Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Совуқ ҳаво ва биринчи қор прогнози: ноябр боши қандай келади?
Ноябр ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудудига шимолдан совуқ антициклон кириб келиши туфайли ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кутилмоқда. Бу даврда республиканинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик, жумладан, биринчи қор ёғиши прогноз қилинмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, кутилмалар қишлоқ хўжалиги ходимлари ва кенг жамоатчилик учун муҳим аҳамиятга эга.
Мавсумнинг илк совуқ тўлқини
Мавсум учун хос бўлган илк жиддий совуқ антициклон кириб келади, бунинг натижасида ҳаво ҳарорати нол даражага яқинлашади. Айрим ҳудудларда кечалари ҳарорат минус кўрсаткичларгача пасайиши кутилмоқда.
“Ҳароратнинг манфий кўрсаткичга тушиши асосан шимолий ҳудудларда кузатилади. Ўзгидромет прогнозларига кўра, 3–4 ноябр кунлари шимолда ҳаво ҳарорати -3 даражагача совиши кутилмоқда", — дейди иқлимшунос.
Ушбу совуқ ҳаво оқими, айниқса, республиканинг шимолий ва тоғли ҳудудларида яққол сезилади.
Бухоро, Навоий вилоятлари, Қизилқум чўли ҳамда Қорақалпоғистон ва Хоразмда 3 ноябрдан 4 ноябрга ўтар кечаси ҳаво ҳарорати -3 даражагача, тоғли ҳудудларда эса -7 даражагача пасайиши прогноз қилинган.
15 кунлик ёғингарчилик прогнози
Европанинг ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари маркази маълумотларига кўра, 1 ноябрдан 15 ноябргача республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмоқда. Ёғин миқдори ҳудудлар кесимида турлича бўлиши башорат қилинган.
“Тоғли ҳудудларда 15–20 мм, бошқа айрим жойларда эса 7–10 мм атрофида ёғин тушиши мумкин”, — дейди Абдулаҳатов.
Бу ёғингарчиликлар, айниқса, лалми деҳқончилик учун жуда фойдалидир
Жиззахнинг лалми ерларида ҳам 10–15 мм ёғин кутилаётгани қувонарли ҳол. Бу ҳар бир гектар майдонга 150 тоннадан сув тушади дегани.
Бироқ республиканинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик деярли кузатилмаслиги ҳам мумкин.
“Афсуски, Фарғона водийсининг жанубий туманларида яқин 15 кун ичида ёғингарчилик деярли кутилмаяпти”, — қайд этади Абдулаҳатов.
Биринчи қор қачон кутилади?
Ноябр ойининг биринчи ўн кунлигида илк қор асосан тоғли ва шимолий ҳудудларда кузатилиши эҳтимоли бор.
Иқлимшуноснинг айтишича, дастлабки қор, яъни ерни қоплайдиган 2-3 см қалинликдаги қор Орол денгизи атрофларида ҳамда Ҳисор тоғ тизмаси этакларида ёғиши мумкин. Аҳоли зич яшайдиган йирик шаҳарлар аҳолиси эса биринчи қорни 15 ноябрдан кейин кириб келадиган навбатдаги совуқ ҳаво оқими пайтида кутишлари мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ноябрнинг биринчи ярми Ўзбекистонга мавсумий совуқ ҳаво тўлқинини олиб келади. Шимолий ва тоғли ҳудудларда ҳарорат манфий даражага тушиши, айрим жойларда илк қор ёғиши кутилмоқда. Ёғингарчилик миқдори ҳудудлар бўйлаб нотекис тақсимланади: тоғли ва лалми ерлар учун намгарчилик меъёрида бўлса, чўл ҳудудлари ва водийларнинг баъзи қисмларида ёғин кам бўлиши прогноз қилинмоқда. Мамлакатнинг йирик шаҳарларида эса ҳақиқий қиш манзаралари ноябр ойининг иккинчи ярмидан бошланиши эҳтимоли юқори.
Мавзуга оид
10:09
ИИББ қорли об-ҳавода ҳайдовчилар ва пиёдаларни эҳтиёт бўлишга чақирди
10:25 / 16.12.2025
Қорли совуқ кетидан қуруқ совуқ ҳаво
19:48 / 13.12.2025
14 декабрда айрим ҳудудларда ёмғир ёғади
09:30 / 10.12.2025