Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
100 марта рад этишган бўлса ҳам, ўз-ўзига бўлган ишончни йўқотмаслик сирлари
Рад этишлар “ҳафсалани пир қилиши” эмас, иштиёқ уйғотиши лозим. Инвестор ва тадбиркор Жеймс Альтучер «Ўзингга ишон!» китобида инкор этилган вазиятда ўзини қандай тутиш кераклигини билмайдиганларга 10 та маслаҳат беради.
Ҳаммамизга қўпол тарзда юз марталаб рад жавобини беришган, дея ўйлардим ёнимдаги столларда ўтирганларга қараб. Amazon’да китобларини мустақил тарзда нашр этишга қарор қилган ёзувчилар билан овқатланаётган эдик. Уларнинг ҳар бири ўзини танлади. Мендан ташқари ҳаммаси бадиий адабиёт ёзишар ва китобларининг юз мингдан ортиқ нусхасини сотишарди. Рўпарамда яқиндагина ўзининг илмий-фантастик асарини экранлаштириш ҳуқуқини сотган йигит ўтирарди. Унинг ёнида ўтирган аёл ўсмирлар учун янги роман устида ишларди. Яна бир ёзувчи ўз триллерининг ярим миллион нусхасини сотган. Ёнимда болалар китоблари орасида муваффақиятга эришган асар муаллифи ўтирарди.
Барини бир нарса бирлаштирарди. Китоб ёзиш – уларга хос истеъдод эканини билишарди. Шунга қарамай, рад жавобини олишган. Баъзилари ҳатто юз марталаб “йўқ” жавобини эшитишган. Бироқ эндиликда ёзувчилик меҳнати орқали пул ишлаб топишяпти. Ҳаммалари табассум қилишарди.
Агар улар ўттиз тўққизинчи рад жавобидан кейин чекинишганида ҳозир юзларида табассум билан ўтиришармиди?
Ҳар куни ҳаётнинг турли соҳаларида рад жавобини эшитишимизга тўғри келади. Бу ҳаётимиздаги энг қудратли куч бўлса керак, менинг назаримда. Рад жавобини олганингиз, бунга нисбатан сизнинг реакциянгиз бутун ҳаётингизга таъсир кўрсатган ҳолатларни ёдга олинг.
Баъзида чекиниш керак бўлган ҳолатлар бўлади. Баъзи вақтларда эса ҳеч нимани ўзгартирмасдан ўз фикрингизда мустаҳкам туришингиз талаб этилади.
Рад жавобини қандай қилиб ўз фойдамизга айлантириш мумкин?
1.Ривожланинг
Мана шу иш, грантга эга бўлмоқчи эдингиз. Ушбу шоу, китобни амалга оширмоқчи, компаниянгиз, маҳсулотингизни сотмоқчи бўлдингиз. Сизга “йўқ” дейишди. Маҳсулотингизни диққат билан кузатинг. Таклиф қилаётган нарсангизни яхшироқ даражага олиб чиқа оласизми? Балки ҳа, балки йўқ. Бироқ дастлаб ўйлаб кўринг. Дунёга таклиф этаётган нарсангизни яхшилашнинг ўнта усулини топинг.
Бир вақтлар мен компанияни сотишга ҳаракат қилдим. Унинг кам миқдордаги мижозлари ва даромади бор эди. Мен хизматларимизнинг ўзига хос жиҳатларини аниқ тасаввур қилолмасдим. Ривожланиш мумкин бўлган ўнга яқин йўналишлар топилди; аста-секин мен уларнинг барини қамраб олдим ва келаси йили компанияни муваффақиятли равишда сотдим.
2. Тақдирингизни ҳал қиладиганлар доирасини кенгайтиринг
Яқин вақтларгача фаолиятини бошлаётган ёзувчида бор-йўғи бир йўл мавжуд эди – китобини беш-ўнта йирик нашриётларга таклиф қилиш. Ҳар йили деярли йигирма минг киши уларга ўз романларини юборарди ва кўпчилиги рад жавобини оларди. Сизга ким рад жавобини берди? Қўлёзмангизни варақлаб кўришга муваффақ бўлган амалиётчилар ва ёш муҳаррирлар, кечаги талабалар.
Бугун эса исталган киши мустақил тарзда ўз китобини Amazon ёрдамида нашр эттириши мумкин. Шундай қилиб, сиз ўзингизни ўзингиз танлайсиз, яна бир муҳим жиҳати тақдирингизни ўқувчилар ҳал қилади. Кўп миллионли ўқувчилар борлиги қайси йўналишда ривожланиш, ижодий жараённи қандай қилиб назорат қилиш, ва ниҳоят ўз ҳаётингиз устидан ҳукмронлик қилиш борасида сизга қарор қабул қилишда ёрдам беради.
3. Тушунинг, бу ўзингизни танлаш даври
Amazon’га ташрифим давомида кўрганларимдан ҳайратга тушдим: инқилоб юз бермоқда. Гап қандайдир қурилма ҳақида эмас. Гутенберг давридан бери илк марта ўз ғояларингизни бир вақтнинг ўзида кўплаб одамларга етказишнинг янги усули пайдо бўлди. Сиз исталган соҳада ўзингизни танлаб, унда муваффақият қозониш, ривожланиш, мулоқот қилиш, сизни тинглаши лозим бўлган ҳар бир одамга мурожаат қилишингиз мумкин. Бу имкониятни қўлдан бой берманг. Бундан ташқари, айнан “рад этилиш” сизни у томонга йўналтириши мумкин.
Бу фақат китобларгагина тегишли эмас. Бу ҳамма соҳада иш беради. Ўз маҳсулотингиз аудиториясини кенгайтира оласизми? Танишувлар сайтлари пайдо бўлганида шахсий ҳаётингизга таъсир қилиши мумкин бўлган одамлар кўпайди. YouTube пайдо бўлгач, сизга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган таъб ҳуқуқшунослари сони ортди.
Шахсан қандай муносабатда бўлишимга қарамай, Жастин Бибер ўз клипларини (миллиард марта томоша қилинган) YouTube’жойлаб, одатдаги йўлдан боришга қараганда кўпроқ муваффақиятга эришди. Баракалла – йигит ўз-ўзини танлаб, ниятига етди.
4. Ёндашувни ўзгартиринг
Барда ҳеч ким билан таниша олмаяпсизми? Имкониятлар сизнинг фойдангизга ҳал бўладиган бошқа жойларга боринг. Ҳеч ким сизнинг ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳақида ёзилган хатларингизга жавоб бермаяптими? У ҳолда бирор реал нарса таклиф этинг: одамларга ниманидир бепул беринг, улар шу орқали ғоянгизнинг қадрини дарҳол кўришади. Мижозларга қўнғироқ қиляпсиз, бироқ улар трубкани жойига қўйишяптими? Ишни бошқа йўл билан ташкиллаштиришга ҳаракат қилинг.
5. Чекинманг - ўзгаринг
Мен нашриётга ўз романини ўттиз тўққизинчи марта таклиф этишда чекинадиганлардан эдим. Баъзида имкониятлар сизнинг фойдангизга эмаслиги яққол намоён бўлади. Балки, қирқинчи марта омадим чопиши мумкин эди. Билмадим. Бироқ, чекинганимдан ҳурсандман, бунинг ўрнига ўзгардим. Биргина адабиётга диққатни қаратиш ўрнига ижодий жиҳатдан ўз-ўзимни намойиш этиш учун телевидение ва ўша вақтда пайдо бўлган “умумжаҳон тўри”дан фойдаландим.
6. Одамларга яқинроқ бўлинг
Ижтимоий медиани “гуруҳ”га қараганда “индивидуал” деб аташ мумкин: фаолиятингиз натижаларини қандайдир катта гуруҳ тарқатмайди. Аксинча Facebook, Twitter, LinkedIn, Quora, Pinterest’да, блогларда, Amazon, SlideShare, Scribd, reddit ва бошқаларда ўзингизга ўзингиз имидж яратасиз. Бу каналларнинг бари маҳсулотингизни истиқболли мижозларга янада яқинроқ қилади. Ҳар бир обуначи, мухлис, муштарий ва бошқалар сизни кўпчиликка яқинлаштиради. Сиз ўзингизни танлайсиз ва дунё билан ҳамкорлик қилишнинг шахсий каналига эга бўласиз.
7. Маслаҳатлашинг
Рад жавобини беришдими? Вой, бечора! Йиғлаб олдингиз, энди эса ўзингиздан бунинг сабабини сўранг. Истайсизми, йўқми бутун умрингиз давомида сизга рад жавобини беришади. Бунинг сабабини билиш фойдали. Баъзида эсингизда қоладиган тўғри жавобни оласиз.
8. Омадсизлик билан ўйнанг
Сизни рад этишдими? Сиз бунга қандай муносабат билдирдингиз? Йиғлаб юбордингизми? Чекиндингизми? “Нима учун ДОИМ муваффақиятсизликка учрайман?” деб ўйладингизми? “АҲМОҚЛАР менга “йўқ” дейишдими?” деган фикрга келдингизми? Муваффақиятсизликка қандай муносабат билдиришингизни аниқлаб олинг. Муносабатни қандай қилиб яхши томонга ўзгартириш ҳақида ўйланг.
Яқинда борлиқнинг 76 фоизи “қоронғу энергиядан” иборат экани ҳақида ўқидим. Бошқача қилиб айтганда бу нима экани ҳақида тушунчага эга эмасмиз. Яна 20 фоизи материянинг биз умуман ҳеч нима билмайдиган қисми. Борлиқнинг фақат 4 фоизи биз тушунадиган материядан иборат.
Физик олимлар шу сабаб ҳар тун уввос солишадими? Йўқ, албатта. Бу уларга янада кўпроқ янги нарсаларни ўрганиш имкониятини берди. Улар олдида борлиқни ҳақиқатан ҳам тушунишда ёрдам берадиган истиқболли тушунчалар кенглиги очилди.
Ҳар бир муваффақиятсизлик ҳам имконият эмас. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Омадсизликка учраганингиздаги ҳолатларга назар солинг. Улардан қанчаси имкониятга айланди? Бир неча йил аввал миллиардер менга инвестицион фондга асос солиш учун 50 миллион доллар бермоқчи эди. Бироқ умумий дўстимиз ишга аралашиб, бу воқеа содир бўлишига йўл қўймади. Ўша вақтда жуда жаҳлим чиққанди.
Ҳозир эса ундан миннатдорман. Ўша вақтдан бери менга хурсандчилик келтирган ишлар билан шуғулландим, бироқ агар фонд билан банд бўлганимда бунинг учун вақтим ҳам, кучим ҳам қолмасди. Ёки мана шу китобни ёзмаган бўлардим.
9. Содир бўлаётганларни муносиб равишда қабул қилинг
Рад этишлари – НОРМАЛ ҳолат. Сизга иш берувчилар, фарзандлар, дўстлар, қариндошлар, ҳамкорлар, компаниялар, нашриётлар, қисқаси – ҳамма “йўқ” дейди.
Аслида бор кучингиз билан рад этишларни четлаб ўтиш НОРМАЛ БЎЛМАГАН ҳолатдир. Инкор жавобидан қўрқиш ҳам буткул нормал. Бундан ташқари, ҳақиқат билан боғлиқликни йўқотганларгина рад жавобидан қўрқмайдилар.
Бироқ муваффақиятларни қабул қилишни ҳам унутманг. Мукаммалликка эришиш ва ўзингизни танлаш йўлида ўрганганларингиз аҳамиятга эга.
Аввалги сюжетга “ёпишманг” (“Менга ҳамма рад жавобини беради”).
10. Доим алоқада қолинг
Ортимдан кўприкларни ёқмаслик мен учун мушкул. Мен буни жуда тез-тез амалга ошираман. Бироқ ўтмиш билан алоқаларни узишга ҳаракат қилмаганимда бу менга катта муваффақият келтирган.
Масалан, бир куни илк компанияларимдан бирини йирик реклама агентлиги Omnicom’га сотмоқчи бўлдим. Бу компанияда мазкур қарорни қабул қиладиган аёл билан учрашдим. У компанияларимиз бирлашишга тайёр эмас деб ҳисобларди.
Мен ҳар ой унга компаниямизда содир бўлаётган нарсалар ҳақида ҳисобот юборишни бошладим: янги мижозлар, савдолар бўйича маълумотлар, ходимлар сони. Бундан ташқари, Omnicom таркибидаги бошқа агентликларга ёрдам берардим. Бир куни ўша аёлга мижозларимизнинг номидан қўнғироқ қилдим ва агентликлардан бирини тавсия этишини сўрадим. Бошқача қилиб айтганда, ҳақиқий қийматни таклиф қилдим.
Мен ҳар ой ана шундай қилардим. Деярли бир йилдан сўнг у Omnicom’даги учта агентлик вакилини бизга юборди. Уларнинг ҳар бири менга харид ҳақида таклиф беришди. Улардан бирини танладимми? Йўқ, бироқ мен улардан бирини танлашим мумкин эди.
Мен “Ҳаёт қисқа” иборасини ёқтирмайман. Менга у баъзида жуда узоқ бўлиб туюлади. Бошқа томондан ҳаётни хафагарчиликларга сарфлаш учун жуда қисқалик қилади. Ҳамма қандайдир йўл билан яшашга ҳаракат қилади. Рад жавобини олганлар ҳам, рад этувчилар ҳам. Ҳеч ким бундан суғурталанмаган. Шундай экан, келинг, алоқада қоламиз. Шундай қилсак, финиш чизиғига етиш бироз бўлса-да, осонлашади.
Мавзуга оид
14:13 / 25.03.2025
Фирибгарлар тузоғига энг кўп тушадиган одамлар тоифаси маълум қилинди
12:13 / 19.09.2023
Болалар миллий тиббиёт марказида онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди
10:50 / 08.08.2023
Аэропортда нималар қилмаслик керак? Стюардесса маслаҳатлари
13:13 / 08.03.2020