Жаҳон | 14:28 / 17.01.2026
2935
2 дақиқада ўқилади

Шмихал: Украинада Россия зарбаларидан зарар кўрмаган электр станциялари қолмади

Украинада Россия армияси зарба бермаган бирорта ҳам электр станцияси қолмади, деди энергетика вазири Шмихал. Фақат ўтган йили РФ мамлакатдаги энергетика объектларига 600 мартадан ортиқ ҳужум қилган.

Фото: Vladyslav Musiienko/AP Photo/dpa/picture alliance

Украинада Россия зарбаларидан зарар кўрмаган электр станциялари қолмаганини янги энергетика вазири Денис Шмихал жума куни, 16 январда Олий радада чиқиш қилиб маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда Россия армияси Украина энергетика тизимига қарши “612 та мақсадли ҳужум” амалга оширган, натижада “минглаб мегаватт генерация ишдан чиққан”.

Шунга қарамай, “Суспильне” украин нашри вазир сўзларини келтириб ёзишича, энергетика тизими бутунлигича сақланиб қолмоқда, бироқ электр истеъмолига жиддий чекловлар жорий этилган. Нашр маълумотларига кўра, энг оғир вазият Киев шаҳри ва Киев вилоятида, шунингдек Одесса, Днипропетровск, Харкив ҳамда фронтга яқин барча вилоятларда сақланиб қолмоқда. Умуман, мамлакат бўйича электр таъминоти ҳолатини Шмихал “мураккаб” деб атаган.

Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги ва Энергетика вазирлиги “энергетик Рамштайн”ни чақириш ниятида, деб хабар қилди Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибиха 15 январ куни Facebook саҳифасида. Унинг айтишича, ТИВ Европа иттифоқчилари билан энергетика инфратузилмасини тиклаш учун қўшимча маблағларни жалб этиш устида иш олиб бормоқда.

Киевда ўтган ҳафта ва жорий ҳафтадаги Россиянинг кенг кўламли зарбаларидан кейин шаҳарнинг катта қисми электр таъминоти ва иссиқликсиз қолган. 15 январ куни тахминан 300 та кўп қаватли уйга электр узатилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид