Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонун янги моддалар билан тўлдирилади
Фото: Depositphotos
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ–371-сонли Қонунига қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилиши мумкин:
3-модда:
қуйидаги мазмундаги саккизинчи – ўнинчи хатбошилар билан тўлдирилади:
«ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган шахс – алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандликка мубтало бўлган ёки руҳий ҳолати бузилган ёхуд ҳуқуқбузарлик содир этаётган шахс;
ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оила – ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган шахс томонидан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, хотини (эри)га, вояга етмаган ёхуд вояга етган муомалага лаёқатсиз фарзандларига нисбатан шафқатсиз муомалада бўлаётган, уларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки ўз фарзандларини таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган шахс яшаётган оила;
якка тартибдаги профилактика иши – ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган шахслар ва оилаларни ўз вақтида аниқлаш, шунингдек уларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш ҳамда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишининг олдини олишга доир фаолият».
8-модда:
бешинчи хатбошидаги «муассасалар» деган сўздан кейин «ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг» деган сўзлар билан тўлдирилади;
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилади:
«Ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси бўйича чора-тадбирларни белгилайди»;
олтинчи хатбоши тегишинча еттинчи хатбоши деб ҳисобланади.
9-модда:
тўртинчи хатбошидаги «Миллий» деган сўз «Давлат» деган сўз билан алмаштирилади;
қуйидаги мазмундаги ўн биринчи-ўн тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилади:
«Ўзбекистон ёшлар иттифоқи»;
«Хотин-қизлар қўмиталари»;
«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари»;
«Дин қўмитаси ва унинг тизимлари»;
11-модда:
бешинчи хатбоши «терроризмни молиялаштириш ҳамда» деган сўзлардан кейин «жиноят ишининг терговга тегишлилиги бўйича жиноятлар» деган сўзлар билан, «аниқлайди» деган сўздан кейин «муҳокама этади» деган сўзлар билан тўлдирилади;
қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилади:
«ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг сабабларини, уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, муҳокама этади ва бартараф этиш чораларини кўради».
17-модда:
тўртинчи хатбошиси «аниқлайди» деган сўздан кейин «муҳокама қилади ва» деган сўзлар билан тўлдирилади;
қуйидаги мазмундаги тўққизинчи – ўн биринчи хатбошилар билан тўлдирилади:
«мунтазам равишда дарсларга қатнашмаётган таълим олувчиларнинг ҳисобини юритади, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уларни дарсларга қатнашишларини таъминлаш чораларини кўради»;
«ички ишлар органлари томонидан профилактик ҳисобга олинган таълим олувчилар билан профилактика ишини юритади»;
«маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган таълим олувчилар билан якка тартибдаги профилактика ишини амалга оширади»;
тўққизинчи – ўн тўртинчи хатбошилари тегишинча ўн иккинчи – ўн еттинчи хатбошилар деб ҳисобланади.
18-модда:
тўртинчи хатбошиси «аниқлайди» деган сўзидан кейин «муҳокама этади» деган сўзлар билан тўлдирилади;
қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилади:
«алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандликка мубтало бўлган, руҳий касалликларга, ОИВ инфекциясига, таносил касалликларига ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликларга чалинган шахслар билан якка тартибдаги профилактика ишини олиб боради».
Қуйидаги мазмундаги 19-1–19-4-моддалар билан тўлдирилади:
«19-1-модда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи:
вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва профилактика қилиш ишларида фаол иштирок этади;
ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган вояга етмаганлар ва ёшлар билан якка тартибдаги профилактика ишини олиб боришда иштирок этади;
ваколатли органлар томонидан ишсиз деб топилган уюшмаган ёшлар ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган вояга етмаганлар ва ёшлар билан якка тартибдаги профилактика ишини олиб боради;
ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантиришда, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда иштирок этади;
ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш чораларини кўради;
ёшлар, хусусан уларни уюшмаган қисмини маънавий-ахлоқий жиҳатдан ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш чораларини кўради;
ёшлар, хусусан уюшмаган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи, экологик маданиятни шакллантириш чора-тадбирларини амалга оширади;
ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар билан манзилли ишларни ташкил қилади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
19-2-модда. Хотин-қизлар қўмиталарининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари
Хотин-қизлар қўмиталари:
хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлайди, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширади;
хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлайди, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузади, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатади;
хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги вояга етмаган ёшдаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;
хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олади, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб боради ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлайди;
хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини, уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, муҳокама қилади ва бартараф этади;
хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг ҳисобини юритади, сабабларини, уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, бартараф этиш чораларини кўради;
фоҳишалик қилгани учун ваколатли орган томонидан маъмурий жавобгарликка тортилган хотин-қизлар билан якка тартибдаги профилактика ишини олиб боради;
ички ишлар органлари профилактик ҳисобига олинган ҳамда профилактика иши юритиладиган хотин-қизларга соғлом турмуш тарзида хаёт кечиришига кўмаклашиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ҳамда фаол хотин-қизлардан ушбу хотин-қизларга мураббий бириктиради ва ҳар ой якунида амалга оширилган ишлар ҳисоботини эшитади;
ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, оилада можароли ва оғир турмуш шароитни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўради;
қийин ҳаётий шароитдаги ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича манзилли ёрдам хизматининг ҳар хил турларига эҳтиёжларини ўрганиб, улар тўғрисида маълумотларни жамлаб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўради;
оиладаги нотинчлик, болаларнинг назоратсизлиги ва қаровсизлиги, шунингдек вояга етмаганлар орасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар белгилайди;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
19-3-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади, ушбу мақсадда марказлаштирилган тарзда ажратиладиган давлат маблағларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди;
ҳар ой якунида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш юзасидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари) ва маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссияси раислари, ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторлари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари, фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, шунингдек ҳудуддаги таълим муассасалари тегишинча оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади ҳамда уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қилади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади, шу жумладан ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини, уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлайди, муҳокама қилади ва бартараф этади;
туҳмат, ҳақорат қилиш, енгил тан жароҳати етказиш, майда безорилик содир этганлиги учун ваколатли орган томонидан маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар билан якка тартибдаги профилактика ишини олиб боради;
оиласида турли кўринишда низоли ҳолатларни келтириб чиқарадиган шахслар билан якка тартибдаги профилактика ишини олиб боради;
ички ишлар органлари профилактик ҳисобига олинган ҳамда профилактика иши юритиладиган шахсларга соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришига кўмаклаш чора-тадбирларини амалга ошириш учун фаоллардан ушбу шахсларга мураббий бириктиради ва ҳар ой якунида амалга оширилган ишлар ҳисоботини эшитади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
19-4-модда. Дин ишлари бўйича қўмита ва унинг тизимларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари
Дин ишлари бўйича қўмита ва унинг тизимлари:
аҳолига айниқса, ёшларга Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш мақсадида тушунтиришлар олиб боради;
фуқароларга ислом динининг асл мақсадини тушунтириш, ислом дини тарихи билан таништириш ва юртимизда ўтган буюк сиймоларнинг ислом динига оид таълимотларини ўргатади;
диний эътиқодга муносабати махсус таълим олмасдан чуқурлашган ҳолда киришиб кетган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказиб жамиятда муносиб ўрин эгаллашда амалий ёрдам беради;
фуқароларга янада қулайлик яратиш, уларга диний маслаҳатлар ва муаммоларини ҳал қилиш мақсадида, жойлардаги диний ташкилот идораларини ҳафтанинг ҳар жума куни очиқ эшиклар куни деб эълон қилиш;
ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари динда қораланиши борасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боради;
диний ташкилот вакиллари томонидан тарғибот ва ташвиқот ишлари ўтказилишини манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин».
21-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:
21-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги иштироки
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар:
Нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз уставида белгиланган тартибда, фуқаролар эса ўз хоҳишига кўра ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларга кўмаклашиш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш йўли билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этиши мумкин.
35-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:
«Профилактик ҳисобга қўйиш қуйидаги шахсларга нисбатан юритилади:
илгари судланганларга;
ўзига нисбатан суднинг жазо тайинланмаган айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахсларга;
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40, 41, 45, 47, 52, 56, 183, 184-2, 184-3, 188, 188-1, 189, 189-1, 190, 191-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганларга;
ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтганларга.»;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар чиқариб ташланади.
Қуйидаги мазмундаги 35-1-модда билан тўлдирилади:
«35-1-модда. Ўзига нисбатан якка тартибдаги профилактика иши олиб бориладиган шахсларнинг тоифалари
Якка тартибдаги профилактика иши қуйидаги тоифадаги шахсларга нисбатан олиб борилади:
туҳмат, ҳақорат қилиш, енгил тан жароҳати етказиш, майда безорилик содир этганлиги учун ваколатли орган ёки мансабдор шахс томонидан маъмурий жавобгарликка тортилганлар;
фоҳишалик қилгани учун ваколатли орган томонидан маъмурий жавобгарликка тортилган хотин-қизлар;
ваколатли органлар томонидан ишсиз деб топилган уюшмаган ёшлар;
оиласида турли кўринишда низоли ҳолатларни келтириб чиқарадиганлар;
алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандликка мубтало бўлган, руҳий касалликларга, ОИВ инфекциясига, таносил касалликларига ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликларга чалинганлар.
36-модда:
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:
«Бир шахс профилактик ҳисобга турган даврида уни профилактик ҳисобга олиш борасида янги асослар вужудга келган тақдирда, шахснинг профилактик ҳисобда туриш муддатини ҳисоблаш, шахс янги вужудга келган асослар бўйича профилактик ҳисобга қўйилган пайтдан эътиборан амалга оширилади»;
қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилади:
«шахсни профилактик ҳисобга қўйишга асос бўладиган ҳужжатлар қонуний кучга кирганида Қонуннинг 36-моддасида кўрсатилган ваколатли орган ёки мансабдор шахс уни зудлик билан электрон тарзда ички ишлар органларига тақдим этади».
Қуйидаги мазмундаги 36-1-модда билан тўлдирилади:
«36-1-модда. Якка тартибдаги профилактика ишини олиб бориш асослари
Якка тартибдаги профилактика ишини олиб бориш учун қуйидагилар асос бўлади:
суднинг қарори ёки ажрими;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тегишли даволаш муассасаларининг шахсни сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган ёхуд руҳий касалликларга, ОИВ инфекциясига, таносил касалликларига ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликларга чалинган бемор деб топиш тўғрисидаги тиббий хулосаси;
ваколатли органнинг якка тартибдаги профилактика ишини олиб бориш тўғрисидаги қарори».
38-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:
«38-модда. Шахснинг профилактик ҳисобда туриш муддати
Шахс профилактик ҳисобга қўйилган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида профилактик ҳисобда туради ва унга нисбатан профилактика йиғма жилди юритилади.
Илгари судланган шахс профилактик ҳисобга қўйилган пайтдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 78-моддасига мувофиқ судланганлик ҳолати тугагунга қадар ёҳуд 79-моддасига мувофиқ олиб ташлангунга қадар профилактик ҳисобда туради ва унга нисбатан профилактика йиғма жилди юритилади».
Қуйидаги мазмундаги 38-1-модда билан тўлдирилади:
«38-1-модда. Шахсга нисбатан якка тартибдаги профилактика ишини олиб бориш муддати
Шахсга нисбатан якка тартибдаги профилактика ишини олиб бориш бир йил мобайнида амалга оширилади.
Агар профилактика ишини амалга ошириш даврида ушбу Қонуннинг 361-моддасида назарда тутилган янги асослар вужудга келса, шахс билан профилактика ишини олиб бориш белгиланган муддат бўйича давом эттирилади».
Мавзуга оид
19:07 / 13.01.2026
Ўзбекистонда суд қанчалик мустақил ва эркин? – фаоллар билан суҳбат
18:27 / 30.12.2025
Қозоғистонда ноанъанавий жинсий муносабатлар тарғиботини тақиқловчи қонун имзоланди
10:20 / 26.12.2025
2026 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун қабул қилинди
19:50 / 19.12.2025