Ўзбекистон | 17:54 / 10.03.2020
44992
8 дақиқада ўқилади

Тошкентда 3 мингга яқин киши бола асраб олиш учун навбатда турибди. Тизимни соддалаштириш керакми?

Чақалоқ савдоси ижтимоий ҳаётдаги энг оғриқли масалалардан бири бўлиб турибди. Бу муаммонинг илдизи, Ички ишлар вазирлиги талқинига кўра, бола асраб олишнинг қийинлиги ва бу жараёндаги қоғозбозликларга бориб тақалади.

Дарҳақиқат, кўплаб фуқаролар фарзандликка олиш жараёни жуда мураккаблиги, йиллар давомида навбат кутиш кераклиги ва коррупция ҳолатларидан шикоят қилмоқда.

Аслида вазият қандай? Фуқароларнинг эътирозлари асослими? Kun.uz масала юзасидан соҳа мутахассисларининг фикрлари билан қизиқди.

«Қонунчиликда камчиликлар бор»

Адиба Сафарова – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими:

Адиба Сафарова

– Ўзбекистон Республикасида фарзандликка олиш Оила кодекси ва Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган «Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида»ги Низом билан тартибга солинади. Мазкур қонун ҳужжатларини ўрганиш натижасида бир қатор ҳуқуқий бўшлиқлар ва камчиликлар аниқланди:

1. Низомнинг бир қатор нормалари Оила кодексида белгиланган қоидаларга тўғри келмайди. Масалан, Оила кодексининг 151-моддаси кўра, фарзандликка олиш – болани фарзандликка олишни истаган шахс(лар)нинг аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Бироқ Низомнинг 3-бандида фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг аризасига ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилиши белгиланган.

2. Оила кодекси 152-моддасида вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, мазкур талаблар фарзандликка олинувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла даражада ҳимоя қила олмайди.

Бошқача айтганда, фарзандликка олувчи шахсларга қўйиладиган талаблар қайта кўриб чиқилиши керак. Бунда уларнинг ёш чегараси, оилавий ҳолати ҳам ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқ.

3. Васийлик ва ҳомийлик масалалари бўйича алоҳида махсус ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги ва меҳрибонлик уйлари устидан етарлича назорат ўрнатилмагани сабабли нохуш ҳолатлар кузатилмоқда. Шунинг учун янги тузилма ташкил этилиши керак.

4. Фарзандликка олиш тизими очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи қоидалар белгиланмаган. Хусусан, фарзандликка олиш учун ҳужжатларни масофадан туриб топшириш, фарзандликка олиш мумкин бўлган болалар тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилмаган.

5. Қонунчиликда фарзандликка олишнинг соддалаштирилган тартиби мавжуд эмас. Мазкур ҳолат яқин қариндошлар томонидан фарзандликка олиш тартибининг одатдаги тартиби билан бир хил жараёнлардан ўтишига, расмийлаштириш муддатларининг узайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли болаларни фарзандликка олишдан кўра, васийликка олиш ҳолатлари сони ошиб боряпти.

«Фарзандликка олиш тизимини соддалаштириш тарафдори эмасман»

Умида Маманова – Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи директори:

Умида Маманова

– Меҳрибонлик уйларига турли тоифадаги фуқаролар мурожаат қилишади. Асосан фарзандсиз оилалар, турмушидан фарзанди бўлмай ажрашган аёллар бола боқиб олишни исташади.

Шундай оилалар борки, уларнинг фарзандлари бўла туриб, етим болага ғамхўрлик қилишади.

«Фарзандликка олишда ҳужжатларни йиғиш жараёни жуда мураккаб, шунинг учун буни енгиллаштириш зарур», деб менга кўп мурожаат қилишади. Бу масала доим муҳокама марказида. Аммо жараён енгиллаштирилиши керак, демаган бўлардим.

Тўғри, ҳаммамиз болалар оилада тарбияланишларини хоҳлаймиз. Лекин баъзи сабабларга кўра, биз болани қайсидир оиладан оламиз ва тўғри қарор қабул қилмасдан худди шундай шароитдаги бошқа оила қарамоғига бериб қўйишимиз мумкин.

Ўз тажрибамда кўп дуч келганман: одамлар ўзининг қандайдир ғараз мақсадлари учун фарзанд асраб олишади.

Президент томонидан «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ундаги имтиёзларнинг барчаси инсоний тамойилларга асосланган.

Ўтган йили қабул қилинган қарордан сўнг менга бир нечта қўнғироқ бўлди: бир нафар бола асраб олсам қанча пул беришади? Ростан ҳам ҳар бир бола учун 820 минг сўм бериладими? Иккита бола олсам, 1 млн. 640 минг сўм бўладими? Учта олсам-чи? Тушуняпсизми, бу ерда асосийси – молиявий мақсад.

Фарзандликка олиш учун кўп кутиш керак, деб нолишади. Биз ўзимизнинг биологик зурриётимизни ҳам 9 ой кутамиз. Бундан кам эмас. Ҳаттоки кучли хоҳиш-истак бўлса ҳам, болани осонликча қўлимга олиб кетаман, деб бўлмайди.

Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор. Аввало, бола оилада тарбия топиши керак. Унинг хоҳишига қараб иш тутишимиз керак. Ҳозирги пайтда янги туғилган чақалоқни қаровсиз ташлаб кетишаётгани, ўлдиришаётганларини ОАВда эшитяпмиз. Бунақа ҳолатларни кузатиб, улар меҳрибонлик уйларида қолганлари яхши, дейман.

«Тошкентда 3 мингга яқин фуқаро фарзанд асраб олиш учун навбатда турибди»

Суҳроб Холиқов – Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари:

Суҳроб Холиқов

– 2019 йилда 2018 йилга қараганда 3717 нафар кўпроқ етим бола фарзандликка олинди ва бу ўсиш динамикасини кўрсатмоқда. Патронат тизими ўтган йилгига нисбатан 756 тага кўпайган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, фарзандликка олинувчи ва олувчи ўртасидаги фарқ 15 ёшдан кам бўлмаслиги белгиланган. Минимум ёш чегарасини қўйсак, қайсидир маънода фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйишимиз мумкин. Фикримча, ҳозирги тартиб энг оптимал ечим, деб ўйлайман.

Фарзандликка беришда синов муддати белгиланиши бўйича қонунчилигимизда механизм мавжуд эмас. Хорижий тажрибада бу муддат берилади. Бизда патронат (болани оилага тарбия учун бериш) деган тушунча бор. Шу шаклдан амалиётда фойдаланади. Фарзандликка олувчи фуқаро васийлик органи билан битим асосида болани патронатга олади. Битимда белгиланган муддат фарзанд ва ота-она бир-бирларини ўрганишлари учун қулай фурсат ҳисобланади. Муддат тугагандан кейин ота-оналар хоҳласа, суд тартибида болани фарзандликка олишлари мумкин бўлади. Бу, юқорида айтилганидек, синов муддатига ўхшайди. Фуқаролар бу амалиётдан кўпроқ фойдаланишади.

Фарзандликка олишни истовчи фуқароларнинг аксарияти 3 ёшгача бўлган болаларни асраб олишни хоҳлашади. 3 ёшдан юқори болани асраб олмоқчи бўлганлар бўлса, уларни Меҳрибонлик уйига йўналтирамиз – у ерда бола билан мулоқот қилиб, фарзанд танлашлари мумкин. Агар менга маъқул дейишса, кейин ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилади.

Статистикага кўра, Тошкент шаҳридаги болалар уйида 2500-3000 нафар фуқаро фарзандликка олувчи сифатида навбатда туришибди. Навбат қачон келиши Меҳрибонлик уйига болалар келиб тушишига боғлиқ.

Фуқароларда савол туғилиши мумкин: нима сабабдан навбат келиши кечикиб кетяпти. Буни сабаблари бор: бола меҳрибонлик уйига тушганидан сўнг 1 йилгача фарзандликка бериш мумкинмас, чунки бу вақт давомида боланинг ота-онаси ёки яқин қариндошлари аниқланиб қолиши эҳтимоли бор.

Фуқаролар меҳрибонлик уйларидан болаларни асраб олишларига енгиллик бериш учун Вазирлар Маҳкамасига ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси киритилди. Унда топширилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати қисқартирилди. Илгари 1 ой бўлган бўлса, лойиҳада 15 кун таклиф сифатида киритилди.

Шунингдек, яна бир қулайликлардан бири – тизимни электронлаштиришдир. Фуқаролар ҳужжатларни ДХА орқали расмийлаштиришлари, электрон навбат олишлари ва уни кузатиб туришлари имконияти яратилади.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид