Ўзбекистон | 10:50 / 27.02.2026
7161
9 дақиқада ўқилади

«Атиги ўнта минималка» ҳақида мақтанган қоидабузар ҳам узр сўради

Танишлари туфайли 15 суткага қамалмасдан, «кичик миқдордаги жарима» билан қутулиб кетганини айтиб мақтанган Асадбек Жумаев Uzbelas Performance номли тюнинг компанияси ишчиси бўлиб, интервюда шунчаки пиар қилганини тан олган.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 25 феврал куни кечқурун Тошкентда BMW М4 (рақами 010210ОC) автомобили йўл-патрул хизмати ходимини уриб кетгани юзасидан репортаж эълон қилди

Рулда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 16 ёшли Дониёр бўлган. 

ИИББ репортажида Дониёрнинг таниши, Uzbelas Performance автосервиси ходими Жумаев Асадбек Анвар ўғли ҳақида ҳам сўз боради. У январ ойида иккита BMW машинаси ЙПХ ходимларининг буйруғига бўйсунмасдан кетиб қолган воқеанинг иштирокчиси бўлиб, аввалроқ бу қилмиши учун «кичкина жарима» билан қутулиб кетганини айтиб мақтанган эди.

«Нотўғри иш қилганмиз. Интервю қўйган одамнинг монтажини текширибгина қўйишимиз керак эди. Лекин шу нарса ўтиб кетиб қолди. BMW X5 ва X7 автомобиллари вазиятига келсак, мен ўша моментнинг видеосини қўйганман: мана шу машиналар бизнинг тюнинг ательемиздан чиқиб, шаҳарда бўйсунмаслик ва “издевательство” қилгандан кейин, шу нарсани тарғиб қилган ҳолда видеони ўзимнинг ижтимоий тармоқларимга жойлаганман ва менга 201-1-модда бўйича 60 та минималка ёзиб беришган. Интервюда “бизга бор-йўғи 10 та минималка қилиб беришган” деганим – бор-йўғи мақтанчоқлик ва пиар орқасидан келиб чиқиб айтилган.

Интервюдан олинган сўзлар контекстдан юлиб олингани учун бу нарса тарғибга ўхшаб чиқди охирида. Биз бу нарсани умуман тарғиб учун қилмагандик. Ўша нарсага енгил қараганимиз учун ҳозир шу нарсанинг азиятини чекяпмиз. Ҳар қандай нотўғри хабар тарқатганлик учун ўзининг жазоси бор экан. Ўша ГАИ ходимининг ўрнида бизнинг оталаримиз бўлиши мумкин эди. Ҳаммадан узр сўраймиз», – деган Жумаев.

Ички ишлар вазирлиги репортажида «жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай ахборотни тарқатганлик учун жазо муқаррар» экани айтилган. Айнан қанақа жазо берилгани очиқланмаган.

Маълумот учун, МЖтКнинг 202-2-моддасига асосан, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш – БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жаримага сабаб бўлади.

МЖтКнинг 201-1-моддасига асосан эса, қонунчилик ҳужжатларини бажармасликка ёки бузишга омма олдида даъват қилиш – БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача жарима билан жазоланади.

Январдаги воқеа

2026 йил январ ойи бошида Тошкент шаҳри Шаҳрисабз кўчасида иккита BMW автомобили ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатлангани акс этган видео тарқалган эди. Иккала машинада ҳам давлат рақам белгиси бўлмаган, иккала машинага ҳам қўшимча жиҳозлар ўрнатилган. Улардан бири тезликда ўтиб кетган, иккинчиси эса секинлашиб, сўнгра ходимларга бўйсунмай ҳаракатни давом эттирган.

Ўшанда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Kun.uz'га берган изоҳида BMW'лардан бири топилиб, жаримага майдончасига жойлаштирилгани, иккинчи автомобил эса қидирувда эканини маълум қилганди.

Ўша воқеа иштирокчиларидан бири – Uzbelas Performance автосервиси ходими Асадбек Жумаев бўлган. У блогер Малик Муҳамедовга берган интервюсида ўша қоидабузарлигига изоҳ бериб, бундай қилмиш учун бошқа одам 15 суткага қамалиши мумкинлиги, у эса «кичкина жарима» – 10 БҲМ (4 млн 120 минг сўм) билан қутулиб кетганини айтиб мақтанганди.

Жамоатчилик реакцияси

25 феврал кунги ЙТҲдан кейин бу интервюдан парча интернетда кенг тарқалди ва жамоатчилик фаоллари бундай қоидабузарликларга нисбатан жим қараб турмасликка чақира бошлади.

Хусусан, АҚШнинг Ҳарвард университети профессори, иқтисодчи Ботир Қобилов давлат бундай ва исталган турдаги жиноятчиларни телевизорга олиб чиқиб, узр сўратиш амалиётларидан бутунлай воз кечиш кераклиги ҳақида ёзди:

Давлат бундай ва исталган турдаги жиноятчиларни телевизорга олиб чиқиб, узр сўратиш, уялтириш, халқимдан, қўшнимдан кечирим сўрайман дейиш амалиётларидан бутунлай воз кечиш керак. Қоида бузсам, одам ўлдирсам, қизларни зўрлашга ҳаракат қилсам ёки 15 суткада дам олиб чиқаман, ёки арзимаган чойчақа тўлаб, ёки амакимни таниши орқали қилмишимдан пушаймон едим деб қутулиб қолар эканман деб, ўйлашга имконият ҳам бериш керак эмас.

Қонуннинг ишлаши, жазонинг қонун доирасида мутлақо муқаррарлигини булар танасида, онгида, кўзида ва қулоғи билан билиши керак. Қонун-қоидани буздими – қонунда ёзилган жазо. Ёзилмаган бўлса, демак, қонун такомиллашиши керак. Бекорга Олий Мажлис, парламент деган жой бор эмас-ку.

Аёлларга жинсий тажовуз қилса-да, “лекин зўрламадим-ку” деб 3-4 кун ўтириб чиқса; кўчада ўйин қилиб тез юриб инспекторларни, мактаб болаларини уриб кетса, автомобилни қурол сифатида ишлатиб инсонлар ҳаётини хавф остига қўйса ва кейин ҳеч нарса бўлмагандек кичкина штраф билан қутулиб қолса унда биз ойнага боқиб нималар қиляпмиз ўзи деб савол беришимиз керак.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам ҳолат юзасидан телеграм-каналида серияли постлар ёзиб қолдирди:

Давлатимиз ўлибди – битта очиқ-ойдин қоидабузар жамоатчилик олдига бемалол чиқиб, уялмай, тортинмай, “менинг 100 та танишим борлиги учун енгилроқ жазо олдим”, деб қўрқмай, бехижолат айтиб турган бўлса.

Қилган ишимдан фахрланаман, деб турибди-е, тавба. Бир мамлакатда бир одам кўплаб қоидаларни қўпол равишда бузиб, шундан кейин ҳам тавбасига таянмай, қилган ишимдан фахрланаман, деб турса... давлат ўлибди. Қонун йўқ, бўлса ҳам ишламайдиган давлат – ўлибди.

Бу давлат лекин Алишер Навоийнинг ҳайкалига гапирганни, Амир Темурнинг ҳайкалига савол берганларни қамайди. Кимнингдир клипи ёқмаса, қонун йўли билан “запрет” қилади, йиллаб. Қонун йўли билан цензура ҳам қилади. Лекин мошинапараст ашаддийга келганда, шундоқ ҳам юмшоқ қонунларини тўлиқ ишлата олмайди. Уятсизлар!

Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев қонун ҳамма учун тенг бўлмаса, таниш-билиш омил бўлса, адолатга ишонч емирилишини билдирди.

Агар қоидабузар очиқчасига “менинг 100 та танишим бор, шунинг учун енгилроқ жазо олдим” деб бемалол айтаётган бўлса — бу оддий ҳолат эмас! Қонунни қўпол равишда бузган инсон афсусланиш ўрнига, қилган ишидан фахрланаётгани — жамиятда жазо муқаррарлигига ишонч сусайганини англатади. Қонун ҳамма учун тенг бўлмаса, “таниш-билиш” омил бўлса, адолатга ишонч емирилади. Энг хавфлиси — қоидабузарлик намуна сифатида кўрила бошлайди. Адолат — шунчаки сўз эмас. У амал қилгандагина қийматли.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов эса ўзининг телеграм-каналида сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида айрим авто ва мототранспорт воситаларини белгиланган тезликдан сезиларли даражада оширган ҳолда бошқараётгани ёки ўзаро пойга уюштиришаётгани ҳолатларига гувоҳ бўлаётгани ҳақида ёзди:

Бу каби ҳолатлар юқори даражада шовқин келтириб чиқаришга ҳамда йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигига таҳдид солишга сабаб бўлмоқда. Бундай ҳаракатлар тунги вақтда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бузади, шунингдек, инсонлар ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф туғдиради.

Тегишли хизматлар томонидан мазкур ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Фуқароларни қонунчилик талабларига, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга ҳамда аҳоли осойишталигини ҳурмат қилишга чақирамиз.

Бундай ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда ваколатли органларга хабар беришингизни сўраймиз.

Бу воқеалар фонида Адлия вазирлиги ноқонуний пойгаларни ташкил этганлик ва унда иштирок этганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берди. Мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 17 феврал куни манфаатдор вазирлик ва идораларга келишишга чиқарилган бўлиб, белгиланган тартибда келишилганидан сўнг, жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид