Ўзбекистон | 09:57 / 02.04.2026
4045
2 дақиқада ўқилади

Айрим ўзбекистонликлар Владивосток аэропорти орқали Россияга киритилмади

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги вакили вазифасини бажарувчи Евгений Волосастов билан учрашувда айрим ўзбекистонликларнинг Владивосток халқаро аэропорти орқали Россияга киритилмагани масаласини кўтарди.

Фото: “Дунё” АА

«Дунё» ахборот агентлиги хабар қилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон томони 2026 йил 1 февралдан 25 мартгача бўлган вақт оралиғида айрим фуқаролар Владивосток халқаро аэропорти орқали Россияга киритилмаганини маълум қилган.

Қайд этилишича, Россия томони назоратни кучайтиргани ва қўшимча текширувлар жорий қилгани сабабли Uzbekistan Airways ва Centrum Air авиакомпаниялари парвозлар жадвалига ўзгартиш киритишга мажбур бўлган. Бу эса Ўзбекистондан келаётган йўловчилар сони камайишига олиб келган.

Учрашувда мазкур ҳолат икки давлат ўртасидаги сайёҳлик алоқалари ва савдо-иқтисодий ҳамкорликка ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланган. Жумладан, Navobod Naslli Parranda фермер хўжалиги ва “АгроПтица” компанияси ўртасидаги 20 миллион долларлик келишув доирасида Ўзбекистондан Приморе ҳудудига инкубация тухумларини етказиб бериш жараёнида ҳам қийинчиликлар юзага келаётгани айтилган.

Шунингдек, мулоқотда Приморе ҳудудида вақтинча бўлиб турган ватандошларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, миграция қоидаларини бузгани учун ушланган фуқаролар билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, айни пайтда Россиядаги вақтинча сақлаш марказларида юз нафардан ортиқ фуқаро сақланаётган бўлиб, уларни тезроқ ватанга қайтариш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Евгений Волосастов ўз навбатида ушбу масалаларни Приморе ҳудудидаги масъул идоралар билан биргаликда кўриб чиқиш ва вазиятни яхшилаш учун қўшимча музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, у Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ва минтақадаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид