Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин денгиз блокадаси билан таҳдид қилди. РФ армияси бунга қодирми?
Россиянинг соядаги флоти Қора денгизда ҳужумга учраши ортидан, Владимир Путин яна Украинани “денгиздан узиб қўйиш” билан таҳдид қилди. “Шунда умуман қароқчилик билан шуғуллана олишмайди”, деди у. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Қора денгиз фронтини муҳокама қилишди.
— Россия Украинани Қора денгиздан узиб қўйиш салоҳиятига эгами?
Абдували Сойибназаров: Россия маълум ҳарбий ва стратегик имкониятларга эга бўлса-да, Украинани тўлиқ равишда Қора денгиздан узиб қўйиш ҳозирча имкониятлари доирасидан ташқарида. Бу ниҳоятда мураккаб вазифа. Бироқ Россия Украинани Азов денгизидан узишга эришди. 2022 йил феврал ойидаги босқин ортидан Россия Запороже ва Херсон вилоятларининг бир қатор жанубий ҳудудларини эгаллаб олди, шунингдек Бердянск ва Мариуполни қўлга киритди. Бу шаҳарларда жойлашган портлар Украина учун Азов денгизига чиқадиган асосий йўллар бўлиб, Россия уларни назоратига олиб, Украинани Азов денгизига чиқиш имконидан маҳрум қилди. Бу Россиянинг муҳим ютуқларидан биридир.
Бундан ташқари, Қрим ҳам стратегик аҳамиятга эга. Россия 2014 йилда Қримни босиб олганидан сўнг, Қора денгиз қирғоқларида йирик ҳудудларни назорат қила бошлади. Ҳозир эса Россиянинг навбатдаги асосий стратегик мақсадларидан бири – Одесса ва Николаевни қўлга киритиш. Бу ҳудудлар ниҳоятда муҳим стратегик аҳамиятга эга. Агар Россия бунга эришса, Украина деярли “қуруқлик давлати”га айланиб қолади.
Россия аввалроқ Николаев орқали Одессани эгаллашга уринган, бироқ кучли қаршиликка дуч келиб, оғир йўқотишларга учради. Шундан сўнг Россиянинг бу икки шаҳарга бостириб кириш бўйича ҳаракатлари муваффақиятсиз бўлди. Бу эса Украина мудофааси бу йўналишларда мустаҳкам эканини кўрсатади.
Ҳозирча Россиянинг қуруқликдан Одессага бориш имконияти йўқ. Қора денгиз флотига сезиларли зарар етказилган бўлса-да, Россия ҳануз Қора денгизда Украина атрофини қисман қуршаб олиш имкониятига эга. Аммо мавжуд шароитда Одесса ва Николаевни қўлга киритиши эҳтимолдан йироқ. Бундан ташқари, Жанубий Буг дарёси ҳудудидаги сув тўсиқлари ҳам Россиянинг ҳаракатланишини чеклайди.
Хулоса қилиб айтганда, Россия денгиздан туриб блокадани қисман амалга ошириши мумкин, аммо Одесса ва Николаевни эгаллаш ҳозирги пайтда жуда қийин. Бу эса Украина учун стратегик жиҳатдан ниҳоятда муҳим, чунки мамлакатнинг асосий экспорти ва импорти айнан шу портлар орқали амалга оширилади. Шу боис Украина бу йўналишларда таслим бўлиши эҳтимолдан йироқ.
Шуҳрат Расул: Россия ҳозирги шароитда Қора денгизда тўлиқ блокада ўрнатиш қудратига эга эмас. Агар бунда етарли имконияти бўлганида, аллақачон амалга оширган бўларди. Сабаблардан бири шундаки, уруш бошланганидан буён Украина Россиянинг флагман “Москва” кемаси ҳамда яна 30 дан ортиқ ҳарбий кемасини чўктириб юборган. Бу Россия флотининг имкониятларини кескин пасайтирди.
Блокада қилишнинг асосий тўсиғи – Украинада мавжуд замонавий қуроллар, хусусан Магура типидаги денгиз дронларидир. Ана шу дронлар туфайли Россиянинг Қора денгиз флоти ўзининг Новороссийскдаги базасидан ҳам чекинишга мажбур бўлди. Вазият шунчалик оғирлашдики, флот қолдиқлари Украинанинг дронлари етиб бора олмайдиган масофага – Абхазиядаги Гагра портигача чекиниб кетди. Бу Россия учун стратегик жиҳатдан ниҳоятда ноқулай ҳолатдир.
Ҳозир Қрим яримороли яқинига, айниқса унинг ғарбий қисмига яқинлашган ҳар қандай рус ҳарбий кемаси Магура дронлари томонидан зарбага учраш хавфи остида туради. Шунинг учун ҳам Россия флотининг фаол ҳаракат қилиш имконияти кескин чекланган. Натижада Россия денгиз блокадаси ўтказа олмаяпти. Бунинг оқибатида Одессадан чиққан барча юк кемалари ҳеч қандай тўсиқсиз Қора денгиз орқали ўтиб, Босфор ва Дарданел бўғозларига чиқяпти ва жаҳон океанига бемалол кириб кетмоқда. Агар Россия ҳақиқатан ҳам блокада ўтказа олганида, бу транспорт йўллари ишлаётган бўлмас эди.
Назарий жиҳатдан қуруқлик орқали Одессани эгаллаш масаласига тўхталсак, бу ҳам амалда имконсиз. Россия армияси ҳозирда умумий мобилизация эълон қилмаяпти, сабаби бундай қарор мамлакат ичида жиддий норозилик ва ижтимоий беқарорликни кучайтириши, ҳатто ички сиёсий инқирозга олиб келиши мумкин. Мобилизация ресурслари етишмаяпти, техникалар эскирган, критик қуроллар танқис ва мавжуд ҳарбий салоҳият билан катта ҳарбий амалиёт қилиш қийин.
Ҳозирги имкониятлар билан нафақат Одессага ёки Қора денгизда натижага эришиш, балки Донбасснинг қолган 20 фоизини эгаллаш масаласи ҳам катта савол остида турибди.
Швеция ва АҚШдаги етакчи ҳарбий-таҳлилий институтлар олиб борган ҳисоб-китобларга кўра, Россия ҳозирги суръат билан ҳаракат қиладиган бўлса, Донбасснинг қолган, нисбатан кичик икки тумандан иборат ҳудудини 2028 йил охиригача зўрға эгаллаши мумкин.
Шу мантиққа кўра, агар Россия худди шу суръатни сақлаб қолса, Одессага етиб бориш назарий жиҳатдан 2099 йилдан ҳам кечроқ содир бўлиши мумкин – агар бунга умуман эришиш имконияти қолса.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.