Жамият | 09:23 / 04.05.2020
28334
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» жамоаси Сирдарёга 30та юк машинасидан иборат «саховат карвони»ни юборди (видео)

«Ўзбекнефтгаз»  АЖ Бошқарув раиси ташаббуси билан 3 май куни Сардоба туман аҳолисига 300 тоннага яқин турли маҳсулотлар 28та юк автомашинасига ортилган ҳолда етказиб берилди.

Компания берган маълумотга кўра, сирдарёликларга кўмак сифатида жами 1,9 млрд сўмлик хайрия ёрдами ажратилган.

«Саховат карвони»дан кўплаб турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, шахсий гигиена воситалари ва бошқа буюмлар жой олган.

Беғараз ёрдамни шакллантиришда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ходимлари ҳам ҳиссасини ўз хоҳишлари билан пул маблағлари ва бошқа турли хилдаги бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари, китоблар ва кийим-кечаклар юбориб, ўз ҳиссасини қўшди.

Юборилган маҳсулотлар Гулистон шаҳрида ташкил этилган махсус штабда қабул қилиб олинди.

Бундан ташқари, «Сардоба» сув омборини тиклаш ишлари учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизим ташкилотлари томонидан 50 тонна дизель ёқилғиси ҳам етказиб берилди.

«Таъкидлаш керакки, бу – сардобаликларга кўрсатилаётган ёрдамнинг биринчи босқичи бўлиб, токи у ерда вазият ўз изига тушмас экан, жамоа аъзолари ва тизим корхоналари томонидан беғараз ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилади», – деб маълум қилди корхона матбуот хизмати.

Журналист Рахматилла Исроилов

Мавзуга оид