Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Украинада тинчликни сақлаш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилишда бетараф қолди
Ҳужжатда айтилишича, БМТ Бош Ассамблеяси Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари, жумладан, ҳудудий сувлари доирасида суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига қатъий содиқлигини тасдиқлайди. Резолюция муаллифлари АҚШ ва Европа давлатларининг ҳарбий қарама-қаршиликни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлайди.
Фото: Reuters
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи резолюция лойиҳасини қабул қилди. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бетараф қолди, Туркманистон эса овоз беришда умуман иштирок этмади.
Якунда ҳужжатни 107 давлат ёқлаб, 12 давлат (Россия, Беларус, Куба, Никарагуа, Эрон, Шимолий Корея ва Африканинг бир неча вакиллари) қарши овоз берди. Яна 51 давлат, жумладан, Марказий Осиёнинг аксарият республикалари бетараф қолди.

АҚШ ҳам Украинага ёрдам бераётгани ва можаро иштирокчиларини Украина ва Россия ўртасидаги музокараларда воситачилик қилиб, жанговар ҳаракатларни тўхтатишга фаол чақирганига қарамай, бетараф қолганлар қаторида.
Резолюция бўйича овоз бериш ўтказилган йиғилиш Украина ташаббуси билан Дания, Латвия, Греция, Буюк Британия ва Франция кўмагида бўлди. У Россиянинг қўшни давлат ҳудудида уруш бошлаганининг тўрт йиллигига тўғри келди.
Ҳужжатда айтилишича, БМТ Бош Ассамблеяси Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари, жумладан, ҳудудий сувлари доирасида суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига қатъий содиқлигини тасдиқлайди. Резолюция муаллифлари АҚШ ва Европа давлатларининг ҳарбий қарама-қаршиликни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлайди.
Шу билан бирга, Украина ва Россия ўртасида зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз ўт очишни тўхтатиш, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ мустаҳкам тинчлик ўрнатиш, ҳарбий асирларни тўлиқ алмашиш ва ноқонуний ҳибсга олинганларни озод қилиш, шунингдек, зўравонлик билан кўчирилган ёки депортация қилинган фуқароларни, шу жумладан болаларни қайтариш бўйича такрорий чақириқлар мавжуд.