Жамият | 09:05 / 01.07.2020
70089
11 дақиқада ўқилади

Тавсиянома учун хотин-қизлардан аризалар қабули бошланди. Талабгорлар учун батафсил маълумот

2020/21 ўқув йили учун қабулдан бошлаб, хотин-қизлар учун жами давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча 4 фоизли грант ажратилиши белгиланди. Ушбу тўрт фоиз – бу йил 940та грант квота демакдир. Kun.uz мухбири ушбу янгилик юзасидан атрофлича маълумот тўплади.

Аввало айтиш жоиз, бу имтиёз бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича ва фақат танланган биринчи йўналишга ўқишга кириш учун амал қилади.

Грант кимларга берилади?

Грантга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган хотин-қизлар қатлами анчагина кенг:

  • кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;
  • шахсий уй-жойи йўқ, ижарада яшаётган оилалар;
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;
  • олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ марта паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан – қайси туманлар экани ҳақида қуйида батафсил).

Қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Юқоридаги тоифаларга мансуб хотин-қизлар 24 июндан 10 июлгача бўлган муддатда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман ва шаҳар бўлимларида ташкил этилган ишчи гуруҳларга грант учун ҳужжат топширишлари мумкин.

Ҳужжатлар тўплами қуйидагилардан иборат бўлади:

  • туман (шаҳар) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи номига ариза (дастлаб, ариза вазир номига ёзилиши эълон қилинган эди. Бироқ охирги вариантда ариза вазирликнинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи номига ёзилиши тасдиқланди)
  • грант олиш учун белгиланган талаблардан бирига тўғри келишини тасдиқловчи ҳужжатлар (иловаси билан);
  • маълумотнома, объективка;
  • умумтаълим мактаби ёки ўрта махсус, касб-ҳунар муассасасидан маълумотнома (умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжат нусхаси);
  • Паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.

Ўқиш жойидан маълумотнома келаси йилларда сўралади, бу йил эмас

Талабгор ўқиган мактаби, коллежи ёки лицейидан маълумотнома олиб келиши ҳақидаги талаб ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Kun.uz грант билан боғлиқ шу ва бошқа саволлар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирликнинг маълум қилишича, талабгорнинг маълумотнома топшириши ҳақидаги талаб Вазирлар Маҳкамасининг 23 июндаги қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низомда белгилаб қўйилган.

«Лекин низомдаги бу талаб жорий йил учун амал қилмайди. Сабаби қизларга қўшимча грант ажратиш учун тавсияномалар жорий йил тезлаштирилган форматда берилади.

Бундан кейинги йилларда 15 майга қадар тавсиянома олиш учун мурожаат этувчи хотин-қизлар ҳужжатларини ҳудудий бошқармаларга низомда белгиланган муддатларда тақдим этишлари керак.

15 майга қадар умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасаларида таълим олаётган хотин-қизлар шаҳодатнома ёки диплом олмаган бўлади. Демак, улардан қаерда таълим олишини кўрсатувчи маълумотнома сўралиши тўғри.

Ўқишни олдинги йиллар давомида тамомлаган талабгорлар Низомга мувофиқ, умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжатга эга бўлиши ва нусхасини мезонга мувофиқ бошқа ҳужжатлар билан бирга ишчи гуруҳига тақдим этиши лозим», – дея маълумот берди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги.

Вазирлик вакиллари бу йил грант учун тавсияномалар қабул қилиш битирувчиларнинг таълим муассасаларини тамомлаганидан сўнг бошланганини, демак, ҳамманинг қўлида таълимни тугатганлик тўғрисидаги ҳужжат борлигини таъкидлади ва қўлида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат бор талабгор қизлар мактаб, коллеж ёки лицейни тугатганлик тўғрисидаги ҳужжат нусхасини топшириши кифоя эканини билдирди.

Хотин-қизлар талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжатларни қаердан олади?

Кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги қарорига илова қилинган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ташкил этилган махсус комиссиянинг хулосаси ва тузилган далолатномага асосан аниқланади.

Тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар ҳолати отаси ёки онасининг ёхуд ҳар иккисининг ўлим гувоҳномалари нусхалари асосида аниқланади. Бу ҳужжат ишчи гуруҳи томонидан  ФҲДЁ органларидан мустақил равишда идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олиниши ҳам мумкин.

14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизларининг ҳолати маҳаллалар томонидан аниқланади ва ишчи гуруҳ томонидан уларга тўғри баҳо берилгани ўрганиб чиқилиши мумкин. Улар ҳақидаги ҳужжатларни ҳам ишчи гуруҳ ФҲДЁ органларидан мустақил равишда сўраб олиши мумкин.

Шахсий уй-жойи йўқ, ижарада яшаётган оилалардан чиққан қизлар Давлат хизматлари марказлари томонидан берилган талабгорнинг ота-онаси (васий ёки ҳомийси) номида уй-жойи йўклигини тасдиқловчи маълумотнома ёки солиқ идоралари томонидан рўйхатга олинган ижара шартномасини тақдим қилади. Бунда ижара шартномасининг  тузилганлик муддати 1 йилдан кам бўлмаслиги шарт.

Ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар ҳақида маълумотлар туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказларида мавжуд маълумотлар асосида аниқланади.

Ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар оила аъзоларининг ногиронлиги борлигини тасдиқловчи ҳужжатни илова қилишлари лозим.

Олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлар қуйидагилардир: Қорақалпоғистоннинг Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманлари; Жиззах вилоятининг Фориш тумани; Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани; Навоий вилоятининг Томди ва Учқудуқ туманлари; Фарғона вилоятининг Сўх тумани. (Асос: «Аҳоли пунктларини бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудлар таркибига киритиш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома)

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги статистикаларига кўра, хотин-қизларнинг республика бўйича олий таълим билан қамрови 46 фоизни ташкил этади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ишчи гуруҳ бу талаб асосида ҳужжат топширган хотин-қизларга тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқади.

Тушунишимизча, олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ марта паст бўлган туманлар рўйхати ҳали тасдиқланмаган.

Тавсияномалар сони чегараланмаган, лекин грантлар сони чекланган

Вазирлик маълумотига кўра, қўшимча грантга талабгор ва қўйилган талабларга мос келган хотин-қизларга тавсияномалар 15 июлгача етказилади.

Қайд этиш жоизки, ишчи гуруҳ томонидан талабларга жавоб беради, деб топилган хотин-қизларга тавсияномалар бериш сони чекланмаган. Яъни барча талабларга мос келган даъвогарларнинг ҳаммасига тавсиянома берилиши мумкин. Бироқ грантлар сони чегараланган: республика бўйича жами 940та.

Вилоятлар кесимида ўринлар қуйидагича тақсимланган:

  • Самарқанд вилояти – 104
  • Фарғона вилояти – 100
  • Қашқадарё вилояти – 88
  • Андижон вилояти – 85
  • Тошкент вилояти – 80
  • Наманган вилояти – 75
  • Сурхондарё вилояти – 71
  • Тошкент шаҳар – 70
  • Хоразм вилояти – 50
  • Бухоро вилояти – 53
  • Қорақалпоғистон Республикаси – 51
  • Сирдарё вилояти – 49
  • Жиззах вилояти – 36
  • Навоий вилояти – 28

Вақтинчалик яшаш жойидан ҳужжат топшириш имкони йўқ

Ҳужжатлар хотин-қизларнинг доимий яшаш жойи бўйича туман (шаҳар) Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимларига топширилади.

Қизларда вақтинча яшаш жойи бўйича грант учун ҳужжат топшириш имкони йўқ.

Тавсиянома ололмаганларга тушунтириш берилади

Тавсияномалар 15 июлга қадар талабгорларга етказилади.

Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларидаги ишчи гуруҳларига мурожаат қилган, лекин асосли равишда тавсиянома берилмаган хотин-қизларга нега уларга тавсиянома берилмагани ҳақида тушунтириш берилади.

Шунда қизлар қабул учун ҳужжат топширишнинг охирги санаси келгунча тавсияномани кутиб, қабул муддатини ўтказиб юбормайди.

Тавсияномали қизлар ҳам имтиҳонда иштирок этади

2020 йил 20 июлгача тавсиянома берилган талабгорларнинг якуний рўйхати вазирлик томонидан Давлат тест марказига тақдим этилади.

Тавсияномага эга абитуриентларни қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларига мувофиқ ҳал қилинади.

Тавсиянома эгалари тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда балл тўплаши керак. Етарли балл йиғганлар баллар кетма-кетлиги бўйича қўшимча 4 фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади.

Пандемия пайтида ҳужжатлар онлайн эмас, қоғоз шаклда сўралмоқда. Нега?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тавсиянома беришда хотин-қизлардан ортиқча ҳужжатларни сўрашга йўл қўйилмаслигини алоҳида таъкидлади.

«Жорий йилда ҳужжатларни қабул қилишда вақт қисқалиги инобатга олиниб, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда анъанавий усулдан фойдаланилмоқда. Вазирлик келгусида мазкур жараёнларни тўлиқ онлайн форматга ўтказиш бўйича тегишли чоралар кўрилишини маълум қилади.

Вазирлик томонидан тавсияномани олиш учун талабгорларнинг ҳужжати батафсил ўрганиб чиқилиши, низомда белгиланган мезон ва талабларга тўғри келмайдиган номзодлар ушбу рўйхатга киритилмаслигининг олдини олиш бўйича барча тегишли чораларни кўради» – дея маълум қилди вазирлик Kun.uz’га.

Тавсиянома бериш тизими янги бўлгани ва жорий йил жуда қисқа муддатда амалиётга татбиқ этилаётгани туфайли камчиликлар бўлиши табиий. Шу туфайли Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги одамларда пайдо бўладиган саволларга доимий жавоб бериш, у асосда камчиликларни бартараф этиб боришга тайёрлигини билдирди.

Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид