Жамият | 17:09 / 05.06.2020
20721
2 дақиқада ўқилади

Олий суд «Янгиобод» турбазасини тортиб олиш бўйича ҳоким қарорини бекор қилди

Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси Аҳатова Шаҳноза 5 июнь куни «Янгиобод» турбазаси бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, тадбиркор шикояти қаноатлантирилган.

Фото: Янгиобод турбазаси

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, очиқ суд мажлисида «Yangiabad Jemchujina Chatkala» МЧЖ фаолиятига оид 2019 йил 19 мартда қабул қилинган Нурафшон шаҳар маъмурий суди қарори ва 2019 йил 30 апрелда ушбу иш бўйича қабул қилинган Тошкент вилоят маъмурий судининг ажрими бекор қилинди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти ҳокимининг «Янгиобод» турбазасининг давлат фойдасига олиб қўйилиши бўйича 2019 йил 25 январда имзолаган қарори ҳам бекор қилинди. Олий суднинг ушбу қарори қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.

2019 йили апрель ойида Kun.uz'га интервью берган тадбиркор Али Тўхтаев «Янгиобод» турбазаси ишини Олий судга олиб чиқишини билдирганди. У ўшанда вилоят судида чиқарилган қарорга муносабат билдирганди.

«Биз суднинг бугунги қароридан норозимиз, бизда Олий судга апелляция бериш имконияти бор ва биз бу имкониятдан албатта фойдаланамиз», – деди Тўхтаев. 

Тошкентдан 120 км узоқликда, Ангрен атрофида жойлашган «Янгиобод» туристик базаси соҳиблари (2019 йили воқеалар юз берган пайтда ушбу лавозимда ишлаган) Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимовнинг ушбу объектни давлат фойдасига олиб қўйиш ҳақидаги қароридан норози бўлишганди. 

Улар турбаза ҳудудини Ўзбекистон Миллий гвардияси вакиллари қуршаб олгани ва у ерга ҳеч кимни киритилмаётгани ҳақида хабар қилганидан сўнг, мазкур воқеа шов-шувли тус олганди.

Мавзуга оид