг биринчи ойида портлатилиши мумкин. 300 кмга учувчи мингдан ортиқ ракеталар бериляпти Украинага, булар ҳам Россия ҳудудига зарба бериш учун бўлса керак.
Сайфиддин аканинг фикрига қўшилмайман. Ноябр ойида ҳаммаси ҳал бўлмайди, ҳали ким президент бўлишини ҳам билмаймиз. Кураш кетяпти президентликка, башорат қилиш энг қийин бўлган сайловлар бу — АҚШ сайловлари. Сайловчиларнинг ҳиссиётини башорат қилиш қийин. Трамп президент бўлса ҳам, у ерда демократик тизим ишлайди, социологик сўровлар ўтказилади ва фуқаролар хоҳиши ҳисобга олинади. Бир ой олдинги охирги сўровларда ҳам 63 фоиз одам Украина тарафида бўлган, Трамп ҳам шу сабаб ўзининг чиқишларида фикрларини ўзгартирди.
61 млрд доллар жуда катта маблағ. Россия ҳарбий соҳасига йилига 11 млрд доллар сарфлайди, давлат бюджети эса 36 млрд доллар, 61 млрд доллар эса Россиянинг бир йиллик ҳарбий бюджетидан 5 баробар катта. Бундан ташқари, ЕИ ажратган 51 млрд доллар ҳам бор. АҚШ G7 доирасида Украинага кейинги йил учун 50 млрд доллар резервация қилмоқчи.
Сайфиддин Жўраев: — АҚШ ажратган 61 млрд долларнинг 14 млрдга яқини Украинага келади, кейин унинг ҳам 30 фоизи ҳукуматни таъминлашга кетади.
АҚШдаги матбуотнинг хабарларига кўра, шу пайтгача Қрим кўпригидан ҳарбий техникалар ўтмаган, бу кўприк фуқаролар учун. Шунинг учун бу кўприк портлатилса, жиноий иш очилади.
Узоқ масофага учувчи ракеталар қачон етиб келиши номаълум ҳали. Украина томони ракета қуролларини фронт чизиғидан ичкарироққа қайтаряпти. Кейин, украиналиклар бу бериладиган қуролларни ишлатолмайди ҳали.
Ойбек Сирожов: — 61 млрд доллар ажратиш масаласи кўтарилгандан кейинги ҳарбий фронтдаги вазиятни таҳдил қилсак, бу таъсир қилди. Россиянинг олдингидек тезкор ҳаракатлари чекланди, қуроллар етиб келмаётгани билан боғлиқдир, балки Украина қўшинларига руҳ бағишлагандир. Лекин қуроллар етиб келяпти ҳам Россия қўшинига.
Қрим кўприги бу — Украина томони учун ўзига хос рамз. Қрим ва Россияни боғловчи йўл ўша кўприк ҳисобланади, уни йўқ қилишга бир неча марта уринишлар бўлди ҳам, бу нарса кун тартибида. Лекин Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими яхши ишлаётгани учун имкони бўлмаяпти. Россиянинг бошқа ҳудудларига ҳужум қилишдан мақсад ҳам унинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини сочиб ташлашдан иборат.
Олдинги ёрдам маблағларининг учдан икки қисми тўғридан тўғри Украинага берилган бўлса, бу сафарги 61 млрд доллар бунинг тескариси бўляпти.
Камолиддин Раббимов: — Украинанинг вазияти мураккаб. Бугун уларга асосий куч бўлмиш аскарлар етишмаяпти. ЕИ ва бошқа давлатлардаги асли украиналик бўлган ҳарбий хизмат ёшидаги 700 мингта шахс қайтарилиши сўраляпти, лекин улар Украинага қайтишни истамайди.

Иккинчидан, бугунги уруш позициялар уруши бўляпти. 61 млрд эмас 100-200 млрд берилса ҳам, Россияни эгаллаб олган позицияларидан чиқариш, тозалаш жуда қийин масала. Украинада эса бунга етарли аскар ва технология йўқ ҳозир. Тозалаш учун бомбардимон қилиш, бошқа оммавий қуролларни қўллаш ёки кўп ҳарбийлар билан бирма-бир рус ҳарбийларидан тозалаш керак, бу эса жуда қийин масала.
Россия ҳам олдинга силжий олмайди. Украинага берилаётган ёрдам ўз сўзини айтади. Бундан ташқари, Украина қўшини ўз ҳудудини ҳимоя қиляпти, бошқа давлатга бостириб киргани йўқ. Шунинг учун Россия қўшини бугунги позицияларидан ичкарироқ кириши жуда қийин масала. Лекин Россиянинг авторитар тизими битта қишлоқни олиш учун ўн минглаб ҳарбий ташлади. Демократик давлатлар бундай қилолмайди, битта кичик аҳоли пункти учун ўзининг минглаб ҳарбийлари ўлимига буйруқ беролмайди. Икки тараф бугунги позицияларида тўхтаб турибди, яқин ўртада ташаббусни қайсидир томон ололмайди.
Шуҳрат Расул: — Ростдан ҳам позициялар уруши бўляпти. Лекин ёз ойларидан бошлаб Россия армияси каррасига кўп талафот кўриши мумкин. Ғарбнинг позицияси муҳим бу ерда. Макроннинг охирги чиқишлари Франциянинг, умуман, Европанинг субъективлигини оширди. Шу пайтгача фақат АҚШ айтганини қилади, деган қараш бор эди. Лекин Макроннинг ҳаракатлари Европанинг ҳам ўз овози борлигини кўрсатяпти. Олдин Шимолий Корея ва Россия ядро қуроли билан таҳдид қиларди, энди Франция ҳам қўшилди.
Макрон биз ҳеч кимга қарамаймиз, ўз ҳарбий доктринамиз, Европа хавфсизлигига муносабатимиз бор ва шунга кўра, Украина Европанинг сарпўши, шунинг учун ўз ҳудудимиз каби ҳимоя қиламиз, деди. Франциянинг «Оқ китоб» ҳарбий доктринасига кўра, улар биринчи бўлиб тактик ядро қуролини ҳам қўллаши мумкин. Франциянинг ядро потенциали Россияни тўлиқ йўқ қилишга етади, Россияники эса Францияни 7 марта йўқ қилиш учун етарли.
Сайфиддин Жўраев: — Франция ядро потенциали паст даражада, сони кам, Россияга кучи етмайди, ракетаси Россияга етиб боргунча ҳам анча йўлдан ўтиши керак.
Шуҳрат Расул: — Кўп эмас, Россияга 17 дақиқада етиб боради.
Камолиддин Раббимов: — Аниқлик киритиш керак. Франция ядро каллаклари 200 тадан ошиқ, Россияники эса 6 мингтадан ошади.
Шуҳрат Расул: — Франция стратегик ядро потенциали 4 та сувости кемасига жойлаштирилган, 24 та ракета, ҳар бири 16 та зарядга эга. Тўлиқ зарб билан отилса, 1024 та нишонни йўқ қила олади.
Сайфиддин Жўраев: — Ҳар қандай шароитда ядро уруши бўлмайди.
Франция ҳозир 2 та сайлов олдида турибди: Европарламент сайловлари ва ўзида. Макроннинг президентлик муддатлари тугайди, ундан кейин келадиганлар эса бунга тескари фикрда.
Франция ҳарбий сиёсати НАТОда ўзига хос ўрин тутишга, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилган. Бир пайтлар низолар билан чиқиб кетганди ҳам НАТОдан. Франция учун қулай вазият ҳозир, Германия иқтисоди пасайган, Италия ҳам шундай, Англия ўзича ҳеч нарсани ҳал қилолмайди. Си Жинпинг ҳам шу сабабдан Францияга борди, улар билан ҳисоблашса бўлади.
Камолиддин Раббимов: — Голлизм доктринасига кўра, улар англосаксонларга доим маълум даражада қарши бўлган, мустақилроқ.
Шуҳрат Расул: — Франция ўз субъектлигини оширди.
Сайфиддин Жўраев: — Ўзининг масаласини ҳал қиляпти, субъектлигини оширди деб бўлмайди.
Ойбек Сирожов: — Франция қурол-яроғ потенциали бўйича Европада иккинчи ўринда туради, лекин Украинага ёрдам бўйича 16-ўринда туради. Демак, бу соф популизмга асосланган ёндашув. Макрон Украинага қўшин юбориш ҳақида гапирди, лекин Россия ҳам, ҳамжамият ҳам унчалик реакция билдирмади. Аммо АҚШ расмийлари шу масалани кўтаргач, реакция билдирилиб, тактик ядро қуролларининг ўқув машғулоти бошланди.
Юқорида айтилгандек, энди қуролдан кўра ҳарбийлар сони масаласи кун тартибига чиқяпти. Аскар бериладиган бўлса, бу НАТО қўшинлари киради, дегани. Путин агар НАТО қўшинлари кирса, жангларда ҳарбий кучимиз етмаса, ядро қуролини ишлатамиз, деб бир неча марта айтди. Шунинг учун ҳам «қизил чизиқ» дейилаётган эди қўшин юбориш.
Полша розилик билдириб, украиналикларни қайтариш кун тартибига қўйиляпти.
Сайфиддин Жўраев: — Украинадан чиқиб кетганларни кўрсатишяпти, тахминан 16-35 ёшгача бўлган руҳ йўқ уларда, баъзилари керак бўлса Россияга борамиз, деяпти ҳам. Халқимиз, ёшларимиз қўллайди, деган гаплар бор эди олдин Зеленскийда. Ҳозир одамлар урушдан қочишга уриняпти, сўровномаларда нега биз ўлишимиз керак, дейишяпти.
ЕИ ўзи мигрантларга муҳтож, украинларнинг билими, салоҳияти ҳам юқори. Россияда эса кунига 30 минг киши ҳарбий хизматга ёзиляпти.
Камолиддин Раббимов: — Россияда ҳарбий хизматга ёзилганларга катта пул беришади, Украинада эса кам, олдинроқ умуман берилмаётганди ҳам.
Шуҳрат Расул: — Украиналикларда руҳ йўқ, деган фикрингиз баҳсли.
Камолиддин Раббимов: — Руҳ йўқлиги Россиянинг ўзида кўпроқ бўлиши мумкин, лекин кам эмас Украинадан.
Ойбек Сирожов: — Украинадан ҳам, Россиядан хам чиқиб кетганлар ўзи истаб, ихтиёрий чиқиб кетган, урушдан қочиб. Уларни олиб келиб урушга киритган билан кутилган натижа бўлмайди. Ихтиёрий урушга кириш бошқа, мажбурий кириш бошқа.

Шуҳрат Расул: — Россиядан ҳам 3 млн одам чиқиб кетган.
Ойбек Сирожов: — Украинадан эса 10 млнга яқин одам чиқиб кетди. Украина аҳолиси 40 млн, Россияники эса 140 млн.
Камолиддин Раббимов: — 10 миллионнинг ҳаммаси ҳарбий чақириқ ёшидагилар эмас.
Сайфиддин Жўраев: — Украина Радаси қарорига кўра, энди қизлар ҳам олинади, шуни ҳисобга олганда улар ичида қизлар ҳам кўп.
Шуҳрат Расул: — Маълумотларга кўра, Ғарб Россияга нодипломатик йўл билан биз ҳар қандай ҳолатда сизнинг ғалаба қилишингизга йўл қўймаймиз, деган. Макрон ҳам бир ҳафта олдин Россия қўшинлари стратегик нуқтага кириб борса, биз қўшин киритамиз, деди.
Камолиддин Раббимов: — Украина уруши бошланган пайтдаёқ шундай ирода бор эди. Лекин сиёсий ирода ва ресурслар ўртасида катта фарқ бор.
Шуҳрат Расул: — Франция айтяптики: биз НАТОга қарамаймиз, 7 та давлат келишдик, НАТОдан ташқари коалиция доирасида НАТО рухсатисиз қўшин киритамиз, деяпти. Москвага катта сигнал бу, ғалаба қилишингизга йўл қўймаймиз, деяпти.
Ресурслар нуқтаи назаридан урушдан олдин Россиянинг 595 млрд доллар олдин захираси бор эди, бугун 40 млрд доллар қолди. 60 фоиз ҳарбий қудратини ҳам йўқотди. Россия бу уруш орқали ўзини демилитаризация қиляпти, Украинани эмас. Қайтага Украинанинг ҳарбий қурол-яроғи кўпайиб кетяпти. Пул бор — уруш бор, пулсиз уруш тўхтайди.
Ойбек Сирожов: — Фақат четнинг ёрдами билан бирорта давлат ғалаба қилганми ўзи тарихда?
Шуҳрат Расул: — Афғонистон чет ёрдами билан СССРни ютганди.
Ойбек Сирожов: — Айтиш бошқа, амалда қўллаш бошқа, қўшин киритамиз деяпти, лекин ёрдам бўйича 16-ўринда. Шунчалик хоҳлаётган экан, нега бермайди қурол?
Камолиддин Раббимов: — Шаклланган хулоса шуки, Ғарб Украина урушидан чарчади. Вазиятни ўзгартирувчи реал бир кутилаётган воқелик кўринаётгани йўқ, украиналик энг оптимист экспертлар ҳам кўраётгани йўқ.
Сайфиддин Жўраев: — Уруш бўлиши учун шунга мос руҳ, ресурс, ғоя бўлиши керак. Ғарбда эса бу йўқ. Россия ҳам, Украина хам бундай чўзилишини ўйламаган. Бундай уруш кўлами кенгайиб кетиши бўлмайди, деб ўйлайман. Моддий ресурслар масаласи бошқа бир мавзу. Бу ҳолатдан чиқишнинг ягона йўли — келишиш. Келишилмаса, вазият янада чигаллашади.
— Россиянинг тактик ядро қуроли билан машғулот ўтказиши доимий дағдағами?
Шуҳрат Расул: — Россиянинг иқтисодий, ҳарбий аҳволи оғирлашганда ядро шантажи ўртага чиқади. Россия ҳам, Франция ҳам ишлатмайди. Ҳозирда Путиннинг асосий душмани Макрон бўлиб қоляпти, Макрон биз ядро қуролини биринчи қўллашга ҳам тайёрмиз, деяпти. Фикримча, ядро шантаж қуроли фақат.
Ойбек Сирожов: — Шантаж эмас, тийиб турувчи қурол. Кўп давлатлар энди шундай қуролга эга бўлишни ўйлаяпти, Германияда ҳам шу масала кўтариляпти. Масалан, Шимолий Корея шунча хурмача қилиқ қилса ҳам, унга нисбатан бирор ҳаракат бўлмайди, чунки ядро қуроли бор, Исроил ҳам худди шундай. Эскалация кучайиб боряпти ва ҳар бир кучайишда шу масала чиқяпти. Олдин фақат қурол ишлатиш билан таҳдид қилинса, энди ўқув машғулот сифатида синаб кўриш масаласи чиқяпти, демак, жараёнлар бир поғона кўтарилди. Ишлатилади ёки йўқ, деб кўп баҳс қилиш мумкин. Лекин барча давлатлар биладики, бу қуролни ишлатиш умуминсоний ҳалокатга олиб келади.
Камолиддин Раббимов: — Путин атрофидаги Дугин, Караганов кабилар тарихда АҚШ ядро қуролини ишлатди Японияда, Россия ҳам дунё тартиботини ўзгартириш учун ишлатиши керак, дейди. Ҳатто шаҳарларни таклиф қилишяпти, Полша, Германия шаҳарлари, Англиянинг денгиз ҳудудига ташлаш кабилар бор. Россиялик мутахассислар АҚШ барибир бизга қарши Европа учун ядро қуролини ишлатмайди, чунки биз ҳам юзлаб жавоб беришимизни билади, деяпти.
Шуҳрат Расул: — Аммо майдонга Макрон ҳам чиқди.
Сайфиддин Жўраев: — Жанубий округда ишлатиш айтиляпти расмий хабарларда, чунки хавф ўша томондан бўлади.
АҚШга қарши ядро қуролини ишлатиш учун стратегик ядро қуроли ишга туширилиши керак, лекин бу нарса йўқ ҳозир, фақат тактик. АҚШ ва Россия ҳарбий доктриналарига кўра, ядро қуролини бир-бирига ишлатса ҳам айнан ҳудудига зарба бермайди, балки бошқа ердаги нуқталарга зарба бериши мумкин. Масалан, АҚШ Россиянинг Суриядаги қўшинларига ташлаши мумкин ёки Россия ҳам худди шундай. Лекин стратегик ядро қуроли ишлатилмайди, чунки ҳалокатга олиб келади.
Путин инауграциясида музокараларга бориш ҳам айтилди. Европа, АҚШда ҳам шунга бориш сезиляпти. Қрим кўприги бўйича фуқаролар учун деб аниқ катта хулосалар берилиши ҳам шу билан боғлиқ, маълум даражада тийиляпти бу нарса. Чунки билиб бўлмайди, тактик ядро қуролидан кейин стратегик ядро қуроли ҳам ишлатилиши мумкин воқеалар ривожланиб.
Шуҳрат Расул: — Россиянинг эскалацияни тушириш учун эскалацияни кучайтириш керак, деган доктринаси бўлган. Яъни бунда ҳам биз Ғарбга нисбатан эскалацияни кучайтирамиз, Ғарб охирида чекинади, шулар билан тенг бўлмайлик, деган маънода бу. Франция айтяптики, Украина Европанинг эшиги, уни бериб қўйсак, Россия худди шу кетишда Полша, Болтиқбўйига ҳам кириб боради, шунинг учун тактик ядро қуроли қўллашимиз мумкин, деяпти.
Сайфиддин Жўраев: — НАТО, АҚШнинг рухсатисиз ракета учира олмайди Франция, чунки ташкилот аъзоси у. Франциянинг 200 та ракетаси етмайди, бошланиб кетса жавоби ҳам бўлади. Буларни ҳал қилиш охир-оқибат барибир АҚШга бориб тақалади.
— Агарда эҳтимолий жиҳатдан уруш якунида Россия ҳозиргача босиб олинган Украина ҳудудларини ўзида сақлаб қолса, собиқ СССР давлатларининг позицияси қандай бўлади?
Ойбек Сирожов: — Уруш ҳудуд учун эмас, кўп қутблиликни шакллантириш учун бошланди. Россия НАТОга ултиматум бериб, Шарқий Европа томон силжимаслик масаласини қўйди, Ғарб рад этди ва уруш бошланди.
Украина масаласи ҳал бўлса, эртага Марказий Осиё ёки Болтиқбўйи бўлади, деган гаплар бўляпти кўп. Марказий Осиё давлатлари ёки Кавказ давлатлари НАТОга аъзо бўлмоқчи эмас. Лавров БМТнинг хавфсизлик бошқанинг хавфи ҳисобига бўлмаслиги керак, деган тамойилини келтиради бу уруш бўйича.
Уруш ҳар қандай шароитда музокаралар билан тугайди. Музокараларда кимда қандай ютуқлар бўлса, ўшалар столга қўйилади ва шулар орқали дунёга таъсир қилади. Музокараларни бошлаш билан боғлиқ муждалар бор. 15-16 июнда Швецарияда Украинада тинчлик масаласи бўйича конференция бўлади, 68 давлатдан 120 та иштирокчи қатнашади, G7, G20, БРИКС давлатлари ҳам бўлади, фақат Россия таклиф қилинмаган. Менимча, бу бир қадам. Томонларни яқинлаштириш, умумий позиция ишлатиш масаласи қўйилади. Бутун дунё, Марказий Осиё ҳам бундан манфаатдор. Жараён чигаллашиб кетяпти, 70 йилдан буён тактик ядро қуроли ишлатиш масаласи бўлмаганди.
Камолиддин Раббимов: — Россия эгаллаб олган ерларини сақлаб қолган ҳолда уруш тугаса, Марказий Осиё учун катта ютқазиш бўлади бу. Бирорта давлат, ҳатто Белорус ҳам Қрим аннексиясини тан олгани йўқ. Украинанинг шарқий ҳудудлари Россияники бўлишини тан олмайди Марказий Осиё давлатлари. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бирор давлатнинг ерини бу кўринишда босиб олиш бўлмаган эди, агар шундай бўлса янги империячилик кайфиятини шакллантириш бўйича янги ўйин қоидаси пайдо бўлган бўлади. Марказий Осиё учун керак бўлмаган ёки хавфли бўлган нарса ҳисобланади.
Бугун Қозоғистон ЕИга, НАТОга интилаётгани йўқ. Лекин Россия пропагандаси англосаксонларнинг Марказий Осиё бўйича энг катта лойиҳаси Қозоғистон деган гапни ҳар ҳафта эшитиш мумкин. Қозоғистонга нисбатан нафрат Россияда йўқ эмас. Инжиқ давлат сифатида кўриляпти Қозоғистон Россия учун. Қозоғистон КХШТ аъзоси, ЕОИТ аъзоси, энг катта чегарадош Россия билан, Россияда санкцияларга тушган маҳсулотларни Қозоғистон олиб кириб беряпти, лекин барибир Россия норози.
Агар Украина босиб олинган ерлардан де-факто воз кечса, Украинани ривожлантирамиз, 20-30 йилдан кейин Путин ҳокимиятдан кетгач, музокаралар ёки конфликтлар орқали қайтариб оламиз, деган стратегия ҳам бор. Лекин бу Марказий Осиё ҳудудий яхлитлиги учун катта муаммо бўлади.
Сайфиддин Жўраев: — Тарихда бўлган урушларда доим ким кучли бўлса, ўша томоннинг тартиботи ўрнатилган.
Бизда сўнгги 30 йил ичида 2 та прицедент бор. Биринчиси — Косово прицеденти, у ерда ҳам шунақа ҳолат бўлган, тан олишмагач бўлиниб кетган Сербия. Си Жинпинг ҳам Сербиянинг яхлитлигини тан оламиз деди ташрифида.
Биз Украина билан ҳам, Россия билан ҳам, бошқа давлатлар билан ҳам алоқа қиламиз. Биз қандай ҳолатда бўлса ҳам, ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиқамиз. Суверенитет таъминланиши керак.
Камолиддин Раббимов: — Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бир неча марта Украина ҳудудий яхлитлигини урғулади, Каримов даврида ҳам шундай эди. Ўзбекистон Қрим аннексиясини тан олмаган. Қадриятлар нуқтаи назаридан Украина томонидамиз.
Шуҳрат Расул: — Менимча, Россия босиб олган ерларини сақлаб қололмайди катта эҳтимол билан. Ғарб Россия ғалаба қилишига йўл қўймайди. Қилинаётган ишлар, ёрдамлар шуни кўрсатяпти.
Лекин агар шундай бўлиб қолса, биз 21-асрда урушлар даврига кирган бўламиз. Кучи борлар қўшнисига ҳужум қилади, тарихда менинг ерим бўлган деб даъво қила бошлайди ва умуман 21-асрда тинчлик бўлмайди. Буни Ғарб жуда яхши тушуниб турибди, АҚШ ҳам. Трамп президент бўлиб, ақли етмаса, унинг атрофидагилар тушунтиради буни.
Ўзбекистон, умуман Марказий Осиё давлатлари ўзининг кўп векторли сиёсатидан, миллий манфаатидан воз кечмайди, энг россияпараст бўлган Қирғизистон ҳам. Рус мактабларини кўпайтир деган каби риторик ўйинлар бўлиши мумкин турли, кўр-кўрона иш қилиб қўйиши мумкин баъзилари. Лекин миллий байроқчилик, миллий давлатчилик йўлидан воз кечмайди бирорта Марказий Осиё давлати.
Қозоғистон учун хавф бор ростдан ҳам. Россия босиб олган ерларини сақлаб қолиб, Путин яна 10-15 йил ҳукумат тепасида бўлса, Қозоғистон учун катта провокациялар бошланиши мумкин. Россия сиёсати ўзгарсагина Қозоғистонда бу провакациялардан сақланиш имконияти бўлади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.